Россия меҳнат муҳожирларини урушга жўнатиш истагидан қайтолмаяпти

Чўзилиб кетган урушда мудофаа йўлига ўта бошлаган рус армиясига аскарлар керак.

Украинага қарши “махсус ҳарбий амалиёт” деб аталган, аслида кенг кўламли урушда кўзланган мақсадига режадагидек қисқа вақт ичида эришолмаган Россия раҳбарияти олдида тобора мураккаб вазифалар пайдо бўлмоқда. Жумладан, урушгача Украина оғзаки қуруқ даъволар билангина чекланаётган Қрим ярим оролида, Херсон ва Запорожье йўналишларида энди рус аскарлари чуқур ҳандақлар қазиб, кучли мудофаа чизиғини қуришга мажбур бўляпти.

Фронт қурбонлар талаб қилмоқда

Дастлабки кунлари ўзини йўқотиб қўйган Украина армияси бора-бора ўзига келиб, ғарб давлатларидан олаётган мислсиз катта кўламдаги ҳарбий, техник ва молиявий ёрдам натижасида энди Россия ҳудуди деб эълон қилинган жойларда қарши ҳужумлар билан таҳдид сола бошлади. Ҳатто минглаб квадрат чақирим ерларни озод қилишга эришди. Минг чақиримдан олисроққа чўзилиб кетган фронт чизиғида кучлар нисбатини ўз фойдасига ушлаб туриш учун Россияга янада кўпроқ аскарлар ва техника зарур бўляпти.

Айрим маълумотларга кўра, ҳар икки давлат ҳам урушда ўн минглаб аскарларини йўқотдилар ва йўқотишда давом этмоқдалар. Ҳар икки томон душман томондан 60-100 минггача аскарлар ўлдирилгани ҳақида хабарлар бермоқда. Айниқса, Россия урушнинг дастлабки кунларида жанггоҳга ташланган ўзининг энг энг сара ҳарбий қисмларини йўқотди.

Шу сабабдан ўтган йилнинг кузида президент Путин қисман сафарбарлик эълон қилишга мажбур бўлди. Расмий маълумотларга қараганда 300 минг, амалда эса ярим миллионга яқин Россия фуқаролари сафарбар қилинди. Ваҳоланки, урушнинг дастлабки кунлари Путин ва рус армияси қўмондонлиги сафарбарлик қилишга умуман эҳтиёж йўқлиги ҳақида ишонч билан айтишган эди. Мана энди янги йилда сафарбарликнинг янги тўлқини бошланиши ҳақида сўзлар янграй бошлади. Бу тўлқин афтидан меҳнат муҳожирларини ҳам четлаб ўтмайдиганга ўхшайди.

Муҳожирларга ачинмайдиларми?

Кеча, 13 январ куни Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Марказий Осиё ва Кавказорти давлатларидан келган ва Россия фуқаролигини олган меҳнат муҳожирларини “махсус ҳарбий амалиёт”да иштирок этиш учун “биринчи галда жўнатиш лозимлигини” баралла айтиб чиқди.

“Россия фуқаролигини олаётганда бу одамлар нафақат ҳуқуқларга эга бўладилар, балки уларга қонунда кўрсатилган мажбуриятлар ҳам юкланади. Улардан бири – Россия Қуролли кучларида хизмат қилишдир”, – деди Бастрикин “Российская газета” нашрига.

Унинг фикрича, ҳозир чет эл фуқаролари ҳарбий хизматга бормасдан оммавий равишда Россия паспортини олишмоқда.

Унинг иддаосига кўра, “охирги беш йил ичида миллиондан ортиқ Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларидан, жумладан Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган 550 минг киши Россия фуқаролигини олган”.

“Фақат 2022 йилнинг биринчи ярмида 60 мингдан ортиқ балоғатга етган шахслар Россия фуқаролигини олган ва бунга мувофиқ улар нафақат ҳуқуқлар, балки ўзларини қабул қилган давлатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий бурчга ҳам эга бўлдилар. Шу сабабли уларни биринчи галда махсус ҳарбий амалиёт вазифаларини бажариш учун жўнатиш мақсадга мувофиқ бўлади”, – деди Бастрикин.

Бир йил аввал Украинадаги “нацистлик режимини” йўқ қилиш ва бу мамлакатни тўла қуролсизлантириш вазифаси билан амалиёт бошлаган Россия расмийлари энди кўпроқ ватан ҳимояси ҳақида гапира бошлаганлари қизиқ. Уруш бошқа давлат ҳудудида бораётган бир пайтда ватан ҳимояси ҳақида гапириш ўринлими? Бу гаплар Россиянинг яқин келажакда Украина жиддий қарши ҳужумга ўтишини кутаётганидан дарак беради.

Тергов қўмитаси бошлиғи Россия расмийлари аталган ҳарбий амалиётда иштирок этиш учун шартнома тузганлар учун Россия фуқаролигини енгиллаштирилган тартибда бериш ҳақида ғамхўрлик қилаётганини ҳам эслатиб ўтди.

Владимир Путин ўша енгиллаштирилган тартибда паспорт бериш ҳақидаги фармонга ўтган йилнинг 30 сентябрида қўл қўйган. Айни ўша кунлари туб Россия фуқаролари сафарбарликдан қочиб, оммавий тарзда мамлакатни тарк эта бошлаган эдилар. Гарчи бу фармон чет эл фуқароларига янги имкониятлар беради, деб тақдим этилган бўлсада, аслида айнан меҳнат муҳожирларини турли йўллар билан, жумладан қўрқитиш йўли билан урушга жалб қилиш учун йўл очиб беради.

Русларнинг биринчи сафарбарлик эълон қилингандан сўнг бошланган қочиши ҳамон давом этмоқда. Айрим маълумотларга кўра, 500 мингдан ортиқро ҳарбий хизмат ёшидаги россияликлар бошқа давлатларга чиқиб кетишга муваффақ бўлдилар. Бу муносабат билан ҳатто Давлат Думаси депутатлари орасида мамлакат чегараларини ёпиб, эркакларнинг ташқарига чиқишини тақиқлаб қўйиш ҳақидаги талаблар айтила бошлади.

Оммавий қочишга сабаб бўлаётган омиллардан асосийси – бу урушнинг мақсади ва сабаблари мужмал экани бўлса, иккинчи сабаби – сафарбар қилинганларнинг оғир шароитлари, тайёргарликсиз урушга киритилган ҳоллари, ҳатто қурол-яроқ ва кийим-бошни ўзлари сотиб олган ҳолатлар бўлаётгани айтилмоқда.

Бунгача ҳам вақти-вақти билан Россиядаги меҳнат муҳожирлари, асосан Марказий Осиё давлатларидан борган муҳожирларни урушга жалб қилишга бир қатор ҳаракатлар бўлганди. Бунга жавобан Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳукуматлари бир неча бор ўз фуқароларини Украинадаги урушга қатнашиб қолишдан қайтариб, бунинг учун ўз юртларида жиноий жавобгарликка тортилишлари ҳақида огоҳлантиришлар беришган.

Урушнинг дастлабки кунлари ўзбек, қирғиз ва тожик йигитларининг урушда юрганлари ҳақида маълумот ва видео материаллар чиқиб турган бўлса, бугунги кунда улар деярли йўқ ҳисоби. Лекин рус расмийлари муҳожирларни урушга жалб қилиш ҳақидаги гаплари ва ниятларидан воз кечмаяптилар. Бунинг учун турли яширин ва очиқча йўлларни излаб топиш ҳаракатида бўляптилар.

Яна битта уриниш

Масалан, куни-кеча Россия Давлат Думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси Андрей Картаполов “Парламент газетаси” нашрига берган интервьюсида 2023 йил баҳорида 30 ёшгача бўлган шахслар ҳам ҳарбий хизматга чақирила бошлаши мумкинлигини айтди.

Яъни, авваллари турли сабабларга кўра (ўқиш, оила шароити ва бошқалар) туфайли ҳарбий хизматга бормаганлар энди бу хизматни сўзсиз ўташлари лозим бўлади.

Бунгача 21 декабрда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга қуйи чегарадаги эркаклар учун ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини 18 ёшдан 21 ёшгача, юқори чегарада эса 27 ёшдан 30 ёшгача оширишни таклиф қилди ва Путин бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Лекин Давлат Думаси бу масалада қонунга киритилиши таклиф этилган тузатишларни ҳозирча қабул қилмади. Агар бу қонун қабул қилинса, 30 ёшгача бўлган барча меҳнат муҳожирларини ҳарбий хизматга чақиришга йўл очилган бўларди.

Шунга қарамай, икки ой аввал, 14 ноябрда президент Путин қўл қўйган фармонга мувофиқ энди чет эл фуқаролари ҳам Россия фуқаролари каби шартнома асосида Россия армиясида хизмат қилишлари мумкин. Қизиғи шундаки, бу шартнома тузиш ҳуқуқи жиноий иш билан терговда юрган, суд қарори билан қамалган ва судланганлиги бекор қилинмаган чет элликларга ҳам берилди. Биргина мустасно – агар чет эл фуқароси қамоқда ўтирган пайтида гиёҳванд модда истеъмол қилгани учун маъмурий жазога тортилган бўлса, юқорида айтилган “бахт”дан маҳрум бўлади. Бошқача айтганда, гиёҳвандлар армияга олинмайди.

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, бу фармон асосида Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари истаган меҳнат муҳожирига жиноий иш очиб, унга қамоқ ўрнига урушга бориб келишни таклиф қилишлари мумкин. Қамоқдагиларни урушга жалб этиш эса оммавий турда ва аллқачон давом этмоқда.

Яна бир аҳамиятга молик нарса – бу фармон имзоланишидан уч кун аввал Россия ҳарбий қўшинлари аввал ўзлари эгаллаган Херсон шаҳрини ташлаб чиқишга мажбур бўлган эдилар. Буни ҳарбий қўмондонлик аскарларнинг умрини сақлаб қолишга интилиш деб изоҳладилар. Бошқача айтганда, рус армияси урушнинг дастлабки кунларида эгаллашга муваффақ бўлган ҳудудларни қўлда ушлаб қолиш учун қўшимча одам ва ҳарбий техника талаб қилинди, мамлакат раҳбарияти эса буни таъминлаб бера олиши амри маҳол бўлиб қолган эди.

Бугунги кунда бевосита уруш бўлаётган ҳудудларга яқин жойларда жойлаштирилган ўқув марказларида сафарбарлик қилинганларнинг норозилик кўтарилишлари бўлиб турибди. Уларнинг айримлари у ерда тузилган оғир шароитдан норози бўлишса, бошқалари уларга ваъда қилинган пулнинг берилмаганидан шикоят қилишади. Айрим ҳолларда бу аскарлар давлат раҳбариятига видео мурожаатлар қилиб, интернетга жойлаштирмоқдалар. Бу мавзудаги видеоларни интернетда тез-тез кўриш мумкин.

Россиянинг Украинага қарши “махсус ҳарбий амалиёт” деб номланган уруши ўтган йилнинг 24 февралида бошланган. Сентябрь ойида Украинанинг Луганск ва Донецк вилоятларида ўзларини мустақил давлат деб эълон қилган “республикаларда” ва Херсон ҳамда Запорожье вилоятларида шошилинч референдумлар ўтказилиб, бу ҳудудлар аҳолиси ўзларини Россияга қўшилишга қарор қилганларини эълон қилдилар. Тез орада Путин бу ҳудудларни Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш ҳақидаги фармонга қўл қўйди ва Давлат Думаси уни тасдиқлади.

Аммо нари борса бир ҳафта ичида Украинанинг тўла таслим бўлиши билан тугайди деб тахмин қилинган уруш салкам бир йил давом этмоқда. Эртага нима бўлишини тахмин қилиш жуда мушкул.

Асосий масала – Россияга тириклик илинжида иш излаб борган, умрида қўлига қурол олмаган меҳнат муҳожирлари нима сабабдан бошқа юртга қурол кўтариб боришлари керак? Уларнинг ўзга юртларда қурбон бўлишида не маъно? Айниқса, ўша юрт “ҳимоячилари” оммавий турда ўз ватанидан қочаётган бир шароитда…

Бобур Мирзоев, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг