Марказий Осиё: Кутилмаган аномал совуқ тушишига ҳозирлик кўрилмоқда

Европа давлатларида бўлиши кутилган қаттиқ совуқ жиддий муаммоларни туғдирмоқда.

 

Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатарига шу кунларда Россиянинг Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келаётгани кузатилмоқда. Бу ҳақда бир неча кун аввал ЎзГидрометеорология хизмати маълумот берган эди.

Бу хабарларга кўра, мамлакатда 10−15 январь кунлари аномал совуқ кузатилиши, ҳаво ҳарорати кечалари 12-17 даража, мамлакат шимолида тунда –17-22 даражагача, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида эса 25-27 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.

@nuriddin_070787♬ оригинальный звук – МАТРАХИМОВ

Совуқ ҳаво тўлқинининг минтақа бўйлаб “сайри” натижасида 11-январдан бошлаб Қирғизистонда ҳам ҳавонинг ҳарорати кескин тушиб, қаттиқ совуқ бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда давлат Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг матбуот хизмати огоҳлантирди.

Вазирлик йўллар музлаб, сирпанчиқ бўлишини ҳамда қор бўрони бўлиши кутилаётганини таъкидлаб, қаттиқ совуқ автотранспорт, энергетика ва коммунал хизматларнинг ҳаракатини қийинлаштиришини эслатди.

Қирғизистон ФҲВнинг хабарига кўра, 10-11-январ кунлари республиканинг айрим ҳудудларида вақти-вақти билан қор ва ёмғир ёғиши, ғарбдан эсаётган шамолнинг тезлиги айрим ҳудудларда секундига 15-20 метргача етиши мумкин. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда турли виедолар ҳам тарқай бошлади.

Қирғизистон фавқулодда ҳолатлар вазирлиги аҳолига кетма-кет хабарларни юбориб, шу кунларда уйларини иситиб, ҳайвонларни яйловга олиб чиқмасдан, молхонада сақлашни, узоқ сафарларни ва тоғларда дам олишни бошқа кунларга қолдиришларини тавсия қилмоқда.

Қўшни Қозоғистонда эса 10-15-январга қадар ҳаво ҳарорати -43 даражагача тушиши кутилаётгани ҳақида Қозоғистон об-ҳавони кузатиш маркази хабар берди.

Ўзбекистон ва Қирғизистонда кучли совуқ муносабати билан мактаб, лицей ва олий ўқув юртлари ўқувчиларининг қишки таътили 9-январдан 17-январга қадар узайтирилди. Қирғизистонда бунинг ҳисобидан баҳорги таътиллар куни камайтирилади.

Эҳтиёт бўлинг, хасталик!

Мутахассислар томонидан аномал совуқ кунлари кексалар ва болаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилди. Ҳар бир давлатнинг Соғлиқни сақлаш вазирликлари совуқдан сақланиш бўйича тавсияларни берди.

“Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилади. Айниқса, гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларга бундай ноқулай об-ҳаво салбий таъсир кўрсатади. Уларни бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилади.

Шунингдек, бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Яъни, уйдан кўчага чиққанда, бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортади. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт.

Аномал совуқ тери ва буйрак касаллиги бор беморларнинг умумий ҳолати ёмонлашувига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки бундай шароитда тана аъзоларининг музлаб қолиш эҳтимоли юқори.

Совуқ қотишнинг олдини олиш учун кўчага чиққанда иссиқ ва қалин кийимлар кийиш лозим. Бунда қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади. Сабаби бўйиндаги томирлар инсон бош миясини қон билан таъминлайди.

Аномал совуқда, шунингдек, алкоголь ва тамаки истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Чунки бундай ҳолатда қон томирлари кескин торайиб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин.

Қаттиқ совуқ ҳаво инсон терисини ҳаддан ортиқ қуритиб юборади. Шу боис кўчага чиқишдан аввал таркибида сув бўлган дори воситаларини терига суртмаган маъқул. Аксинча, ёғли кремларни қўллаш тавсия этилади”, – дейилади ССВ хабарларида.

Ўзбекистон: жиддий чекловлар киритилади

Ўзбекистонда куз-қиш мавсуми бошланиши билан чекка ҳудудлардаги аҳоли орасида табиий газ ва электр токи муаммолари бошланиб кетади. Хўш ўзбекистонликларда аномал совуқ кунлари энерготизим барқарорлиги қандай таъминланади?

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги кутилаётган совуқ муносабати билан йирик корхоналарга газ ва электр энергияси етказиб бериш қисқариши, бунинг ҳисобидан ИЭСларга газ етказиб бериш кўпайишини маълум қилган. Шу билан бирга, вазирлик жадвалга кўра, энергия таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлиши мумкинлигини билдирди.

Биринчи навбатда, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилади. Энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг, корхоналарнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11-12 млн кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади.

Энерготизимда содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш, барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари ва марказларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кунига ўртача 49 млн. куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу ҳақда Энергетика вазири бошчилигида тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.

Қирғизистон: чироқ ўчирилмайди

Қирғизистон Энергетика вазирлиги мутассадди ходимларга аҳоли ва Иссиқлик марказларига кўмирни тўхтовсиз ташиб туриш топшириғини берди. Совуқ кунларда кучайтирилган тартибда иш олиб боришни режалаштирганини билдирди.

“Ўзгарувчан об-ҳаво вақтида мамлакатда электр энергиясида режалаштирилган ўчиришлар бўлмайди. Ҳатто қарзи бор абонентлар ва ишхоналарга ҳам электр энергияси узилишларсиз етказиб берилади”, – дейилади вазирлик хабарида.

Эҳтиёт – шарт!

Ўзбекистонлик Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов аномал совуқ келтириб чиқариши мумкин бўлган хавфлар ҳақида тўхталди.

Қиш ойларидаги ғайритабиий совуқ об-ҳаво уй-жой комунал хўжалиги, электр энергия тармоқларида совуқ ҳарорат юкламасининг ортиши, газ қувурларида газ босимининг кескин пасайиши ва аҳоли хонадонлари, ижтимоий объектлар ва корхоналарда энергетик юкламанинг ортишига олиб келади.

Қишлоқ хўжалиги секторида ҳам ҳароратнинг кескин пасайиши тупроқ устидаги ҳароратнинг ҳаво ҳароратиданда 5-10 даража пасайишига, тупроқ сиртининг кучли совиши, ернинг чуқур музлашига олиб келади. Иссиқхона фаолиятини оғирлаштиради. Токзорчилик йўналишида сифатли ўралмаган токларда кучли совуқ уриши кузатилади.

Ҳаво транспорт йўналишида ҳам муаммолар юзага келади. Совуқлик омили ва кучли қор бўронлар авиарейслар тақвимига ўзгартиришлар киритади. Автомобил йўлларида музламалар автотранспорт ҳаракатини ёмонлаштиради. Темир йўл поездлари қатнови графикларида ҳам (темир йўл релслари торайиши сабабли) ўзгаришлар бўлиши мумкин, дея қайд этади мутахассис.

Нима қилмоқ керак?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги аномал совуқ кунларда уйларда қулай ҳароратни сақлаган ҳолда иситиш харажатларини қандай тежаш мумкинлиги бўйича тавсия берди.

Жумладан, иситиш радиаторларида кийимларни қуритмаслик. Бу радиаторлар ишлаб чиқарадиган иссиқлик миқдорини камайтиради.

Мебелни радиаторлардан узоқроқ жойлаштириш. Чунки юмшоқ мебелдаги серковак (пенопласт) жуда кучли иссиқлик изолятори бўлиб, хонанинг исишига тўсқинлик қилади.

Қуёш чиққанда пардаларни очиш ва қуёш нури билан Д витаминини хонага киритиш. Бундан ташқари Қуёш нури уйни табиий равишда иситади.

Марказий Осиёда сўнги марта 2018-йилда аномал совуқ кузатилган эди. Ундан аввал 2012, 2005, 1987 йилларда айрим жойларда -20 даража совуқдан -30 даражагача совуқ бўлган.

Европа кўтаринки кайфиятда

Украинадаги уруш туфайли Россия гази ва нефть маҳсулотларидан воз кечган Европанинг бахтига бу минтақада қиш жуда енгил келди. Шу сабабли Россия президенти Путиннинг газсиз қолган Европа совуқда таъзирини егач, Россия билан юмшоқроқ гаплаша бошлайди, деган умидлари пучга чиқди.

Бугун Европа давлатлари минтақадаги айрим давлатлар ва АҚШдан олиб келинаётган газ ҳисобидан ва турли тезкор чоралар натижасида ҳаёт учун зарур бўлган иссиқликни уйларга етказиб бериб туришибди. Жумладан, тежамкорлик юқори даражада амалга киритилди. Агар ҳаво доимгидай совуқ бўлганда, минтақа давлатлари учун қиш катта синов бўлиши табиий эди.

Аммо қувонишга ҳали эрта, ҳали қишнинг ярмидан кўпи турибди. Унинг қолган кунлари қайндай кечишини фақат яратганнинг ўзи билади.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.

Расм ва видеолар интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг