Ўзбекистон-Қирғизистон: Туташ тақдирларга ҳамоҳанг ташриф

Икки қардош давлат ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик битимлари имзоланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди. Бугун Бишкекда икки давлат раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди.

Муштарак тарих ва келажак

Олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш, саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилди.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси 1314 километрни ташкил этиб, Қирғизистоннинг энг узун чегараси Ўзбекистон биландир. Қирғизистонда 4 та ўзбек анклави (Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара ва Тоштепа) бўлса, Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳудудида Барак эксклави жойлашган. Бу ҳудудларнинг тақдири, аниқроғи ҳуқуқий мақоми яқинда имзоланган чегара ҳақидаги икки давлат ўртасидаги келишувларда атрофлича ҳал қилингани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бугун 300 мингга яқин этник қирғизлар яшаб, меҳнат қилиб келишаётган бўлса, Қирғизистонда 965 минг, яъни миллионга яқин этник ўзбек истиқомат қилади. Бу ҳам икки қардош халқнинг, дўст давлатларнинг бирлиги абадий ва мустаҳкам бўлишини тақозо этади.

Ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳозирги кунда ҳамкорликнинг барча соҳаларида маълум кўтарилишни бошидан кечирмоқда. Шу кунларда илгари кузатилмаган олий даражадаги доимий сиёсий мулоқотни ва уларнинг амалий натижаларини кўришимиз мумкин.

Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларидаги ижобий ўзгаришлар асосан Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат масалаларига янгича ёндошуви, айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилаш ва мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати билан боғлиқ. У президентлигининг илк кунлариданоқ қўшнилар билан муносабатларда шаклланиб қолган “музни эритиш”га астойдил бел боғлади. Бугун бунинг ижобий натижаларига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди.

Охирги йилларда икки қўшни давлат алоқалари узвий тарзда доимий ривожланиш йўлидан боряпти. Қирғизистон президентининг 2021-йил мартидаги Ўзбекистонга сафари чоғида қатор сиёсий ва иқтисодий масалалар билан бирга 750 миллион кВт/с электр қувватини ўзаро бир-бирига етказиб бериш бўйича битимга эришилган эди. Бу бир тарафдан Тўқтағул сув омборини тўлдириш ва 2021-2023 йиллардаги вегетация даврида Ўзбекистон экинларини суғориши учун сув билан таъминлаш имконини берса, иккинчи тарафдан, Қирғизистонга электр қуввати етказиб беришни кафолатлайди.

Ўзбекистон раҳбарининг давлат ташрифи олдидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармонларининг бизнес анжумани ўтказилиб, икки давлат ўртасида 50 дан ортиқ ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Бу тадбирларда Қирғизистонлик ўзбек ишбилармон аёли, “Датка Холдинг” компаниясининг вице-президенти Дилноз Тапвалдиева ҳам қатнашмоқда. Тапвалдиева учрашувлар чоғида имзоланган асосий ҳужжатлар қаторида қуйидагиларни санаб ўтди:

  • Агросаноат мажмуаси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари томонидан имзоланган “Йўл харитаси”;
  • Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • Тери ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Қирғизистоннинг Норин вилоятида картошка етиштириш бўйича қишлоқ хўжалиги уюшмасини ташкил этиш тўғрисида келишув;
  • Картошка етиштириш бўйича агроуюшма ва чорвачилик мажмуасини яратиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • «Қирғизистон Республикасида карбид ва калций ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш» сармоя лойиҳаси доирасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим (ҳажми 20 миллион АҚШ доллари);
  • Қирғизистон Республикасида етиштирилган маккажўхори донини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича келишув (ҳажми 100 миллион доллар);
  • Қирғизистон Республикасида электр энергиясини ҳисобга олиш ва зарур қурилмаларни йиғишни ташкил этиш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми;
  • Базальт тошини қайта ишлаш заводини ишлаб чиқариш бўйича меморандум;
  • Ўзбекистон компаниялари маҳсулотларини Қирғизистон Республикасида сотиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • Қирғизистондан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома.

Давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 1,6 млрд. доллар бўлган 50дан ортиқ ҳужжатлар, жумладан, 300,3 млн. долларлик сармоя шартномалари, 1 млрд. 155,6 млн. долларлик экспорт шартномалари ва 223,0 млн. долларлик импорт шартномалари имзоланиши кўзда тутилган.

Бу Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига қилган иккинчи расмий ташрифи. Ўзбекистон раҳбари илк бор президент Садир Жапаровнинг таклифига кўра, 2022-йилнинг 20-июлида Иссиқкўл соҳилидаги Чўлпонота шаҳрига келган эди. Ушбу ташриф чоғида савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм соҳасидаги ва бошқа маданий-гуманитар масалалар муҳокама қилиниб, бу борада бир қатор ҳужжатлар имзоланган эди.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг