Уруш ҳиди анқиган паспорт: Россия фуқаролари учун чегаралар ёпилдими?

Россия паспортини олган меҳнат муҳожирларини урушга жўнатишлари мумкин. 

Бир пайтлар зўр машаққатлар билан, катта пул эвазига Россия паспортини олган Марказий Осиё давлатлари, жумладан Қирғизистон фуқаролари энди бу ишлари учун пушаймон бўлмоқдалар. Чунки Россия расмийлари турли даражада Россия фуқаролигини олган меҳнат фуқароларини Украина урушига жўнатиш лозимлиги ҳақида гапира бошладилар.

Москванинг Украинадаги урушга янги ҳарбий сафарбарлик эълон қилинишидан қўрққан кўплаб меҳнат муҳожирлари ўз ватанларига қайтиш тараддудига тушиб қолдилар. Аммо Россия паспортини олган ва шу сабабдан бу мамлакатда ҳарбий хизмат ўташга бурчли бўлган айрим муҳожирлар сўнгги кунларда Россиядан чиқиб кетишга рухсат берилмаётганини айтишмоқда.

Россияда ҳарбий хизматга яроқли фуқаролар учун чегараларни ёпиб қўйиш таклифи айтилмоқда, лекин бу ҳақда ҳали расмий қарор қабул қилингани йўқ. Табиийки, рус фуқаролари урушга жўнатиш хавфидан омонда қолиш учун имкон қадар Россияни тарк этмоқдалар. Норасмий маълумотларга кўра, ўтган қарийб бир йил ичида Украина-Россия урушида ҳар икки томондан 100 минг нафаргача аскар ҳалок бўлган.

Бир неча йил аввал Россия фуқаролигини олган қирғизистонлик Бекболот 2022-йилнинг 22-декабрида юртига, Қирғизистон пойтахти Бишкекка йўл олди. Аммо у Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлганида россиялик чегарачилар томонидан тўхтатилган.

“Россия чегарачилари менга жуда мулойимлик билан, “сиз сафарбарлик рўйхатидасиз, қонунга кўра сиз 12-февралгача чет элга чиқа олмайсиз”, деб тушунтиришди”, – деди Бекболот 17-январ куни “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматига.

Ўзининг тўлиқ исмини айтишни истамаган москвалик меҳнат муҳожири 24-февралда Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаган рус қўшинлари сафида Украинага жангга бориши кераклигини истисно қилмайди.

Ёши 50 дан ошган Бекболотнинг сўзларига кўра, сафарбарлик бошлангандан кейин унинг Россия фуқаролигини олган қирғизистонлик танишлари ҳарбий чақирув пунктларига чақириқ қоғозлари олишган. У айрим рус фуқаролиги бор қирғизистонликларни 60 ёшга яқинлашиб қолган бўлса ҳам Украинага жўнатишгани ҳақида эшитганини айтади. Унинг айтишича, “деярли 60 ёшдаги” бир неча қирғизистонлик эркаклар ёши катта бўлишига қарамай, Украинага жўнатилган.

Бекболот яқинда ўзининг ҳам Москвадаги ҳарбий хизматга чақирилганини айтди, аммо аниқ санасини айтмади. Унинг сўзларига кўра, уни сўроқ-саволдан кейин Қуролли кучларда хизмат қилишдан қочадиган бўлса қаттиқ жазоланиши ҳақида огоҳлантириб, қўйиб юборишган.

«Менга очиқ айтишди. Сентябрдаги сафарбарлик вақтида ҳам, ҳозир ҳам Россиядан ташқарига чиқиб кетганларга жавобгарлик катта бўлиши ҳақида огоҳлантиришди. Нафақат муҳожирлар, балки ўзларининг миллатдошларига ҳам шафқат бўлмаслигини, Федерал хавфсизлик хизмати уларни «ернинг тагидан бўлса ҳам топиб чиқишини» айтишди. Менимча, бу сафарги сафарбарлик аввалгидек очиқ эмас, аммо жиддий бўладиган кўринади», – деган фикрни билдирган у.

На «Озодлик» радиоси ва на биз Бекболотнинг даъволарини мустақил равишда тасдиқлай олмаймиз, бироқ бошқа Россия фуқаролигини қабул қилганлар ҳам чегарада тўхтатилгани ва Россиядан чиқарилмаганини айтишмоқда.

Масалан, Сибирнинг Сургут шаҳрида меҳнат қилаётган тожикистонлик Зафар исмли йигит “Озодлик” билан суҳбатда унинг Россия фуқароси бўлган 33 ёшли амакиваччаси чегарада Қозоғистонга ўтказилмаганини айтган.

“Уни Сургутга қайтариб юборишди, у билан бирга кетаётганларга эса Россия паспорти бўлмагани учун уйларига [Ўрта Осиёга] қайтишга рухсат беришди”, – дейди ўзини тўлиқ таништиришни истамаган Зафар. – «Чегарачилар менинг амакиваччамга чақирув ёшидаги россиялик эркаклар ҳозир чет элга чиқа олмаслигини айтишибди».

Биз суҳбатда бўлган бир неча асли қирғизистонлик, лекин ҳам Қирғизистон, ҳам Россия паспортига эга бўлган муҳожирлар ҳали чақириқ қоғози олишмаганини, лекин яқин кунларда ўзларини урушга жўнатишлари мумкинлигидан қаттиқ хавотирда эканини айтишди.

Яна сафарбарликми?

Маълумки, рус ҳукумати ўтган йилнинг охирида Украинадаги урушга расман 300 минг, норасмий маълумотларга кўра эса 500 минг атрофида фуқароларни сафарбар қилган. Москва яна ҳарбий хизматга чақиришни режалаштираётганини рад этади. Бироқ Украина ва Европа давлатлари разведка хизматлари ва экспертлар яқин орада Россия яна ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар. Бу Россияга Марказий Осиё давлатларидан борган, бугунги кунда Россия паспортига эга бўлган меҳнат муҳожирлари ўртасида қаттиқ хавотир уйғотган.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг яқинда Россия фуқаролигини қабул қилган меҳнат муҳожирларининг Украинага қарши урушда қатнашишга бурчли эканини айтгани бу хавотирларни янада кучайтирди.

Россия матбуотига 13 январь куни берган интервьюсида Бастрикин сўнгги беш йил ичида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан 550 мингга яқин фуқаро Россия паспортини олганини айтди. Унинг сўзларига кўра, биргина 2022 йилнинг биринчи ярмида ушбу уч давлатдан 60 мингдан ортиқ катта ёшдаги муҳожирлар Россия фуқаролигини олишган.

Улар энди мамлакатни ҳимоя қилишга бурчли, дея қўшимча қилди Бастрикин.

Шунингдек, бу амалдор муҳожирларни Украинадаги расман “махсус ҳарбий операция” деб аталадиган урушга жалб қилиш учун уларга Россия фуқаролигини енгиллаштирилган тартибини таклиф қилиш ва бошқа имтиёзлар бериш кераклигини айтган.

Умуман олганда охирги пайтда Россиянинг турли даражадаги расмийлари, жумладан Давлат Думаси депутатлари ҳам меҳнат муҳожирларини Украина урушига жалб этиш лозимлиги ҳақида тез-тез гапириб туришибди. Айтидан, бу билан улар муҳожирларни ва уларнинг яқинларини психологик томондан ана шу беъмани урушга боришга мажбур бўлишлари муқаррар эканига тайёрламоқдалар. Марказий Осиё давлатлари расмийлари эса ўз фуқароларини бу урушда иштирок этишдан қайтариб, бунинг учун ўз юртларида жиноий жазога тортилишлари ҳақида огоҳлантирмоқдалар. Аммо норасмий манбаларнинг айтишича, бу давлатлар Россия фуқаролигини олган юртдошларини урушга боришдан сақлаб қолиш учун бирор чора кўришдан ожизлар. Чунки Россия фуқаролигини олиш билан улар ихтиёрий равишда нафақат ҳуқуқ, балки бу давлат олдидаги бурчларни, жумладан, уни ҳимоя қилиш бурчини ҳам олганлар.

Қолаверса, Россия Қирғизистон билан қўш фуқаролик тўғрисидаги шартномага эга эмас ва шунинг учун Россия ўз фуқаролигига қабул қилган муҳожирларни Қирғизистон фуқароси сифатида тан олмайди. Минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳам аҳвол шу.

Қирғизистонлик сиёсатчи Эмилбек Каптағаевнинг фикрича, Россия ўз фуқароларига ўзининг қонунлари асосида муносабатда бўлишга ҳақли ва Россия ҳукумати ўз фуқароларини ҳатто Қирғизистонда туғилган бўлса ҳам армияга чақирса, Қирғизистоннинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.

“Дарҳақиқат, назарий жиҳатдан ҳар бир фуқаро ўз ватанига хизмат қилиш учун қонуний мажбуриятга эга, – деди Каптағаев. – «Россия ҳукумати уларга, сиз этник русмисиз, қирғизмисиз, уйғурми ёки дунганмисиз, [бундан қатьи назар], сиз Россия фуқаросисиз, шунинг учун сиз давлат олдидаги мажбуриятларингизни бажаришингиз шарт деб айтишади».

Украинадаги уруш учун Россия армияси сафига Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан қанча меҳнат муҳожири жалб қилингани маълум эмас. Сўнгги пайтда битта-иккита бўлсада, бу мамлакатдан борган фуқароларнинг урушда ҳалок бўлгани ва юртига олиб келиб дафн этилгани ҳақида маълумотлар чиқиб турибди.

Шу вақтнинг ўзида урушда минглаб аскарлар бедарак кетмоқда. Аниқроғи, улар ҳалок бўлиб, жасадлари нотайин жойларда қолиб кетган, балки асирга тушганлари ҳам бордир, лекин улар ҳақида Россияда аниқ расмий маълумот йўқ. Украина томон рус аскарларининг жасадларини имкон қадар музлатгичларда сақлаётганини айтиб, рус ҳукуматига уларни олиб кетишни таклиф қилмоқда, бироқ Россия бунга шошилмаяпти.

Ўрта Осиёдан Украинага фуқаролиги бўлмаган муҳожирлар ва ҳатто маҳбуслар юборилгани, баъзилари рус қўшинлари орасида пудратчи сифатида жанг қилгани, бошқалари эса Россия босиб олган ҳудудларда ҳайдовчи ёки қурилиш ишчиси бўлиб ишлаётгани ҳақида хабарлар бор. Уларнинг сони номаълум.

Паспорт олиш жараёни давом этмоқда

Россия Украинага қарши ҳужум бошлаганидан ярим йил ўтиб, 2022-йилнинг 21-сентябрида Россия «қисман сафарбарлик» эълон қилишга мажбур бўлган. Бу ҳақда президент Путиннинг фармони эълон қилиниши билан ўша куниёқ аскар ёшидаги россияликларни мажбурий равишда уйларидан урушга олиб кета бошладилар. Қўлига чақирув келмаганлари эса оммавий равишда мамлакатни тарк эта бошладилар.

Ўша кунлари 1-2 кун ичида Россиядан кетиш мумкин бўлган барча давлатларга ҳаво қатновига барча чипталар сотиб бўлинган. Чипталар нархи 10-15 баробар ошиб кетганига қарамай, одамлар жон сақлаш учун уларни талашиб сотиб олдилар. Қозоғистон, Арманистон ва Грузия каби чегарадош давлатлар чегараларида сафарбарликдан қочаётган рус эркакларининг узун навбатлари вужудга келди.

Норасмий маълумотларга кўра, бугунги кунда ярим миллионга яқин рус фуқаролари Марказий Осиё, Туркия ва бошқа давлатларда қочиб юришибди. Афтидан рус ҳукумати иложсизликдан урушга меҳнат муҳожирларини сафарбар қилишга ҳаракат қилиб, уларни ўзлари кутмаган урушга боришга тайёрламоқдалар.

Сафарбарлик бошланган кунлари таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларини Москвадаги «Сахарово» муҳожирлар марказида ҳарбий хизмат ўташ бўйича келишувга алдаб қўл қўйдиришаётганини билдирган.

Ўша вақтда, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати мазкур мамлакатдаги ўз фуқароларини бошқа давлатларда уруш ва бошқа қуролли ҳаракатларга қатнашган тақдирда, жиноий жавобгарликка тортилишини эслатган. Шунингдек Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги қирғиз фуқароларига уруш ҳаракатларига чақирув келса, дарҳол элчиликка мурожаат қилиши кераклигини сўрашган.

Россия ИИВнинг маълумотига кўра, 2022-йилнинг олти ойида 10,6 минг қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган. Афтидан улар, уруш бошланишидан олдин паспорт олиш учун ҳужжатларини топширганлар бўлса керак. 2021-йилнинг шу ойларида Россия фуқаролигини 8,4 минг қирғизистонлик олган. Шу кунларда Россия паспортини олиш учун ариза берган фуқаролар борми-йўқлиги ҳақида маълумот йўқ.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг