Ҳаж-2023: Саудия коронавирус туфайли киритилган чекловларни олиб ташлади

Бу йил Қирғизистонлик зиёратчилар учун ўтган йилгига нисбатан икки баробар кўп квота берилди.

Саудия Арабистонининг Ҳаж вазирлиги 2023 йилги Ҳаж зиёратини ташкил этишда 2020 йилдан тортиб COVID-19 пандемияси туфайли киритилган чекловларни тўла бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда “Al Arabia” ахборот агентлиги хабар берди.

Вазир Тавфиқ ар-Робианинг аниқлик киритишича, Ҳаж зиёратчиларининг сони коронавирус пандемиясидан олдинги даражага қайтади ва бўлажак ҳожиларнинг ёши бўйича чекловлар бўлмайди.
Пандемия бошланишидан сал аввал, 2019 йил Ҳаж мавсумида дунё бўйича 2,6 миллионга яқин киши Ҳаж зиёратини адо этган. Пандемия даврида киритилган чекловлар туфайли 2020 ва 2021 йилларда зиёратчилар сони кескин камая бошлаган ва ўтган 2022 йилда бу кўрсаткич 1 миллион киши атрофида бўлди.
Жумладан, пандемия туфайли Саудия раҳбарияти 2022 йилда фақат 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган, тўлиқ эмланган ёки коронавирусга қарши иммунитетга эга, сурункали касалликлари бўлмаган шахсларгагина Ҳаж зиёратини адо этишга рухсат берган эди.

Бу чекловлар туфайли ўтган йили Қирғизистонга 2766 донагина квота берилган. Бунгача мамлакатдан ҳар йили ўрта ҳисобда 5500 киши Ҳаж зиёратига бориб келаётган эди. Бу йил эса қирғизистонлик зиёратчилар учун тўла олти мингта квота ажратилди. Бунга 2022 йилда қирғизистонлик ҳожиларнинг сафари жуда яхши ташкил этилгани сабаб бўлгани айтилади мамлакат муфтияти тарқатган хабарда.

Янги, 2023 йилги Ҳаж мавсумининг 26 июндан бошланиши кутилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг