Таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов 70 ёшда
Илмий-ижодий иш билан бирга у Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамиятини ҳам бошқаради.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов ўзининг 70 ёшини қаршилади. Таниқли адабиётшунос олим, таржимон ва ёзувчини бу муборак сана билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, турли соҳалардаги ҳамкасблари, дўстлари ва шогирдлари самимий табрикладилар.
Зуҳриддин Исомиддинов 1953-йилнинг 1-январида Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги Маъмуробод қишлоғида туғилган. Ўрта мактабда 1959–1969-йилларда Ўш шаҳрида ўқиган. Мактабдан сўнг 1969–1971-йилларда Ўш вилояти “Ленин йўли” газетасида мусаххих бўлиб ишлаган. Шундан сўнг 1971–1976-йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.
Университетни битиргач, қатор масъул хизматларда ишлади: Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим (1976–1998), Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида биринчи котиб (1998–2000), Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (2001–2002) ва Ўзбекистон Республикаси Миллий китоб палатаси (2003–2011) директори, Миллий кутубхонада хизмат раҳбари ва бошқалар.
Ана шу йиллар орасида Зуҳриддин Исомиддинов таржимонлик соҳасида ҳам бир қатор жиддий ишларни амалга оширди. Жумладан, қирғиз халқининг «Манас» эпоси ва қирғиз мумтоз шоири Тўқтағул Сатилғановнинг қатор шеърларини ўзбек тилига таржима қилди. «Манас»нинг ўзбек тилидаги таржималарини тадқиқ этиб, диссертация ёқлади.
Уч юздан ортиқ илмий, оммабоп мақолалари Ўзбекистон ва Қирғизистон матбуотида эълон қилинган. Унинг «Туркий эпос ва таржима», «Она юртим – Қирғизистон, Ўш…», «Сўз қисмати», «Шавқи наво» каби китоблари чоп этилган.
Бугунги кунда 1997 йилда ўзи таъсис этиш ташаббускори бўлган «Ўзбекистон–Қирғизистон» дўстлик жамиятининг ижрочи директори сифатида икки қўшни давлат ва икки қардош халқ ўртасида дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга баҳоли қудрат хизмат қилиб келяпти.
Зуҳриддин Исомиддинов – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
У “Оқбура” сайтининг ҳам ташаббускорларидан ва ғоявий раҳбарларидан бири ҳамдир. Сайтимиз раҳбарияти, ижодий жамоаси ва минглаган муслисларимиз номидан толмас тадқиқотчи, адабиётшунос, таржимон ва жамоат арбобини муборак 70 ёши билан самимий табриклаймиз, домлага узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаймиз, ижодий ва ижтимоий фаолиятида бундан буён ҳам улкан зафарлар қучишига тилакдошмиз.
Оқбура сайти жамоаси.
Расм Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига тегишли