Дўстликка раҳна солаётган “Достуқ”: Чегара постида яна таъмагирлик

Қирғизистон расмийларининг биргина чегара постида тартиб ўрнатиб қўйишга кучи етмаяптими?

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, маданий ва дўстлик алоқаларининг кун сайин ижобий томонга ўзгариб бораётганидан ҳар икки давлат фуқаролари жуда мамнун. Мамлакат президентларининг яқинда Бишкекда ўтган олий даражадаги учрашувидан сўнг бу алоқаларга янги куч, янги руҳ ва амалий ҳаракатларга катта туртки берилди.

Афсуски, битта нопок бузоқ бутун молхонани бузганидек, айрим давлат ходимлари ҳамон ўз нафслари йўлида икки давлат, икки халқ ўртасида мустаҳкамланиб келаётган ўзаро ишонч ва дўстлик муносабатларига доғ туширишда давом этяптилар. Улардан энг кўп тилга олингани – Қирғизистоннинг Ўш шаҳри яқинидаги “Дўстуқ” (“Дўстлик”) чегара бекати ходимларидир. Бу ҳақда яна бир бор журналист Шоҳруҳ Соипов ҳикоя қилади.

***

Мен куни-кеча, Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги “Достуқ” – “Дўстлик” чегара пункти орқали ўз давлатига ўтаётган ўзбекистонликлардан чегарачилар турли баҳоналар билан пул олаётгани ҳақида ўтказган журналистик суриштирувимни эълон қилдим. Ушбу суриштирувни ўтказишимга сабаб, менга бир нечта Ўзбекистон фуқароларининг Қирғизистон чегарачиларидан норози бўлиб қилган мурожаатлари бўлди.

Хўш, қўшни давлат фуқаролари қирғиз чегарачиларидан нега норози?

Таъмагирларнинг юраги иккитами?

Ҳориждан Ўш аэропортига учиб келиб, номи тилга олинган чегара пости орқали ўтаётган ўзбекистонликларнинг таъкидлашича, у ерда пул талаб қилиш асосан тунги вақтларда бўлмоқда.

Исроил исмли йигит Россиядан Ўшга учиб келиб, тунда чегарадан ўтаётганда, қирғиз чегарачисига пул бермагани учун калтак еганини айтади. Шундан сўнг ноилож пул беришга мажбур бўлган.

“Чегарачи мендан пул сўради. 100 сўм берсам, муштлади. Муҳр қўяётган шеригига менга декларация тўлдиришини айтди. Паспортимни берсам, бир четга ўтиб тур, деди. Кейин яна мени чақириб, бошлиқ олдига бор, деди. Эшик ёнида ўтирган хўжайини экан. Борсам, ўзингга ўхшаб олдимга кел, 1000 қирғиз сўми бер, деди. 1000 сўмим йўқ десам, қанча пулим борлигини сўради”, дейди юзини кўрсатмаслигимни илтимос қилган суҳбатдошим.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон чегарачилари одамлар билан савдолашиб, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам пул олишга ҳаракат қилаяпти.

“200 сўмим бор десам, 500 сўм қилиб олиб кел, деди. Ёнимда 50 минг сўмча бор эди. У пулдан бергим келмади, чегарада биз билан ўтаётган опадан 300 сўм сўраб олиб келиб, ўзимдаги 200 сўмга қўшиб бердим, кейин чегарадан ўтказиб юборди. Улар одамларни масхара қилишяпти. Биз ҳаммамиз мусулмонмиз-ку, бунчалик қилишлари шарт эмас”, дея ҳафа бўлади Исроил.

Қирғизистоннинг иккинчи пойтахти ҳисобланган Ўш шаҳри аэропорти йўловчиларни ташиш бўйича Фарғона водийсидаги йирик аэропортлардан ҳисобланади. Ички қатновлардан ташқари, ҳар куни Россия шаҳарларига 10 дан ортиқ самолёт учади. Шунингдек, Туркиянинг Истанбул шаҳри ва араб мамлакатларидан Қувайтга, Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа ва Дубай шаҳарларига ҳам парвозлар бор.

Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортининг Фейсбукдаги расмий саҳифасидаги маълумотларга кўра, 2022 йилда Ўш халқаро аэропортида жами 16 600дан кўпроқ қатнов амалга оширилган. Йўловчилар оқими эса қарийб 2 млн. 340 минг нафарни ташкил қилган.

Ўш аэропортидаги бундай кўп қатнов ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш кўрсаткичи қўшни давлат – Ўзбекистон фуқаролари ҳисобидан экани ҳам айтилади.

Аэропорт сайтидаги маълумотга кўра, ҳар тунда хориждан Ўшга ўртача 5та самолёт келиб қўнади. Ҳар бир қатновда ўртача 30 нафар йўловчи ўзбекистонлик бўлганда ҳам, бир кечада “Достуқ” чегара пунктидан 150 нафар Ўзбекистон фуқароси ўтади.

Туркиянинг Истанбул шаҳридан Ўшга учиб келган Оловиддин, тонг соат 6лар чамасида “Достуқ” чегара пунктидан Ўзбекистонга ўтади. Қирғизистон чегарачилари ундан ҳам пул талаб қилишган.

“Аскарлар одамлардан пул олмоқда. Ҳаммага очиқча қанча пул бериши лозимлигини айтаяпти. Бир бола, “Акам чегарадан ўтиб кетди, ёнимда пулим йўқ” деганди, нега ёлғон гапирасан деб, уни бизнинг кўз ўнгимизда урди, ҳамма кўрди. Кейин бизни ичкарига, паспорт текширув хонасига киргизди. Яна бир бола Россиядан келаётган экан, у мамлакат фуқаролигини эндигина олибди. Чегарачи сен ўзбек бўла туриб, нега Россия фуқаролиги билан келяпсан, деб ундан ҳам кўп пул олди”, дейди суҳбатдошим.

Оловиддин ҳам бошқалар қатори чегарачиларга пул беришга мажбур бўлган.

“Ҳа, мен ҳам пул бердим. Менга 50 минг ўзбек сўми берасан, деди. Менда бундай пул йўқ эди, чўнтагимдаги 5 долларни бердим. Кейин ўтказишди”, дейди у.

Таҳририятдан: Номи тилга олинган чегара постидаги таъмагирлик ва порахўрлик ҳақида кўп айтилади, ёзилади. Расмийлар ҳар бир хабардан сўнг у ерни текширган бўлади, одатда маълумотлар тасдиғини топмайди. Шикоятлар эса яна давом этаверади.

Бугунги кунда Қирғизистонда коррупция, хусусан порахўрликка қарши қаттиқ кураш кетаётганини ҳамма кўриб, эшитиб турибди. Деярли кун ора қандайдир бир амалдорнинг пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар тарқайди. Улар орасида юқори лавозимдаги шахслар ҳам бор. Вазирлар, ҳатто собиқ президентлар жавобгарликка тортилиб турган бир пайтда оддий чегарачилар бемалол, жилмайиб, кўз қисиб туриб таъмагирлик қилаётганига хайрон қоласан. Бундай хотиржамликнинг сабаби нима, ёки қирғиз чегарачиларининг юраги иккитами?

Пулни чегара постининг қаерида олишаяпти?

Суҳбатдошимнинг айтишича, таъмагирлар пулни паспорт текширув хонасига кирмай туриб, ташқарида олишаяпти. Чунки у ерда камералар бор, пулни қўлига бера олмайсиз. “Паспортингизни олиб, қайтариб беришади, агар унга пул солиб бермасангиз, сени депортинг боракан, каби ҳар хил баҳоналар билан кўз қисиб қўяди. Бу “пул бер”, дегани. Менга, “50 000 сўм (ўзбек пулига) берасан”, деди, – дейди йўловчи. – Мен биринчи марта бу чегарадан ўтаётган бўлсам, қандай қилиб депортим бўлиши мумкин? Энди 18 ёшга тўлганман, чет давлатга илк бор чиқишим, дедим.

Суҳбатдошимга, “Чегарачилар пул олаётгани ҳақида у ерда кўрсатилган ишонч телефонига қўнғироқ қилмадингизми?”, дея савол узатдим.

“Ундай қилишнинг иложи йўқ. Сабаби, бизни паспорт назорати зонасига кирмасдан туриб, ташқарида, эшик остида ушлаб туришади. У ерда ҳам ишонч телефонларини кўрмадим. Балки биринчи марта ўтаётганим сабабли кўрмагандирман…”

Бу борада тажрибам бўлгани боис унга, “Сиз билан ушбу суҳбатимизни интернетда эълон қилинганимдан кейин, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сизни ариза билан мурожаат қилса, чегарадаги порахўрлик фактини текширамиз, дейишади. Ариза ёзасизми?” – деб сўрадим.

“Албатта, ариза ёзаман. Бу менинг биринчи марта ўтишим. Балки (бундан кейин) тез-тез ўтарман, бошқа ишларим билан ҳам келиб-кетарман”, деган жавобни олиб, суҳбатдошимдан рози бўлдим. Чунки кўпинча одамлар қўрққанидан бунга рози бўлишмайди.

Ўз кўзим билан кўрганларим

Юқоридаги суҳбатдошларим айтган иддаолар қанчалик тўғри ёки ёлғон эканини билиш мақсадида ўзим кечаси “Достуқ” чегара постига бордим. Россиядан учиб келган ўзбек боланинг сумкасини кўтариб, улар билан бир қаторга турдим. Қирғизистон чегарачилари паспорт назорати хонаси ёнида турган ўзбекистонликлардан паспортлари ичига пул солиб, ичкарига киришларини сўрашмоқда.

Афсуски, ўзбекистонликлар билан узоқ вақт бир қаторда қола олмадим. Сабаби, паспортимни текширган чегарачи Қирғизистон фуқароси эканлигимни кўриб, бошқа хонадан ўтишимни айтди. Бу ердан ўтиб кетаман, десам рози бўлмади.

Қисқаси, Қирғизистон чегарачилари чегарадан ўтаётган ўзбекистонликлардан пул олаётганига шахсан гувоҳ бўлдим ва чегарадаги вазиятни қўл телефонимга видеога туширдим.

Расмий маълумотларга кўра, “Достуқ” чегара пункти орқали ҳар куни 20 мингдан ортиқ одам ўтади. Улардан қанчаси Ўзбекистон фуқаролари экани номаълум.

Икки давлат президентлари муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилаётган бир пайтда, чегарадаги бундай кўринишлар одамни энсасини қотиради. Уларни зудлик билан бартараф қилиш керак.

Бу сафар чора кўрилармикин?

Чегара постидаги порахўрлик бўйича ўтказган суриштирувимни Ютубга жойлаштириб, Фейсбукдаги саҳифамда эълон қилганимдан кейин, энг аввало Қирғизистон Чегара Хизмати тарафидан реакция бўлиб, ундан кейин чегарадаги ҳолат юзасидан Ҳарбий Прокуратура тергов ишларини олиб бораётгани маълум бўлди ва менга сўроққа келишим учун интернет орқали чақирув қоғози ҳам юборилди.

Мен ҳозирда Германияда малака оширишда эканимни, иложи бўлса, интернет орқали кўрсатма бериб, ўзимдаги мавжуд маълумотларни юборишим мумкинлигини айтдим.

Шу вақтнинг ўзида менга ва яқинларимга тазйиқлар ўтказиш ҳам бошланди. Ижтимоий тармоқ орқали, Вотсапп рақамимга номаълум шахслардан қўнғироқлар бўлиб, таҳдидлар кела бошлади.

Ўшдаги уйимга Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходими келиб, укамдан мен ҳақимда сўраган. Акамнинг иш жойига ҳам номаълум шахслар келиб, менинг қаерда эканимни билишга ҳаракат қилишган. Шундан кейин акамнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига бузиб кириш учун ҳаракатлар ҳам бўлиб, унинг қўл телефонига тинимсиз смс хабарлар келган.

Мен юқоридаги таҳдидлар бўйича яқин кунларда милицияга ариза билан мурожаат қиламан, албатта. Зотан, чора кўрилишига умид йўқ бўлсада.

Ўтган йилнинг июль ойида ҳам Ўш аэропорти ва “Достуқ” чегара пости яқинидаги такси ҳайдовчилари Ўзбекистон фуқароларини қўрқитиб, манзилига ўта қиммат нархди элтиб қўяётгани ҳақида ёзганимда ҳам, менга ва оиламга нисбатан таҳдидлар кучайган. Хавфсизлигимни таъминлашни сўраб, милицияга ёзган аризамдан эса наф бўлмаган.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура, Ўш-Берлин.

Видео муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг