Уруш ҳам чўт эмас: Россияга Марказий Осиёдан бораётган муҳожирлар сони ошмоқда

Қизиғи, Қозоғистондан бораётган меҳнат муҳожирларининг сони бошқа давлатларга қараганда кўпроқ ўсган.

Россиянинг “Коммерсантъ” нашри берган хабарга кўра, ўтган 2022 йил давомида Ўзбекистондан Россияга бориб ишлаётган меҳнат муҳожирларининг сони 2021 йилдагига қараганда қарийб 380 минг кишига ёки 35 фоиздан кўпроққа ошган.

Нашрнинг қайд этишича, умуман ўтган йили ишлаш мақсадида Россияга борган хорижликлар сони салкам 3,5 миллион кишига етган. Бу коронавирус пандемияси авжига чиққан 2021 йилдагига нисбатан 871 минг кишига кўпдир. Статистика маълумотларига қараганда, меҳнат муҳожирларининг кайфиятига Россиянинг Украинага қарши олиб борилаётган уруши, қисман ҳарбий сафарбарлик ва бу билан боғлиқ муаммолар унча таъсир қилмаяпти.
Марказий Осиё давлатларидан бораётган меҳнат муҳожирларининг сонини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, бу масалада Қозоғистон илғорлар сафидан мустаҳкам ўрин олган. Ўтган йили Россияда ишлаётган қозоғистонликларнинг сони бир йил олдингига нисбатан 118 фоиздан кўпроққа (яъни, 62 минг нафарга) ўсган. Бунинг эътиборли томони шундаки, турмуш тарзи нисбатан яхши ҳисобланган Қозоғистондан ишлагани Россияга жуда кам одам борарди.

Келтирилган маълумотларга кўра, Россияда тожикистонлик муҳожирлар сони салкам 52 фоизга (яъни 336,7 минг нафарга) ўсган бўлса, қирғизистонликларнинг сони 17,7 фоизга (84,6 минг нафарга) кўпайган. Озарбайжонликлар сони 21,1 фоизга (16,6 минг нафарга), молдоваликлар сони 87,7 фоизга (4,1 минг нафарга) кўпайган. Россияга ишлагани бораётганлар орасида туркиялик муҳожирлар ҳам бўлиб, уларнинг сони қарийб 13 фоизга (2 минг нафарга) ўсган. Туркманистонликлар сони эса деярли юз баробарга ўсгани айтилади, лекин бу сон жиҳатидан олганда бўлгани 1,6 минг нафарни ташкил қилади, холос.

Украинадаги уруш туфайли Россиянинг эркак фуқаролари бир йилдирки, мамлакатни тарк этишмоқда. Турли маълумотларга кўра, ўтган бир йил ичида ватанини тарк этган россияликлар сони бир неча юз минг кишини ташкил қилган. Фуқароларнинг бу “буюк қочиши” суръати ўтган йилнинг кузида урушга қисман сафарбарлик эълон қилинганда бирданига кўтарилган.
Шу вақтнинг ўзида Россияга бориб ишлаш истагида бўлган кишилар сони айрим давлатларда жиддий камайган. Масалан, Арманистон муҳожирлари 8,7 фоизга камайган бўлса, Украинадан келиб ишлаётганлар сони 52,3 фоизга озайган, Европа давлатларидан Сербия (19,8 фоизга камайган), Германии (19,3 фоиз), Франция (22,2 фоиз), Италия (20,8 фоиз) каби давлатларнинг фуқаролари сони ҳам камайган.

Меҳнат мигрантларининг Россияга келиши кескин қисқарган давлатлар қаторига АҚШ (29,5 фоизга камайган), Чехия (47,8 фоиз), Австрия (36,4 фоиз) ва Нидерландия (37 фоиз) каби ўлкаларни қўшиш мумкин. Бу кўп ҳолларда Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши киритилган санкциялар сабабли бўлмоқда. Чунки, санкциялар ортидан юзлаб Европа ва Америка компаниялари ўз бизнесларини йиғиштириб, Россияни тарк этишган.
Мигрантлар учун энг ёқимли бўлган ҳудуд сифатида Москва шаҳри ва вилояти кўрсатилган. Чунки Россиянинг бутун бойлиги ва бойлари мана шу ҳудудда жойлашган бўлиб, бу омил муҳожирларнинг даромадларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Четдан келаётган меҳнат муҳожирларининг 40 фоизи шу ҳудудга келишади.

Бундан ташқари Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти, Краснодар ўлкаси, Иркутск, Свердловск, Амур вилоятлари, Приморск ўлкаси, Татаристон ва Красноярск ўлкаси ҳам меҳнат муҳожирлари энг кўп қайд этиладиган ҳудудлар қаторидан ўрин олишган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг