Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги: Рус тилининг ўрни, ғалати совға ва музейга ташриф

Санкт-Петербургда ташкилотга кирган давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди.

Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербург шаҳрида 26-27 декабрь кунлари Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг анъанавий норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Бу тадбир ҳар йили Россия президенти таклифига кўра ўтказилади.

Дастлабки учрашув чоғида Россия президенти Владимир Путин “МДҲнинг кўпмиллатли давлатларини бирлаштирувчи қудратли куч – рус тили” экани ҳақидаги фикрини билдирди. Шу билан бирга у Ҳамдўстлик мамлакатлари халқларини умумий тарих, муштарак маънавий илдизлар, чуқур, чамбарчас боғланган маданият ва урф-одатлар, қадриятлар, анъаналар ҳам боғлашини таъкидлади.

“МДҲ давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги умумий гуманитар маконни сақлаш, фуқаролар ўртасидаги турли алмашинувларни кенгайтириш каби муҳим соҳаларни қамраб олади”, – деди Путин.

Россия раҳбари аввалроқ келаётган янги 2023 йилда ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида Рус тили йилини ўтказишга қарор қилинганини эслатди ва ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганлари учун учрашув иштирокчиларига миннатдорчилик билдирди.

Путин рус тилининг миллатлараро мулоқот тили сифатидаги мақомини қўллаб-қувватлаш ва ошириш, маданият соҳасидаги ютуқларни оммалаштиришга қаратилган кенг кўламли тадбирлар дастури аллақачон ишлаб чиқилганини таъкидлади. Президентнинг урғулашича, мазкур тадбирларнинг ўтказилиши МДҲ давлатларининг “ҳар томонлама маънавий-маданий бойишига хизмат қилади”.

Учрашувда иштирок этиш учун кеча, 26-декабрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Санкт-Петербург шаҳрига Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевлар ташриф буюришди.

Учрашув Сенат майдонидаги президент девонида бўлиб ўтди. Тадбир бошланиши олдидан Путин келган меҳмонларнинг ҳар бирини шахсан илиқ кутиб олди ва биргаликда суратга олиш маросими ўтказилди.

Уруш ҳақида гап йўқ

Россия давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ журналистларга маълум қилганидек, тадбир доирасида Путиннинг Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан уч томонлама учрашувлари режалаштирилмаган. Маълумки, бу давлатлар ўртасида жиддий чегара ва ҳудудий можаро мавжуд бўлиб, Россия ҳар икки ҳолатда ҳам муаммони ҳал қилишда ўртамчилик қилишга тайёр эканини маълум қилган.

Саммит очилишида нутқ сўзлаган Владимир Путин, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларига унинг таклифини қабул қилиб, Санкт-Петербургга келганлари учун миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек Путин коса тагига нимкоса жойлаб, йиғилган давлат раҳбарларини бирлашишга чақирди.

“Шундай дўстона даврага яна бир бор тўпланганимиз, менимча, МДҲ маконида ҳамкорликни чинакам стратегик шериклик, ўзаро манфаатдорлик ва барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш руҳида янада биргаликда қуриш истагимиз борлигидан ёрқин далолат беради”, – деди Путин.

Тарихга қисқа бир назар

Бу анъанавий учрашув биринчи бор Россиянинг бошқа давлат – МДҲнинг собиқ аъзоси Украина билан уруш ҳолати даврида ўтмоқда. 1991 йилнинг августида айнан Россия, Украина ва Беларус республикалари янги МДҲ ташкилотининг тузилганини эълон қилишди. Шу билан қарийб 70 йил ҳукм сурган СССР давлати ҳукмронлигига барҳам берилиб, унинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв истеъфо беришга мажбур бўлган эди.

СССР тарқалгач, бирин-кетин ўзининг давлат мустақиллигини эълон қилган собиқ совет республикаларининг аксарияти славян давлатлари таъсис этган бу ташкилотга ўз-ўзидан қўшилдилар. Аввалроқ СССРдан қўлини ювиб қўлтиққа урган Болтиқбўйи давлатлари – Литва, Латвия ва Эстония ташкилотга аъзо бўлишдан бош тортишган бўлса, Грузия, Молдова ва Украина бу ташкилотдан кейинроқ чиқиб кетишди.

Кейинги уч давлатнинг ташкилотдан чиқишига бу давлат ҳудудларида Россия қўллаб-қувватлаган айирмачилар ўзларини мустақил давлатлар деб эълон қилишиб (Грузияда Шимолий Осетия ва Абхазия; Молдовада Приднестровье ва Украинада Донецк ва Луганск вилоятлари), бу давлатларнинг ҳудудий бирлигига путур етган. Ана шу айирмачи давлатларни қўллаб-қувватлаган Россия аввал Грузия ва энди Украина ҳудудига бостириб кирган.

Уч кун ёки бир ҳафта ичида Украинанинг тўла мағлубияти билан тамом бўлиши таҳмин қилинган уруш шу йилнинг 24 февралидан, яъни ўн ойдан бери давом этмоқда. Уруш туфайли АҚШ ва Европа Иттифоқи, дунёнинг бошқа йирик давлатлари бирин-кетин киритаётган санкциялар туфайли яккаланиб қолган Россия ва шахсан Путин учун бу учрашув ҳам жуда муҳим сиёсий аҳамиятга эга.

Раислик Қирғизистонга ўтди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2023-йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилиш Қирғизистонга ўтишини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, 2022-йилда ташкилотга Қозоғистон раислик қилди.

“Муҳтарам Садир Нургожоевич Жапаровга Қирғизистон Республикасининг келаси йили МДҲга бўлажак раислигида улкан муваффақиятлар тилайман”, – деди Тўқаев ўз нутқида.

“Ўтаётган йил бутун жаҳон ҳамжамияти учун оғир бўлди ва шу шароитда Қозоғистон МДҲга раислиги доирасида Ҳамдўстлик салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирларни амалга оширди. Йил давомида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, яқин гуманитар алоқаларни сақлаш ва ташкилот нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз октябрь ойида бўлиб ўтган Остона саммити якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатларда ўз ифодасини топди”, – деди Қозоғистон президенти.

Санкт-Петербургда норасмий саммитга йиғилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари раҳбарлари совға сифатида Янги йил табриклари ёзилган ва ташкилот рамзи туширилган узукларни олган. Бу ҳақда биринчи бўлиб Беларуснинг “Пул Первого” Telegram-канали хабар берди.

Журналистлар эътиборини Беларусь президенти Александр Лукашенконинг қўлидаги ноодатий узук тортган. Аниқланишича, “Янги йилингиз билан!” ёзуви туширилган бир хил узукларни Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг саммитда иштирок этган барча раҳбарлари қабул қилган. Шунингдек, узукларга янги – 2023 йил ва саммит ўтказилаётган жой – Санкт-Петербург шаҳри номи ўйиб ёзилган.

Бу кутилмаган совғани экспертлар ва турли оммавий ахборот воситалари турлича талқин қилишиб, унга ҳар хил сиёсий маъно беришга интилишди. Путиннинг матбуот котиби бу шунчаки бир совға бўлганини таъкидлаб, шахсан президент Путин уни тақиб юриш ниятида эмаслигини маълум қилди.

Бугун, 27 декабрь куни МДҲ давлатлари раҳбарлари Санкт-Петербургдаги давлат рус музейига ташриф буюришди. Бу ерда музей тўпламидаги экспонатлар ва санъат асарлари билан танишдилар ҳамда норасмий учрашув ўтказдилар.

Музей билан танишиш жараёнида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев иштирок этмагани айтилмоқда.

Россия музейи – дунёдаги энг йирик рус санъати музейи бўлиб, Санкт-Петербургнинг тарихий марказидаги ноёб меъморий-бадиий мажмуа. Бу мамлакатдаги биринчи рус тасвирий санъати давлат музейи. Музейнинг ташриф буюрувчилар учун тантанали очилиши 1898 йил 19 мартда бўлиб ўтган. Музей коллекцияси 400 мингдан ортиқ экспонатларни ўз ичига олади ва рус санъатининг барча тарихий даврлари ва ривожланиш анъаналарини, асосий турлари ва жанрларини, йўналишлари ва мактабларини қамраб олган.

Музейнинг асосий экспозицияси Михайлов саройида ва Бенуа корпусида жойлашган.

Ташриф якунида давлат раҳбарлари норасмий нонуштада минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

Шу билан давлат раҳбарларининг Россияга норасмий ташрифи якунланди.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг