Қирғизистонда шу куннинг саволи: Қурманбек Бакиев ватанига қайтадими?

Сиёсатчилар Бакиев ҳақида бош қотирар эканлар, ўнлаб айбсиз одамлар қамоқда қолиб келяпти.

Бугунги кунда Қирғизистонда энг кўп тилга олинаётган масала – собиқ президентларнинг Дубайдаги учрашуви бўлиб турибди. Бу тадбир жамиятда турли саволларни пайдо қилиб, у ёки бу собиқ президентнинг тарафдорлари ва рақиблари ўзаро талашиб-тортишмоқдалар. Кўтарилаётган айрим саволларга Қирғизистон президенти Садир Жапаров 21 февраль куни «Кабар» миллий ахборот агентлиги билан қилган суҳбатида жавоб бериб, собиқ давлат раҳбарлари учрашувининг айрим тафсилотларини маълум қилди.

Унинг айтишича, Дубайда ўтган собиқ раҳбарлар учрашуви олдидан Бишкекда пировардида ашаддий душманларга айланган икки собиқ дўст – Алмазбек Атамбаев ва Сўўрўнбай Жеенбековларнинг учрашуви ташкил этилган. Жапаров уларнинг ўзаро ярашишгани ва бир-бирларини кечиришганини эътироф этган. У чинданам Дубайда ҳамма президентлар бўлиши ҳақида учрашув иштирокчиларига айтилмаганини тан олди. Бу ҳақда аввалроқ Атамбаев норози бўлиб гапирган эди.

“Биз уларга бир-биримиз ҳақида (яъни, учрашувга ҳамма собиқ президентларнинг келиши ҳақида) айтмадик. Бу тўғри. Бўлмаса, баъзилари учрашувга келмасди”, – дея тушунтирган бу ҳолатни Садир Жапаров.

Учрашувни уюштиришдан мақсад ҳақида яна бир бор гапирар экан, президент, “бу учрашувни ташкил қилиш учун фақат битта сабаб бор эди – ўзаро келишувга эришиш”, – деди.

«Раҳбарлар бир тўхтамга келмагунча, қолганлар (уларнинг тарафдорлари) билан қийин бўлади. Шунинг учун улар (собиқ президентлар) ўз тарафдорларини тинчликка чақиришлари керак”, – деди Жапаров.

Жапаровнинг сўзларига кўра, тўрт соатга яқин давом этган мулоқот давомида собиқ президентлар унинг ташаббусини қўллаб-қувватлашган.

Суҳбат давомида Жапаров жамиятнинг бир қисмини қувонтирган, яна бошқа бир қисмини ташвишга солган масала – собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ватанига қайтиб келиши эҳтимоллиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди. Маълумки, Бакиев Қирғизистон суди томонидан сиртдан 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бунгача Бош прокуратура агар у мамлакатга келгудек бўлса, қамалиши ва жиноий жавобгарликка тортилиши кераклиги ҳақида бир неча бор айтган.

Жапаровнинг сўзларига кўра, Дубайдаги йиғилишда у 13 йил ичида Бакиевнинг Бош прокуратура томонидан экстрадиция қилиш масаласи бўйича 4 марта Беларус раҳбариятига мурожаат қилгани ва ҳар сафар рад жавобини олганини эслатган. Жапаров Дубай учрашувининг айнан Бакиевни ватанига олиб келиш учун уюштирилгани ҳақидаги даъволарни рад этди, лекин бу масаланинг ижобий ҳал бўлиши мумкинлигини қатъий рад этмади.

“Конституциямизнинг 66-моддасига кўра, “президент халқ ва давлат ҳокимияти бирлигини таъминлайди”, мен ўз вазифамни бажараман, – деди у. – Жавобгарлик масаласига келсак, ҳар ким ўз айбига Худо, тарих ва қонун олдида жавоб беради. … [Агар биз] уни қайтармоқчи бўлганимизда, ҳаммани Дубайда эмас, Бишкекда тўплаган бўлардик”.

Бугунги кунда Бакиевдан бошқа барча собиқ президентларнинг Бишкекка кела олиши мумкинлигини эътироф этган Жапаров Қурманбек Бакиевга нисбатан суд қарори борлигини ва агар у мамлакатга қайтиб келса, қамоққа олиниши кераклигини эслатди.

“Биз суд қарорига бўйсунишимиз керак”, – деди Жапаров.

Тажриба кўрсатиб турибдики, Ақаев давридан бери судлар юқори раҳбариятнинг сўзини икки қилмай келади. Буни яқинда Атамбаевнинг кутилмаганда суд томонидан озод этилиб, даволаниш учун чет элга чиқиб кетишига рухсат берилиши ҳам яна бир бор тасдиқлади. Худди шунингдек, агар жамият буни ортиқча ғалвасиз қабул қилишига амин бўлса, ҳокимият Бакиевга нисбатан ҳам суд қарорини осонгина ўзгартириши мумкин.

Қолаверса, мамлакат жанубидаги аҳоли деярли тўлалигича Бакиев тарафдори, бошқа минтақаларда ҳам Бакиевнинг қайтишини истаганлар етарли. Энди гап – бунга қарши бўлганларни ҳовридан тушириб, зарур бўлган шарт-шароитни яратишдан иборат. Вақт – энг кучли ҳакам деганларидек, яқин йиллардаям Асқар Ақаевнинг Қирғизистонга қайтиши умуман мумкин бўлмаган ишдек кўринарди. Эндиликда у бемалол юртига келиши ва ҳатто шу ерда яшаши ҳам мумкин. Бунгача у “Қумтўр” олтин конига доир иш бўйича кўрсатма бериш учун Қирғизистонга икки марта бемалол келиб кетган.

Суҳбати сўнггида Садир Жапаров Дубайдаги каби учрашувларнинг давом этишини ва бугунги кунда барча сиёсатчиларнинг муроса столи атрофида ўтиришга тайёр эканини айтган.

Хулоса қилиб айтганда, собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўз юртига қайтиб келиши ҳам вақтга боғлиқ бўлиб қолди. Вақти келиб, унинг энг ашаддий рақиби ва ҳатто душмани бўлган Алмазбек Атамбаев ва Рўза Ўтунбаева ҳамда уларнинг айрим сафдошлари ҳам муросага келишлари аниқ. Чунки уларга қарши ҳам мамлакатда бўлиб ўтган уч давлат тўнтариши ва 2010 йилнинг июнида Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалар бўйича саволлар етарли.

Айнан шу саволлар номи аталган сиёсатчиларнинг муросасозроқ бўлишларига туртки бериши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Лекин мустақилликнинг 30 йили ичида мамлакатда юз берган бош-бошдоқликлар туфайли жабрланганлар, ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва ҳанузгача “июнь воқеалари иши” бўйича туҳмат ва исботланмаган айбловлар асосида қамоқда ўтирган оддий фуқароларнинг тақдири нима бўларкин? Уларни ким Дубайдаги каби ҳашаматли меҳмонхонада тўплайди ва қандай куч уларнинг қилмаган гуноҳларини “кечириб”, эркинликка чиқаради?

Бундан ташқари асоссиз жиноий ишлар очилиб, қидирувга берилган, сиртдан турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва шу сабабадан дунёнинг турли мамлакатларида бошпана излаб юрган оддий одамларчи? Ким уларнинг дардига қулоқ солади? Қайси одил суд уларнинг ишини холислик билан қараб, бу одамларнинг аслида золим эмас, аксинча, мазлум эканини тан олади?

Умид қиламизки, бугунги раҳбарият мана шу масалани ҳам эътиборидан қочиргани йўқ ва яқин вақт оралиғида мамлакатда афви умумий эълон қилиниб, умрбод қамалганлар ҳам, қамалиш хавфи остида чет элларда юрганлар ҳам ўз ота-оналари ва болалари бағрига қайтадилар.

Муроса – жуда яхши сўз, лекин бу нарса нафақат собиқ президентлар ва уларнинг тарафдорлари, балки бутун миллат ва жамият, ана шу жамиятнинг турли миллат ва элатларига мансуб бўлган аъзолари орасида ҳам бўлиши керак. Айнан шу нарса – юрт келажаги ва истиқболининг асоси, тамал тоши бўлиб қола олади.

 

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг