Ниҳоят! Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга келади
Бу расмий ташриф чоғида бир қатор жуда муҳим битимлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Расмий ташриф ҳақида Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди. Унинг айтишича, ташриф давомида юқори мартабали меҳмоннинг президент Садир Жапаров билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
“Мамлакатлар раҳбарлари тор доирада ва кенгайтирилган таркибда Қирғизистон-Ўзбекистон давлатларининг стратегик шериклигига оид кенг кўламли масалаларни, шунингдек, муносабатларни янада ривожлантириш борасидаги режаларни муҳокама қиладилар”, – деди Азимбакиев.
Бундан ташқари, ташриф давомида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида Бишкекда икки давлатнинг ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-анжумани ҳам бўлиб ўтади.
Қирғизистон ва Ўзбекистон парламентлари томонидан 2022 йил ноябрида ратификация қилинган чегара тўғрисидаги шартнома ва Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ҳақидаги масалага Азимбакиев аниқлик киритмаган.
Бунгача тилга олинган масалалар хусусидаги ҳужжатлар Бишкекда Қирғизистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган. Ҳужжатлар ҳар икки давлат парламентларида ратификация қилингач, икки давлат президентлари Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёевлар ратификация тўғрисидаги қонунларни имзоладилар.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг аввалроқ тарқатган хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка расмий ташрифи декабрнинг дастлабки кунларига белгиланган эди. Евроосиё иқтисодий иттифоқи раҳбарларининг 9 декабрда ўтган саммитидан олдин ўтиши кутилган ташриф, кейинроқ 10 декабрда кўчирилгани айтилди.
Шавкат Мирзиёев саммит ишида иштирок этмади ва унинг Қирғизистонга ташрифи кейинга қолдирилгани маълум бўлган эди.
Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди