Қирғизистон-Ўзбекистон: Ўзаро келишувлар амалга ошмоқда

Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар янги босқичга чиқмоқда.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси раиси, президент маъмурияти раҳбари Ақилбек Жапаров Ўзбекистон томонининг таклифига биноан икки кунлик амалий ташриф билан Ўзбекистонга борди.

Матбуотдан олинган хабарларга кўра, ташрифнинг биринчи кунида Вазирлар маҳкамаси раҳбари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган қатор ишлаб чиқариш ва илмий-техника корхоналари фаолияти билан танишиб, Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Ақилбек Жапаров Жиззах туманидаги Манас қишлоғида истиқомат қилувчи этник қирғизлар билан ҳам учрашди. Бу қишлоқ аҳолиси қирғизлардан иборат бўлиб, Шавкат Мирзиёевнинг шахсий буйруғи билан 2018 йилда бу эски қишлоқ тўла бузиб ташланиб, 40 кун ичида унинг ўрнида янги, замонавий шаҳарча барпо этилгани билан машҳур.

Қишлоқ аҳолисининг сони 6500 киши атрофида бўлиб, улар бугун ҳамма шароитлар муҳайё қилинган.

Шунингдек Жапаров Асака шаҳридаги (Андижон вилояти) «UzAuto Motors» ҳиссадорлик жамияти заводида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Бу танишув чоғида Ақилбек Жапаров ушбу завод сармоя жалб этиш ва ишлаб чиқариш жараёнини самарали ташкил этишнинг яққол мисоли эканини таъкидлади.

Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш доирасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш зарур. Бу борада дастлабки қадамлар қўйилди. Тузилган шартномаларни тез орада амалга ошириш учун «UzAuto Motors» заводи билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръатини ошириш зарур”, – деди у.

Назарда тутилган шартномага кўра, икки давлат ҳамкорлигида Қирғизистонда ҳам автомобил ишлаб чиқарувчи завод қурилади. Асосий ҳаражатлар, жумладан ишчи ходимларни тайёрлаш масаласини ҳам Ўзбекистон ўз бўйнига олган.

Маълумот учун: Асака заводининг қурилиши Жанубий Корея билан ҳамкорликда 1994-йил июнь ойида бошланиб, 1996 йил март ойида корхонада Дамас русумли автомобиллар ишлаб чиқарила бошланди.

Айни пайтда корхонанинг учта заводида Chevrolet бренди остида Spark, Nexia, Cobalt, Lacetti (Gentra), Damas, Labo, Malibu, Tracker, Equinox, Trailblazer, Traverse ва Tahoe каби автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили корхонада 327 минг дона автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда 400 минг донагача автомобил ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Бундан ташқари Қирғизистон делегацияси аъзолари Фарғона ва Наманган вилоятларида жойлашган «Global Textile», «Fazman Textile», «Art Soft Holdings» ва «Iftihor Kiyim Sanoat» корхоналари фаолияти билан танишди.

Ақилбек Жапаров «Global Textile» фабрикасини кўриб, енгил саноат соҳаси Қирғизистон иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири эканини таъкидлади.

Шуни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг тўқимачилик саноатига сармоя жалб этиш тажрибаси ва замонавий технологик ечимлари биз учун жуда муҳим. Биз ҳам узоқ муддатли мижозларимиз орасига сиз фаол ва муваффақиятли ҳамкорлик қилаётган жаҳон брендларини қўшиш орқали ривожланишимиз керак”, – деди Вазирлар маҳкамаси раҳбари.

«Global Textile» тўқимачилик корхонаси 2018-йилда ишга туширилган ва Ўзбекистон Республикасида жаҳон андозалари даражасида калава ва трикотаж матолар ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринга эга.

Шундан сўнг, Жапаров бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси аъзолари «Art Soft Holdings» ва «Fazman Textile» компаниялари таркибига кирувчи тўқимачилик корхонаси ҳамда «Fazman Textile» компаниясининг янги корхонаси ҳамда эркаклар кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи («ADIM» бренди) бўлган «Iftihor Kiyim Sanoat» ишлаб чиқариш мажмуасининг қурилиши билан танишди.

Ақилбек Жапаров енгил саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини халқаро сертификатлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат ва тадбиркорларимиз шу жиҳатга эътибор қаратишлари керак. Тегишли дастурий таъминот билан жиҳозланган замонавий сифатли лабораториялар ўз маҳсулотларини бошқа мамлакатларга экспорт қилмоқчи бўлган барча корхоналар учун мажбурий бизнес атрибутига айланиши керак”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2023-йил бошида Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари ўртасида эришилган келишувлар натижасида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим ҳам имзоланган эди.

Унинг доирасида Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси «Fazman Textile» даражасига тўғри келадиган тўқимачилик корхонаси қурилиши учун 16 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади. Корхона Жалолобод вилоятининг Новкент туманида жойлашиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида: «Fazman Textile» тўқимачилик фабрикаси 2022-йил охирида очилган бўлиб, йилига эркаклар, аёллар ва болалар учун 1 миллион донагача костюмлар ишлаб чиқаради. Экспорт ҳажми йилига 15 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Ақилбек Жапаров шунингдек Ўзбекистон президенти маъмурияти раҳбари Сардор Умурзоқов билан ҳам учрашди. Ўзаро суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинди.

Ўйлайманки, давлат раҳбарларимиз томонидан тилга олинган ташаббус ва келишувларнинг амалга оширилиши чегарадош ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига кўп томонлама самара беради, қўшимча сармояларни жалб қилади, транспортдан фойдаланиш имкониятини мустаҳкамлайди, янги иш ўринлари яратилади ва бунинг натижасида аҳолининг турмуш шароити яхшиланади, – деди Жапаров.

Вазирлар маҳкамаси раиси, шунингдек, сўнгги 30 йил давомида икки республика ўртасидаги қардошлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш руҳида қирғиз-ўзбек муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Ақилбек Жапаров ҳар икки давлат иқтисодиётида яқин келажакда ташқи савдо айланмаси 2 миллиард АҚШ доллари бўсағасини босиб ўтиш учун етарли салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

Цемент, кўмир, рангли металлар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, маиший ва хўжалик асбоб-ускуналари, фармакологик препаратлар етказиб беришни кўпайтириш орқали бу мақсадга эришиш мумкин”, – деди у.

Ўз навбатида, Сардор Умурзоқов барча тузилган шартномалар ва тайёр лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга Ўзбекистон томони тайёр эканини таъкидлади.

Ақилбек Жапаров Тошкент шаҳридаги «Toshelectroapparat» корхонасида ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёни билан ҳам танишди. Ҳозирда «Toshelectroapparat» акциядорлик жамияти маҳсулотларидан электр тармоқлари, электр энергияси ишлаб чиқариш, темир йўл, кончилик, нефт-газ саноати корхоналари томонидан кенг фойдаланилмоқда.

Бизнинг Жалолобод вилоятида Тошкентдаги заводни зарур миқдорда бутловчи қисмлар билан таъминлашга қодир корхонамиз бор”, – деди Жапаров ва шу ернинг ўзида Жалолобод вилояти раҳбарига ҳамкорлик имкониятларини ривожлантириш бўйича вазифаларни юклади.

Ташрифнинг иккинчи куни Вазирлар Маҳкамаси Раиси бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳридаги “Технопарк” ишлаб чиқариш мажмуасига борди. Унга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамрохлик қилди.

Ушбу 103 га майдонга эга бўлган мажмуада Artel, Samsung, Shivaki, Qsten брендлари остида маиший техниканинг деярли барча турлари, саноат кондиционерлари, сув насослари, саноат маҳсулотлари ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш учун қолиплар, панел радиаторлар, қуёш панеллари билан бир қаторда эскалаторлар, лифтлар ишлаб чиқарилади.

Бундай мажмуаларни яратиш тажрибаси Қирғизистон учун фойдали бўлади. Худди шундай лойиҳани республиканинг саноат маркази ҳисобланган Чуй водийсида ҳам яратиш мумкин. Давлат бундай лойиҳани амалга ошириш учун зарур инфратузилма ва кўмак беришга тайёр”, деди Жапаров бу танишув чоғида.

Сўнгра икки бош вазир ўртасида ўтган учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, сув-энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кенг кўламли ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар чоғида томонлар жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини икки миллиард АҚШ долларига етказишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш учун барча имкониятларимиз бор ва биз йирик қўшма лойиҳаларни, хусусан, Қамбарота-1 ГЭСи ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини тез орада амалга оширишга интиламиз”, – дея хулоса қилди Орипов.

Шу билан Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг Ўзбекистонга ташрифи ўз ниҳоясига етди.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.

Расмлар Вазирлар маҳкамаси матбуот хизматидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг