Ўзбекистон: Бу йилги қиш қатор амалдорларга айниқса “совуқ келди”

Ишдан олинган амалдорларга нисбатан жиноий ишлар қўзғалиши тахмин қилинмоқда.

Кутилмаганда Марказий Осиё минтақасига кириб келган совуқ ҳаво оқими минтақа давлатларига жиддий ташвиш туғдирди. Айниқса, ҳавоси қўшниларникига қараганда анча иссиқ бўлган Ўзбекистонда аҳвол анча жиддий. Бунга бир қатор амалдорларнинг лавозимлари билан видолашгани ҳам далил бўлади.

Пишмаган ош

Энг катта янгилик Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўз лавозимидан озод этилиши бўлди. Бу ҳақда бугун, 16 январ куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ва раислигида қиш мавсуми муаммоларига бағишлаб ўтказилаётган йиғилишда билдирилган.

«Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон «сводка» билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», – деди президент Мирзиёев.

Икки кун аввал шаҳар ҳокими аномал совуқ сабабли пойтахтдаги тўйхоналарда 5 кун давомида аҳолига текин ош тарқатиш ташаббуси билан чиққанди. Лекин бу ош кимларга, қай йўсинда ва қайси вақтларда тарқатилиши маълум қилинмаган эди. Кўпчилик бу ташаббусни оддий популизм деб баҳолаган, шаҳардаги газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар туфайли норозилик эса тобора кучая бошлаганди.

Бугунги йиғилишда Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан ташқари энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖ раиси Фарҳод Абдураҳмоновлар ҳам лавозимидан озод этилди. Ишдан олинганлар орасида «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Улуғбек Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раҳбари Беҳзод Норматов ва «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Меҳриддин Абдуллаев ҳам бор, лекин уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ойлик синов муддати белгиланди.

Тошкентда “бутун бизнесни ўз қўлига олиб олгани учун” кўпчилик ишбилармонларнинг норозилигига сабаб бўлаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил апрелидан буён Тошкент шаҳрини бошқаиб келаётганди. Унинг ўрнини вақтинча биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов эгаллаб турадиган бўлди.

Бугунги йиғилишда давлат раҳбари Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага лавозимидан озод этилганларнинг фаолиятини текшириш бўйича топшириқ берган. Бу афтидан амалдорларни қаттиқ қўрқитиб юборган.

Бугун расмий тасдиқланмаган хабарларга кўра, эндиликда собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев оиласи билан Ўзбекистонни тарк этмоқчи бўлганида аэропортда, блогер Никита Макаренконинг ўз манбаларига асосланиб айтишича, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас…ми?

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари кескин танқид қилинган.

«Аҳолимиз табиий газ ва электр таъминоти, коммунал хизматлари сифатидан жиддий эътирозларини билдиряпти. Буни барчамиз кўриб турибмиз. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарларининг бугунги ҳолатга тайёр эмаслигини мен ўзим ҳам кўриб турибман, халқимиз ҳам кўриб турибди”, – деди йиғилишда Мирзиёев.

Давлат раҳбари келтирган маълумотга кўра, бугунги кунда Тошкентда кунлик 3 млн. киловатт чеклов ўрнатилгани, 6 мингга яқин улгуржи истеъмолчилар газ тармоғидан узиб қўйилганига қарамай, 584 маҳалланинг 120 тасида электр ва газ таъминотида узилишлар бўлган. Биргина 15 январ куни Тошкент шаҳридаги еттита юқори ва 524 та паст кучланишли трансформатор ҳамда 87 та трансформатор ортиқча юкламаларга бардош беролмай ишдан чиққан, шу куни шаҳарда юзга яқин шу каби авария қайд этилган.

“Нега пойтахтда шундай бўлди? Нега олдиндан тайёргарлик қилмадик? Шунча гап гапирганимизга қарамай, Вазирлар Маҳкамаси қаерга қараган деган савол мени қийнаяпти», – деган президент.

Афтидан, бу ишдан олишлар фақат бошланиши. Аҳвол жуда жиддийлиги сабабли президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Сингапурга бўладиган ташрифи дастури ҳам ўзгарган. Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра ташриф 16-18 январь кунларига мўлжалланган эди.

Бугун бўлиб ўтган йиғилиш чоғида президент Мирзиёев энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган аҳволни инобатга олиб, Сингапурга ташрифи жиддий қисқартирилишини таъкидлаган.
Сингапурда Шавкат Мирзиёев президент Ҳалима Яқуб ва мамлакат бош вазири Ли Сянь Лун билан олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказиши, Сингапурдаги етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашуви режалаштирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда биринчи галда аҳолини иссиқлик билан таъминлаш мақсадида барча автомобилга газ қуйиш шохобчаларининг иши тўхтатилган, йирик корхоналарга газ бериш ҳам ҳам жиддий чекланган. Мактабларда таътиллар 17 январгача узайтирилган.

Ўзбекистон транспорт вазирлиги берган маълумотга кўра, кучли совуқ сабаб доимий халқаро йўналишда қатнаган автобуслар қатнови ҳам вақтинча тўхтатилган. Бугуноқ аҳоли орасида квартиралардаги газ босими аста-секинлик билан кўтарила бошлаши ҳақида маълумотлар берила бошлади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг