Қирғизистон-Ўзбекистон: Бишкек кўчаларида ўзбек автобуслари қатнай бошлади
Янги автобусларни кўриб кўзлари қувонган йўловчиларга совға сифатида бир ҳафта давомида бепул хизмат кўрсатилади.
Бугун, 22 июнь куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри кўчаларида Япониянинг ISUZU компанияси белгилари туширилган янги автобуслар қатнай бошлади. Яқиндагина кичик автобус ҳайдовчиларининг бир неча кунлик иш ташлашлари оқибатида анча қийналган шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонлари бундан жуда қувондилар. Сахий ишбилармонларнинг қарорига кўра, автобуслар шу йилнинг 1-июлига қадар аҳолига бепул хизмат кўрсатишади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ISUZU автобусларининг Бишкекда пайдо бўлишини Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида янги даражага кўтарилиб бораётган ҳамкорликнинг меваси дейиш мумкин. Бишкек шаҳар мэриясининг хабар қилишича, бугун шаҳар кўчаларига 50та автобус чиқарилган. Икки эшикли бу автобусларнинг узунлиги 6,9 метр, 38 йўловчига мўлжалланган бўлиб, 16 ўриндиққа эга. Автобусларни хусусий ишбилармонлар сотиб олаётгани боис бунга давлат ёки шаҳар бюджетидан маблағ сарфланмаган. Мэрия қатнов йўналишларини белгилаб беради холос.
Автобусларни Бишкекдаги “Эко йўловчиларни ташиш” корхонаси олиб келган. Корхона Қирғизистон давлат мустақиллигининг 30 йиллигига автобуслар сонини 300тага етказишни режалаштирган. Ҳаммаси бўлиб 2021-23 йиллар давомида Бишкекка 1000 автобус келтирилади. Бу ҳақда шу йилнинг 11 майида “Самарқанд автомобиль заводи” корхонаси билан келишимга қўл қўйилган. Келишимга кўра, бузилган автобусларни таъмирлаш ишлари Компаниянинг Бишкекдаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилади. Шунингдек бу ишларга маҳаллий аҳолини жалб қилиш учун уларни ўқитиш масаласи ҳам қаралган.
Ихчамгина бу автобусларнинг қатновга қўйилиши кўп томонлама фойдали бўлиб, асосий масала – бугунги карантин шароитида кичик автобусларга (“маршрутка”) нисбатан анча кенглиги тож вируси тарқалиши хавфини камайтиради. Қолаверса йиллар давомида пойтахтда қатнаётган кичик автобуслар одатда тиқилинч, кўпинча йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига ва тозаликка риоя қилишмайди. Шу сабабли бу доимо йўловчиларнинг норозиликларига сабаб бўлиб келаётган эди.
Яқинда пойтахт аҳолисига хизмат кўрсатувчи бир неча транспорт компанияси ҳайдовчилари ўзаро келишиб олиб иш ташладилар. Уларнинг талаблари – йўлкира нархини ҳеч бўлмаганда 15 қирғиз сўмига (ҳозирда 10 сўм, яъни 1,1 АҚШ центи) ошириш эди. Бир неча кун давомида шаҳарликлар пиёда қолишиб, қиммат нархларда такси олишга, ёки иложсиз дуч келган транспортда манзилларига етиб олишга мажбур бўлишган. Орада кўнгилли ишбилармонлар турли йўналишда бепул транспорт ташкил қилиб туришди. Хусусий машина эгалари эса, ҳамроҳ йўловчиларни манзилига бепул етказиб қўя бошладилар. Ана шундай ёрдам таклиф қилинган эълонлар ижтимоий тармоқларда тез-тез берилиб турди.
Бишкек мэрияси йўлкира ҳақини кўтариш ёки тушириш масаласини 11 июлда ўтадиган сайловлардан кейин тузиладиган шаҳар кенгашигина ҳал қила олишини айтгач, иш ташловчилар хизмат ўринларига қайтган эдилар.
Мэриянинг хабар қилишича, янги автобуслар газда юришга мўлжаллангани сабабли экологик муҳитга камроқ зарар етказади. Шаҳар ҳокимлигининг фикрича, бугунги шаҳар шароитида ана шундай кичик ҳажмдаги автобусларни ишлатиш мақсадга мувофиқ. Кейинроқ, кўчалар ва автобус бекатлари кенгайтирилгач, узунлиги 12 метрли автобуслар ҳам олиб келина бошлаши маълум қилинди.
Бобур Мирзоев, Бишкек.
Суратлар Бишкек шаҳар мэриясининг Фейсбукдаги варақчасидан олинди.