Қайтар дунёми? Россиянгизга бориб, истаганингизни қилаверинг…

Қирғиз милицияси устидан шикоят қилган россияликларга жарима солингани маълум бўлди.

Бишкекда тузилиб, Россиядан Қирғизистонга келиб яшаётган бир гуруҳ фаолларни бирлаштирган “Қизил том” уюшмаси Қирғизистон милицияси устидан шикоят қилди.

Уюшманинг Инстаграмдаги саҳифасида эълон қилинган баёнига кўра, охирги ҳафтада уюшма вакиллари “ўта ёқимсиз ҳодисаларга” дучор бўлишган.

Бизни биринчи марта қўлга олишгандан кейин энди ўзимизга келаётган пайтимизда яна бизнинг дўстларимизни шаҳар марказида, кутилмаган жойда милиция тўсган ва 10-бўлимга (ИИБнинг терроризм ва экстремизм билан курашиш бўлими. – Таҳр.) олиб кетган. Бундан хулоса қилдикки, бизни таъқиб қилишяпти”, дейилади баёнда.

Бўлимда уларга “Қизил том” ҳақида саволлар беришган ва бу уюшма фаолиятига доир йиғилган кўплаган ҳужжатларни кўрсатишган. У ерда ҳар бир одамга алоҳида папкалар очилган бўлиб, ҳатто болаларнинг расмлари ҳам бўлгани айтилади.

Уларни қўйиб юборишар экан, милиция ходимлари ўзларининг Россия элчихонаси билан тиғиз ҳамкорликда ишлашаётганини, элчихона рангли лента (ноъананавий жинсий алоқа ва жуфтликлар вакилларининг камалак рангини қўллаши назарда тутилмоқда. – таҳр.) таққанларнинг ҳаммасини Россияга депортация қилиш мумкинлигини айтганини маълум қилишган.

Бундан ташқари участка милиционери ҳам келиб, уларга ўз талабларини қўйган. Инстаграмда уларнинг айримлари келтирилган:

Одамларни тўпламанглар. Сизлар турли масалаларни муҳокама қиласизлар экан. Россиянгларга борингларда, истаганча тўплайверинглар, ўша ерда нимани истасанглар қилаверинглар”.

Сизларда феминистлар ва сиёсий тутқунлар ҳақида мавзулар бўлган экан, бунинг нима кераги бор?”

Шу ерда яшаётган экансизлар, бу сизларга керакми? Агар нормал яшашни истасанглар, дўстларингиз билан учрашмоқчи бўлсанглар, нормал мавзуларни муҳокама қилинглар…”

Баёнда айтилишича, куч органлари вакиллари билан бўлган ўнлаб суҳбатларда уларга “ўткир мавзуларга тегмаслик” лозимлиги айтилган.
“Биз очиқча айтамизки, буни босим ўтказиш деб баҳолаймиз. Бизга, сўз эркинлигига ва жамоатчилик ҳаётига”, дейилади Инстаграм варақчасида. – “Биз бу аҳволда “Қизил том”нинг тақдири нима бўлишини билмаймиз”.

Уюшманинг Инстаграмдаги варақчасида кўрсатилишича, Бишкекдаги Матросов кўчасида жойлашган “Қизил том” уюшмаси турли ижодий ишлар, қўл ҳунармандчилик турлари, турли ижодий тадбирлар ўтказиш билан шуғулланади ва бу ерда жамоатчиликка доир муаммолар муҳокама қилинади.

Ва биз бу ерда яшаймиз”, дейилади варақчада.

Уюшма аъзоларининг кимлиги, неча киши экани, аъзоларининг бир-бирлари билан қандай алоқада эканликлари ҳақида маълумот йўқ.

Варақчада чинданам турли хил ижодий масалаларга бағишланган постлар бор. Улар орасида қамоқда ўтирган сиёсий тутқунларнинг судда айтган сўнгги сўзларига бағишланган кеча ҳақида эълон ҳам бор. Бу ҳақдаги эълонда Қирғизистон қамоқхонасида 2020 йилнинг 25 июлида ҳалок бўлган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг расмини ҳам кўриш мумкин. Тадбирнинг қандай ўтгани ҳақида маълумот йўқ.

Бишкек шаҳар ИИБ матбуот хизматининг 24.kg сайтига берган хабарига кўра, шикоят қилган россияликларнинг олтитасининг ҳар бирига чет эл фуқароси ўлароқ Қирғизистон қонунларида белгиланган (мамлакатда туриш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш борасидаги) қоидаларни бузганлиги учун 5500 сўмдан (60 АҚШ долларидан кўпроқ) жарима солинган.

“Чет элликларга Қирғизистон ҳудудида туриш, митинг ва йиғилишлар ўтказиш тартиби, ҳамда ирқий, этник, миллий, диний ёки минтақавий низо чиқаришга йўналтирилган ҳаракатлар, миллий ғурурни пастга уриш… каби ҳаракатлар учун жавобгарлик ҳақида тушунтирилди”, – дейилади хабарда.

Хабарда россияликларнинг шикоятларида айтилган гапларга раддия берилмаган. 

Кўп йиллар давомида Марказий Осиё, жумладан Қирғизистондан борган меҳнат муҳожирлари рус полицияси зўравонлиги ва таъмагирлигидан шикоят қииб келишади. Бунда ҳам ҳаммаси эмас, кўпчилик арзлангани ҳам қўрқади.

Лекин осиёликларнинг Россиядан Қирғизистонга келиб яшаётганлардан фарқлари бор. Биринчидан, қирғизистонликлар у ерга ишлагани боришади ва у давлатнинг сиёсати ва бошқа ишларига умуман аралашмайдилар. Россияликларнинг аксарияти эса асосан Украина билан урушга жалб этилишдан ва ўз ватанидаги сиёсий босимлардан қочиб, бу ерларга келмоқдалар. Иккинчидан, осиёликлар уларга жуда яхши муносабатда бўлишиб, бу ҳақда рус блогерлари ва муҳожирлари ҳам кўп ёзмоқдалар. У ерда эса кўпроқ бунинг акси бўлиб келган.

Ким қаерда бўлмасин, ўша давлат қонунлари ва қоидаларини ҳурмат қилиши лозимлиги олтин қоида. Аммо афсуски, охирги пайтда қисман Россиянинг таъсирида Қирғизистонда ҳам сўз эркинлиги ва бошқа инсон ҳуқуқларининг амалга оширилишига тўсиқлар қўйила бошлагани ҳам бор гап.

Оқбура, Бишкек.

Расм уюшманинг Инстаграмдаги варақчасидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг