Янги қонун лойиҳаси: Ўқитувчининг қадр-қиммати 1000 сўмга баҳоландими?

Яхши ният билан бошланган ташаббус тескари натижаларни беришидан хавотирлик бор.

Қирғизистон парламенти 2023 йилнинг 12 январида янги қонун лойиҳасини қабул қилди. Унга кўра, ўқитувчиларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида Қирғизистон Республикасининг жиноят кодексига ўзгартириш киритиш таклиф қилинган.

Жўғўрқу Кенеш депутатлари ўқитувчиларни ҳақорат қилганлик учун жазони назарда тутувчи бу қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилдилар. Парламент қонун лойиҳасини имзолаш учун президентга юборди, Қирғизистон раҳбари ҳужжатни яқин кунларда имзолаши мумкин.

Қонун лойиҳаси ташаббускорлари – депутатлар Аманқан Кенжебаев ва Мирлан Самийқўжў. Улар ўқитувчиларга нисбатан 12-16 ёшли ўқувчилар томонидан ҳақорат ва ҳурматсизлик содир этилган тақдирда болаларнинг ота-онаси ёки васийларини 2000 қирғиз сўми (25 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жаримага тортишни таклиф қилишган.

Агар йил давомида ҳодиса такрор содир этилса 5000 сўм миқдорида жарима солиниши ёки уч кундан беш кунгача қамоқ жазоси берилиши таклиф этилган. Лекин депутатлар бу жазоларни ўта қаттиқ деб ҳисоблаган ҳолда, салоҳиятли безориларга нисбатан “юмшоқлик намунасини” кўрсатдилар.

Натижада лойиҳани учинчи ўқишда лойиҳа ўзгартирилиб, биринчи ҳақорат содир бўлган ҳолатда ота-оналар ёки васий шахсларга фақат огоҳлантириш берилиши, ва фақат ҳодиса такрорланган ҳолдагина жарима солиш кераклиги ҳақида қарор қабул қилинди. Жарима миқдори эса, рамзий маънода деб, атиги 1000 сўм (12 АҚШ доллари атрофида) деб белгиланди.

Қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири Мирлан Самийқўжўнинг сўзларига кўра, “мактаб ўқувчилари ўқитувчиларга нисбатан ҳурматсизликка йўл қўйиши мумкинлиги ҳаммага маълум, гап ҳақорат, беҳаё сўзлар ва ҳатто жисмоний тажовузлар ҳақида кетаяпти”.

Парламент аъзоларининг тушунтиришича, улар жазо даражасини юмшатиш билан “жазоловчи эмас, балки огоҳлантирувчи ҳужжат” қабул қилишга ҳаракат қилишган. Бу “либералликнинг” натижаси қандай бўлишини вақт кўрсатар, лекин бунақа “юмшоқ, тишсиз” қонун қабул қилишнинг умуман кераги бормиди?

Лойиҳа ҳақида маълумот кенг тарқалмаган бўлсада, у ҳақда эшитганлар орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Албатта, лойиҳанинг қабул қилинишига ўқитувчилар ва ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ёки васийлари ўртасида юз бераётган ўзаро тушунмовчиликлар сабаб бўлган. Қонун лойиҳасининг педагог ходимларга нисбатан одобсиз сўзларни қўллаш, ҳатти-ҳаракатлар қилиш, ҳақоратомуз тазйиқ ва номақбул имо-ишоралар шаклида ифодаланган ҳурматсизлик каби салбий муносабатларнинг олдини олишга қаратилгани ҳам тахсинга сазовор. Лекин…

Фарзандлари мактабда ўқиётган она сифатида ўшлик Умида Аҳмад ҳам бу қонун лойиҳасини қўллайди ва унинг ижобий натижалар беришидан умидвор.

“Ўқитувчи ўз вақти, меҳнати, асабини сарфлаб, ўзидаги бор илмини ўқувчиларга бераман деб ҳаракат қилаётган бир пайтда, уни менсимасликка ўқувчининг ҳадди сиғмаслиги керак, – дейди Умида Аҳмад. – Бизнинг ўқувчилик давримиздагига қараганда ҳозирги ўқувчилар жуда эркин, маъсулиятсиз бўлиб қолган, ўқишга иштиёқлари йўқ. Бу лойиҳа ота-оналарнинг жавобгарлигини, маъсулиятини ҳам озроқ оширса керак”.

Қонун лойиҳаси билан танишган Қирғизистон маорифи аълочиси, кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган ўқитувчи Сурайё Мирзараҳимованинг лойиҳада белгиланган жарима ўлчамидан бироз энсаси қотган.

“Лойиҳада 1000 сўм жарима деб ўқидим, ҳайрон бўлдим. Бу қандай натижа бериши мумкин? [Ўқувчи ўқитувчини] ҳақорат қилиб туриб, “мана 1000 сўм”, деб чиқиб кетавериши ҳам мумкинку! Ўзи ўйлаб қараганда [бу қонун лойиҳаси] маънавиятимизга, улуғ касбимизга тўғри келмайдиганга ўхшайди. Бир йили кўчада туфлаганга жарима чиқарилган эди, шунинг сингари”.

Мирзараҳимованинг фикрича, ўқувчи ва педагог ўртасида салбий ҳолатлар юзага келмаслиги учун “ўқитувчининг ўзи юқори малакали, қобилиятли, уддабурон бўлиши керак”.

Бугунги кунда қўшни давлатларда ана шундай қонунлар қабул қилинган. Масалан, Россия Федерациясида қабул қилинган қонунга кўра, ўқитувчига нисбатан одобсизлик қилган ўқувчиларга нисбатан 1000 рублдан ($15 атрофида) 3000 рублгача жарима тўлаш жазоси қаралган. (Чамаси, бизнинг депутатлар ҳам жарима солишда Россиядан ўтиб кетмасликка ҳаракат қилишган кўринади. – Таҳр.).

Қозоғистон Республикасида 2020 йилнинг 6 январида қабул қилинган “Педагог мақоми ҳақида”ги қонун кўра, ўқитувчига нисбатан ҳақорат учун иш ҳақининг 30 баробари, яъни 79 530 тенге ($170 атрофида) миқдорида жарима тўланади. Қонунбузарлик қайталанган ҳолда айбдорга  106 040 тенге жарима солинади ёки беш суткага маъмурий қамоқ жазоси қўлланади.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди, мақолага бевосита даҳлдор эмас.

Таҳририятдан:

Албатта, ўқитувчи-ўқувчи муносабати жуда эътиборга молик масала. Айниқса, бугунги кунларда. Ўқитувчи ва педагог кадрларни қонун доирасида ишончли ҳимоя қилиш жуда зарур. Лекин бизнинг фикримизча, бу қонун фақат салбий натижаларга олиб келиши мумкин. Биринчидан, бу қонун жамият онгида ўқитувчининг қадри 1000 сўмга баҳоланибди, дея қабул қилинади. Иккинчидан ва энг асосийси – қонун ижросини ким ва қандай назорат қилади? Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги низо нимадан келиб чиқди, бунга ким кўпроқ айбдор – боласига тарбия бера олмаган ота-онами, ёки ёш бола билан тил топиша олмаган нўноқ ўқитувчими, буни ким ва қандай ҳал қилади?

Хўп, суд айбдор томонга жарима солди ҳам дейлик, уни ундиришчи? Айниқса, қишлоқ жойларда ўқитувчини ҳақорат қилган боланинг оиласи ўта қашшоқ яшаса, ёки унинг ота-онаси Россияда, топиши бетайин бўлиб, бола қари бувиси билан яшаётган бўлса, унда нима бўлади?

Хуллас, қонун лойиҳаси муаммони ҳал қилиш ўрнига уни янада чигаллаштириб юбориши ҳақиқатга яқинроқ. Муаммонинг ечими бизнингча, кучли педагогик кадрларни тайёрлаш, ота-оналар билан бевосита иш олиб боришда бўлса керак.

Аслида ҳаддидан ошган болаларни тартибга чақириб қўйиш учун бугунги кундаги мавжуд қонунлар ҳам етарли. Гап ўша қонунларнинг аниқ ижросини назорат қилиш, қонун олдида таниш-билиш, қариндош-уруғ ва бою-камбағалнинг бир эканини аҳолига уқдириб, қонун устиворлигини қатъий таъминлашда, холос.

Сиз нима дейсиз, азиз мухлислар? Аниқ эътироз ва таклифларингиз баён этилган фикрларингизни сайтимизда чоп этишга тайёрмиз.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг