Бакиев эмасда: Қирғизистон Украина фуқаросини Беларусга бериб юборди

Халқаро ташкилотлар қирғиз ҳукуматининг халқаро қонунларни бузганини айтишмоқда.

Собиқ Беларус фуқароси Владимир Кадария, ҳозирда Ковалев Андрей Михайлович номи билан Украина паспортига эга бўлган фуқаро Қирғизистондан экстрадиция қилинди. У Беларус ҳукумати талаби билан ушбу давлатга бериб юборилган.

Унинг адвокати Автандил Алимжановнинг “Озодлик”ка билдиришича, Қирғизистонда яшаб келаётган Кадария шу йилнинг 27 февралида президент Садир Жапаровга ўзини Беларусга экстрадиция қилмасликни сўраб мурожаат қилган, бироқ давлат раҳбари унга жавоб бермаган.

Адвокатнинг айтишича, уни Беларус томонга бериш ҳақида Бош прокуратуранинг қарори бор эди ва Кадария 4 март куни тергов изоляторидан олиб кетилган. Адвокатлар Бош прокуратуранинг қарори устидан судга шикоят қилишган, лекин пойтахтнинг Октябрь тумани суди ва Бишкек шаҳар суди бу шикоятни қаноатлантиришмаган.

Владимир Кадария Жапаровга ёзган мурожаатида Беларусдаги сиёсий таъқибдан қочиб, Украинага ўтиб кетганини ва у ерда Украина фуқаролигини олганини ёзган. Беларусдаги пайтида Кадария мухолифатчи кучлар материалларини чоп этувчи интернет-ресурснинг маъмури бўлган.

Қирғизистонга у 2022 йилнинг августида келган ва бир ой ўтиб, ҳибсга олинган эди. Бунгача ҳам у Қирғизистонга бир неча маротаба бемалол келиб кетганини айтади. Ҳибсда ўтирар экан, у Қирғизистоннинг тегишли вазирлигига мурожаат қилиб қочоқ мақомини, бу ҳақдаги гувоҳномани ҳам олган. Шунга қарамай, ўтган йилнинг декабрида суд уни экстрадиция қилиш ҳақида қарор қабул қилган.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қочоқлар иши бўйича бошқармасининг бош комиссари вакиллари Қирғизистон Бош прокуратурасига Кадарияни давлатдан чиқариб юбориш Қочоқлар мақоми ҳақидаги халқаро конвенция ва Қирғизистоннинг ички қонунларига зид эканини айтиб, Беларус ҳукумати талабини рад этишни сўрашган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ўн йилдан кўпроқ вақт давомида собиқ президент Қурманбек Бакиевни Қирғизистонга ўтказиб бериш тўғрисида 4 марта расмий мурожаат қилган. Лекин Беларус томони бу талабни ҳамиша рад этиб келади. Бакиев 2010 йилнинг апрелидаги давлат тўнтаришидан сўнг Беларусда бошпана топган. Ватанида мулки мусодара қилиниб, сиртдан 24 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Тажриба кўрсатганидек, бой одамлар ва собиқ катта амалдорлар халқаро даражада ҳам оддий одамларга қараганда ишончлироқ ҳимояланишган.  

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг