Ё товба! Ғўзапоя ташвишидаги ҳоким, ўзбек тилини йиғлатган “замминистр”

Ўзбекистондаги айрим ҳокимият вакилларининг гап-сўзлари кенг муҳокамага тушди.

Мамлакатда эса бошлаган эркинлик руҳи ва имкониятлардан нафақат журналистлар ва фаоллар, балки ҳокимият вакиллари ҳам тобора дадил фойдалана бошлаганлари яхши кўриниш. Шунинг баробарида уларнинг бу борадаги фаолликлари расмийлар қаторида саводсиз, ўз вазифаларини тўла идрок қилиб улгурмаган ва маданиятсиз маданият соҳаси раҳбарлари ҳам борлигини кўрсатмоқда.

Ҳокимга бошқа иш қолмаган кўринади

Сирдарё садоси” газетаси тарқатган хабарга кўра, шу кунларда Сирдарё тумани ҳокими Ботир Мирзақулов аҳоли орасида нон ёпилмай қолгани ва шу сабабдан далаларда ғўзапоялар йиғиштирилмай қолиб кетаётганидан ташвишда. Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида ҳоким мактабларнинг юқори синфларида ўқийдиган қизларни нон ёпишга ўргатиш ташаббуси билан чиққан.

Нашрнинг ёзишича, Мирзақулов президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этиладиган “Ҳаёт мактаби” лойиҳасига муносабат билдирар экан, бу борада туман мактабларида қизларга нон ёпиш ва пишириқлар пишириш ўргатилишини маълум қилган.

Ҳоким аёлларнинг тандирда нон ёпмай қўйганидан ташвиш билдирар экан, бир неча аёлдан охирги марта қачон тандирда нон ёпгани ҳақида сўраганини айтган. Бу сўров давомида аёллар сўнгги 5 йилда нон ёпмаганини, чунки нонни бозордан сотиб олишларини айтишган.

Нашр ҳокимнинг, “Бир кун 5 соат нон пишириш ўргатилади, қандай қилиб ун, қандай қилиб сув қўшилади, қанча сут қўшилади, қандай қилиб тандирга ёпилади… Охирида шу синфда ўқиган 10 қиз, ўзлари пиширган нонлардан уйига олиб кетади. Бир кун ош пишириш ўргатилади, бир кун қатлама, бир кун манти пиширишади. Пазандачилик ўргатилади», – деган сўзларини келтиради.

Лекин туман раҳбари ўқувчи қизларнинг асосий иши – ўқишлари ҳақида гапирмаган. Қизлар мактабда 5 соат нон ва ош, манти пишириш билан банд бўлишса, бу дарсларни ўзлаштиришга қандай таъсир қилиши ҳақида ҳам фикр билдирмаган. Қизиқ, ҳокимнинг ош ва мантидан бошқа иши йўқмикин? Айниқса, мамлакатда энергетика муаммолари кучайган бир вақтда.

Она тилини менсимаган “замминистр”

Ўзбекистон маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Баҳодир Аҳмедов куни-кеча бир гуруҳ ижод аҳлини йиғиб, Тошкент шевасида, русча сўзларни қориштириб, мажлис ўтгани ҳам кенг муҳокамага тушган. Бунга Daryo.uz нашрининг 27-февраль куни маданият ва туризм вазири ўринбосарининг «Ўзбекконцерт» давлат концернида ўтказган йиғилиши пайтида олинган видео сабаб  бўлган.

Жумладан, видеода вазир ўринбосарининг, «Яна ақллили қивотти деманглару, уже мамбетга кевотти. Кекирдагини чўзади… Қатгача борасан? Нима қиласан? Мана телевидениенгам овотти, бошқа нарсангам овотти – рамкада юриш керак азгина», деган сўзларини кўриш ва эшитиш мумкин.

Аҳмедов ўзбек халқи маданияти ва менталитетига тўғри келмаган саҳна чиқишларини ҳақли равишда қаттиқ танқид қилган. Афсуски, бу нарса сўнгги пайтларда қизиқчилар орасида кенг тарқалмоқда. Лекин маданият вазири ўринбосарининг бу ҳақда айтган гапларига эътибор беринг:

«Сўзини мантиғи йўқ қўшиқлар этасан, тағин ақллили қиласан. Саҳнага чиқиб, яланғоч гаплар гапирасан, яна бировни рўкач қиласан, қани мамбу нарса, қани бу нарса, деб. Менталитетга мос ва хос бўлган, миллатни ҳурматини жойига қўядиган, ота-оналар маза қилиб кўрадиган санъатни опчиқ! Етиб келолмаяпмизми ўшанга?».

Баҳодир Аҳмедов йиғилганлардан Маданият вазирлиги, хусусан вазир фаолиятини муҳокама қилмаслик, танқид қилмасликни талаб қилган. Бу гаплар давлат бошқарувидаги очиқлик, эркинлик борасидаги бугунги давлат сиёсатига нақадар мос келиши четда туриб турсин, маданият соҳасини бошқарувчи катта амалдорнинг сўзларига эътибор беринг:

«Биттаси Ёдгор ака Саъдиевни ғийбат қипти. Ҳей, кимсан сан ҳали?! Сан [аввал] иккита ролни қойиллатиб ўйнаб қўй, одамни диёнатга чақириб қўй!».

«Вазирликни обсуждать қилишни йиғиштиринглар. Ўша вазир ҳам кўзи учиб турган жойи йўқ. Ҳозир «Халқлар дўстлиги»да 20 кун концерт қўяман деса, концерти (томоша зали демоқчи. – таҳр.) тўлади… концертини қўйса, бемалол тирикчилиги ўтади, бемалол ҳамма нарсаси етади. Йўқ, юртбоши эттими, шу жойда ўтирасан, шу аравани тортасан, дедими… уям тинвотгани йўқ».

Ана сизга маданият ходимининг савияси, мана сизга нодон одамнинг ўз раҳбарига яхшилик қилишга уриниши! Умид қиламизки, унинг бу ҳимоя усулидан Маданият вазири, миллионларнинг севимли хонандаси Озодбек Назарбековга жиддий зарар етмайди. Фақат бундай ўринбосарни у ерда ортиқ ушлаб туриш тўғри бўлармикин? 

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг