Қирғизистонда озодликнинг овозини ўчиришга бўлган ҳаракат давом этмоқда

Журналистларга босим ўтказиш билан бирга мухолафатчи фаоллар қамоқхоналарда қолдирилмоқда.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги “Азаттиқ Медиа” веб-сайтларини блоклаш ҳақидаги қарорини ўзгартирмайди. Бу ҳақда “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматига вазирликнинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Салқин Сарнўғўева маълум қилди.

Блоклаш вақти узайтирилди

Унинг айтишича, сайт ишини чеклаб қўйиш ҳақидаги қарорга сабаб бўлган материал сайтдан олиб ташланмагунча нашрнинг сайтлари блокланган ҳолда қолаверади.  Шу билан бирга, Сарнўғўева сайтларни блоклаш муддати қонун талабларида кўрсатилмаганини ва шу сабабдан вазирлик норозилигига сабаб бўлган материал олиб ташланганидан кейингина сайтдаги блоклаш тўхтатилишини маълум қилди.

Норозилик туғдирган материалда қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақида гап бориб, унда норози бўлган тарафнинг фикрича, Қирғизистон манфаатларига зид гаплар айтилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 26 октябрида Маданият вазирлиги “Азаттиқ”нинг веб-сайтларини икки ойга блоклашга қарор қилган эди. 31 октябрь куни эса вазирлик нашрнинг банкдаги ҳисоблари ҳам блоклангани ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш ва тушунтиришсиз оғзаки хабар берган.

“Азаттиқ” сайтлари блокланганидан сўнг, Миллий телерадиокомпаниянинг “Биринчи радио” канали ва НТС телеканалининг «Санжира» радиоси “Азаттиқ”нинг телекўрсатувлари ва радио эшиттиришларини эфирга узатишни тўхтатди. Бунинг кетидан мамлакат парламенти нашрнинг 11 нафар мухбирининг аккредитациясини тўхтатгани маълум бўлди.

“Азаттиқ Медиа” Маданият вазирлиги қарори устидан судга шикоят берди ва маъмурий шикоят кўриб чиқилгунга қадар блоклаш тўғрисидаги қарор ижросини тўхтатиб туришни сўради. Лекин бу талаб ва шикоят суд томонидан қаноатлантирилмади.

…Қамоқ ҳақидаги қарор ҳам

Шу вақтнинг ўзида Бишкек шаҳар суди “Кампиробод иши” деб аталган судланувчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиб, парламентнинг собиқ депутати Равшан Жеенбеков ва Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асановни 2023 йилнинг 26 февралигача қадар Бишкекдаги 1-сон тергов изоляторида қолдирди. Шунингдек суд фуқаролик фаоллари Атай Бейшенбек, Чингиз Қапаров ва Марат Баязовларни ҳам 2023 йилнинг 20 февралига ана шу тергов изоляторида ҳибсда қолдиришга қарор қилди.

Судда Жеенбеков иш бўйича кўплаб айбланувчиларнинг соғлиғи ёмонлашганини таъкидлади. Бунинг далили ўлароқ суд пайтида Чингиз Қапаровнинг аҳволи ёмонлашгани сабабли “тез ёрдам” бригадаси етиб келган. Бу иш бўйича қамалганларнинг қарийб 20 нафари норозилик сифатида очлик эълон қилишган ва уларнинг соғлиги ёмонлашиб бораётгани ҳақида хабарлар берилмоқда.

Маълумки, шу йилнинг октябрида 30 га яқин сиёсатчи ва фаол “оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрган” деган гумон билан ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганлар бу жиноят ишини Кампиробод сув омбори ерларини ҳимоя қилиш қўмитаси тузишгани учун қилинаётган сиёсий таъқиб, деб ҳисобламоқдалар.

Қамалганларнинг яқинлари ва жамоатчилик уларни озодликка чиқаришини сўраб президент Садир Жапаровга мурожаат қилишди. Лекин президент судлар ишига аралаша олмаслигини айтиб, бу илтимосни рад этди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг