ҚАРИЯЛАРНИ ҚЎЛЛАГАН ҚАДР ТОПАДИ
Бозорқўрғон туман фахрийлар кенгаши раиси Абдуваит Тўйчиевдан мустақиллик йилларида пенсияга чиққан меҳнат ветеранларининг яшаш шароити, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ижтимоий ҳаётдаги фаолликлари ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилдиқ.
– Кексаларга эҳтиром ўзини қадрлаган жамиятга хос қадриятлардан, – дейди у. – Халқимиз кексаларни доим қадрлаб келган, чунки жамиятга хизмат қилган кишиларга қариган чоғларида ғамхўрлик биринчи даражали вазифалардан ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири жамиятда эъзозланиш ҳуқуқига эга. Халқига ҳалол хизмат қилган, ўз инсоний бурчини адо этган ҳар бир отахон ва онахон ҳурмат ва эътиборга лойиқ. Кўпни кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган ҳар бир табаррук қария уйимиз ва қалбимизнинг тўридан жой олиши керак. Туманимизда халққа сидқидил хизмат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган 19 мингдан зиёд ветеран бор. “Қарининг сўзини қопга сол” деганларидай, улар қимматли маслаҳатлари, ҳаётий тажрибалари, ибратлари билан туманнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Кенгашимиз ўз ишида кексаларнинг ижтимоий ҳимояланишига алоҳида эътибор қаратади. Ғалаба байрами, қариялар куни, Рамазон кунлари ва Қурбон ҳайитида нуроний отахон ва онахонларга, муҳтож оилаларга пул ҳамда озиқ-овқат етказамиз.
Очиғи, кенгашнинг ўз маблағи йўқ. Бизга саховатли инсонлар, корхона ва ташкилотлар ёрдам беряпти. Ўтган Ғалаба байрамининг 81 йиллигида туманимизнинг Арслонбоб қишлоғида яшаётган 102 ёшга кирган ягона Улуғ Ватан уруши қатнашчиси Мирза Далиевга Ҳукуматимиз 200 минг сўм ёнига туман ветеранлар кенгаши ҳисобидаги маблағдан 5 минг сўм қўшиб, яна мукофотлар олиб Мирза акани уйига бориб табрикладик. Фронт ортида меҳнат қилган уч нафар кексага ҳомийлар ва давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатилди, кўнгил кўтарувчи сўзлар айтиб, ҳар бирига 1500 сўмлик совғалар берилди. Бизда 100 ёшдан ошган қарияларимиз бор. Ҳар йили ҳомийлар ёрдамида ҳар бирининг уйларига бориб 2000 сўмдан пул ва совғалар топширамиз. Сузоқ туманининг Октябрь қишлоғидаги қариялар уйида 5 нафар кекса яшамоқда. Уларга ҳам ҳомийлар ёрдамида ҳар бирига 2000 сўмдан ёрдам кўрсатдик.
Туманимизда 70 та ўрта ва тўлиқсиз ўрта мактаб бор. Ўқув йили бошлангач, ўринбосарим икковимиз режа асосида мактабларга бориб, тарбиявий ишлар ҳолати билан танишамиз. Байрамларда, турли тадбирларда уруш ва меҳнат фахрийларининг ўқувчилар билан учрашувини ташкил этамиз, ўзимиз ҳам одоб-ахлоқ мавзуларида лекциялар ўқиймиз.
Кенгашимиз туман маркази, қишлоқ аймоқлари ва маҳаллалардаги масжид имомлари билан узвий ҳолатда иш олиб бормоқда. Имомларнинг намозхонлар орасида олиб бораётган диний суҳбатлари мавзуси билан танишамиз, уларнинг таклифларини эшитамиз, маслаҳатларимизни берамиз. Намозхонлар кенг ва ёруғ масжидлар қурилаётганидан, ибодат қилиш учун яратилаётган шароитдан мамнун эканликларини айтишмоқда. Бир гуруҳ қарияларимиз ислом динида йўқ айрим урф-одатлар ҳамон қўлланаётганини айтиб, уларни кескин камайтириш ташаббуси билан чиқишди. Аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ишлари натижасида марҳумни сўнгги манзилга кузатиш, уйланиш ва суннат тўйлар ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, сарф-харажатлар камайди.
Туманимизда тўрт қишлоқ аймоғи ва шаҳар мэрияси фахрийлар кенгаши фаолият юритиб, ташкилий-тарбиявий ишларни амалга оширмоқда. Улар ўз худудларидаги маҳалла комитетлари билан тиғиз алоқада бўлиб, оилавий келишмовчиликлар, аҳоли ўртасидаги турли низоларни бартараф этишга ҳисса қўшмоқда. Бундай кенгашларнинг кўплаб аъзолари ўзларининг юриш-туриши, обрўси ва аҳоли ўртасидаги таъсирчан тарбиявий ишлари билан бизга катта ёрдам беришяпти. Улар қаторига Парпибой Қаҳҳоровни, Сатилған Молдобековни, Мирзаумар Мирзаҳамдамовни, Мамасоли Қодировни қўшиш мумкин.
Фахрийларимизнинг сиҳатгоҳларга, ёз ойларида юртимизнинг гўзал масканларига саёҳатга юбориш қариялар кенгашларининг доимий эътиборида. Аввалги йилларда йигирма кишидан иборат гуруҳ икки марта Саричелакка, Сафед Булон мажмуасига, Поччаотага, Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий ёдгорликларига саёҳатга бориб келишди. Кейин яна бир гуруҳ Иссиқкўлдаги пансионатда бир ҳафта дам олиб келишди. Бу йил туман давлат маъмуриятининг, шаҳар мэриясининг, туман солиқ хизмати ва қишлоқ аймоқларининг моддий қўллови билан 18 нафар фахрий Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида уч кун саёҳатда бўлишди ва Иссиқкўл бўйидаги Балиқчи, Чўлпонота шаҳарларини томоша қилиб, дам олиб келишди.
Жогорку Кенгеш депутатлари Таалай Масабиров ва Айбек Алтинбековдан жуда миннатдормиз. Улар ҳомийлик қилиб, саёҳат ва дам олишга борётган гуруҳларни маблағ билан таъминлаб, мароқли дам олишларига ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Кексаларимизни эъзозлаш кўплаб яхшиликларга, ажр ва савобларга сабаб бўлиши ҳақ гап. Оллоҳ таоло барчамизга кексаларимизни эъзозлаб, уларнинг дуоларини олишни, улкан савобларга эга бўлишни насиб айласин.
Суҳбатни Мўйдинжон Абдумажидов ёзиб олди.
Бозорқўрғон шаҳри.
