Олтин можароси. Қирғизистоннинг енгилишга ҳаққи йўқ

Машҳур олтин кони атрофида бўлаётган халқаро можаро ҳар икки томон учун ҳам ҳаёт-мамот жанги бўлиб қолиши мумкин.

Қирғизистонда “Қумтўр” олтин кони иши бўйича собиқ бош вазирлар, парламент депутатлари ва бошқа амалдорлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида (МХДҚ) сўроқ беришяпти. Уларнинг бир қисми қамоққа олинаётгани ишнинг нақадар жиддий эканидан дарак беради.

Охирги кунларда қамоққа олинганлар орасида Жўғўрқу Кенешнинг амалдаги депутатлари Асилбек Жээнбеков (собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг иниси) ва Тўрўбай Зулпуқаровлар, собиқ бош вазир Ўмирбек Бабанов, собиқ депутатлар Исҳақ Пирматов ва Талантбек Узақбаевлар ҳам бор.

Собиқ бош вазирлар Игорь Чудинов ва Темир Сариевлар гувоҳ сифатида кўрсатма бериб чиқишди. Вазиятга изоҳ берар экан, МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев бу иш бўйича собиқ президентлар ҳам жавобгарликка тортилишини эҳтимоли борлигини айтган.

1994 йилдан буён қазилиб келаётган олтин кони

Талашга тушган “Қумтўр” ҳақида

Аталган олтин кони ва маъданни қайта қайта ишловчи корхона Иссиқкўл вилоятида, денгиз сатхидан 3,6-4,2 минг метр баландликда жойлашган. 2021 йилнинг 7 майига қарата компаниянинг капитал кўринишидаги нархи 2 млрд. 310 минг долларга баҳоланган. Компания акцияларида Қирғизистоннинг улуши 26,5% фоизнигина тузади.

Корхонада 2 500дан ортиқ одам ишлайди. Улардан 81 нафари ажнабий. Ходимларнинг қанча ойлик олишлари сир тутилади. Корхона собиқ ишчиларидан бирининг “Азаттиқ” радиосига берган маълумотига кўра, у 40 мин сўм ойлик олиб турган. Бошқалар иш стажи, билим ва тажрибаси, эгаллаган лавозимига қараб 130 минг сўмгача маош олишади.

Можаронинг тарихи

Можаро “Қумтўр” конини Канаданинг “Камеко” ва “Центерра голд инк” номлари билан 1991 йилдан бери бошқариб келаётган корхона ва Қирғизистон ҳукумати ўртасида анча аввал бошланган.

Қирғизистон ҳукумати “Қумтўр” компаниясини 1995 йилдан бери Давидов ва Лисий музликларига тегишли 178 млн. кубметр музни йўқ қилишда айблади. Бундан ташқари кон иши бўйича тузилган махсус давлат комиссияси Қирғизистон ва Канада компанияси ўртасида 1992, 2003, 2009 ва 2017 йилларда имзоланган келишимларнинг барчаси Қирғизистоннинг зарарига тузилганини, оқибатда мамлакат катта иқтисодий ва экологик талофотлар кўргани ҳақида хулосага келган.

Комиссия аъзолари бу ҳолатга аввалги ҳокимият вакилларининг коррупцион ҳаракатлари сабаб деб ҳисоблайдилар. Мисол тариқасида айтиладики, 2003 йили “Центерра голд инк.” компаниясининг 3,8% акцияси тўнғич президент Асқар Ақаевнинг оиласига алоқадор компанияга совға қилиб, бу акциялар 44,6 млн. долларга сотилган. Шундан сўнг “Центерра” Қирғизистондаги яна бешта олтин конини ишлатиш учун лицензия олган.

Яъни шунга ўхшаш турли операциялар орқали канадаликлар давлат раҳбарларини сотиб олишган. Натижада 2004 йили Қирғизистон Қумтўрни назорат қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

Асқар Ақаев даврида мамлакатнинг компаниядаги ҳиссаси камайган бўлса, Қурманбек Бакиев даврида сармоячиларнинг ҳуқуқларини Халқаро арбитраж судида ҳимоя қилиш имконияти яратилди. Ақилбек Жапаров Қирғизистон “Центерра”га қўйилган айбловлар бўйича судлашишдан қўрқмаслигини маълум қилди.

Нотўғри тузилган келишимлар туфайли компания экологик хавфсизлик ва техника хавфсизлиги қоидаларини бузиб келган. Оқибатда кон ҳудудида юз берган 66 бахтсиз ҳодисада 19 киши ҳалок бўлган, 45 киши мажруҳ бўлиб қолган.

Неча пуллик можаро бу ўзи?

Давлат комиссияси экология талабларини бузгани учун жарима сифатида компаниядан 460 млрд. сўм (5,4 млрд. доллардан кўпроқ) жарима ундиришни таклиф қилди. 7 май куни Бишкекнинг Октябрь тумани суди экологик талабларни бузгани учун “Қумтўр”га 3 млрд. доллар жарима солган. Давлат пошлинаси сифатида компания яна 15 млн. доллар тўлаши керак. Бу қарор Бишкек шаҳар судида қўллов топса қонуний кучга киради.

Бир ҳафта ўтиб, «Кумтор» корхонаси идорасида тинтув ўтказилиб, компания иши билан боғлиқ жами 4 жиноий иш қўзғалгани айтилган. Компанияда ташқи бошқарув жорий қилиниб, Қирғизистон кон устидан тўла ўз назоратини ўрнатган.

Мутахассисларнинг фикрича, “Қумтўр” кони ишлай бошлагандан бери аталган музликлар ҳажми уч баробардан кўпроққа кичрайган. Лекин 2016 йили “Центерра” халқаро экспертлар фикрига таяниб, музликлар глобал илиш оқибатида эриган деб баёнот берди.

Можаро пайтида Канада компаниясининг Торонто ва Нью-Йоркдаги биржалардаги акциялари баҳоси 30%га тушиб кетган. Жумладан Қирғизистоннинг “Центерра”даги 28,8 фоиз улуши нархи 760 млн. доллардан 535 млн. долларга тушиб кетган.

“Центерра” ҳам бўш келмаяпти

Ўз навбатида “Центерра” компанияси АҚШ судида компанияни банкрот деб топиш бўйича иш бошлаган. Агар суд аризани қабул қилса, бутун дунё бўйлаб аталган компанияга нисбатан барча даволар ўз-ўзидан тўхтатилиши керак. “Центерра” олтин конини Қирғизистон ҳукумати ноқонуний равишда босиб олди деб, баёнот берди.

Компания Қирғизистон ҳукуматининг экология билан ва техника хавфсизлиги чоралари билан боғлиқ айбловларини асоссиз деб атади. Қирғизистон ҳам ўз навбатида компаниянинг АҚШ судига ариза билан мурожаат қилишини ноқонуний, ўзбошимча ҳаракат сифатида баҳолади. Яъни Қирғиз Республикаси мустақил давлат бўлиб, АҚШ суди қарорларининг унга дахли йўқ. “Қумтор”нинг фаолияти биргина Қирғиз Республикаси қонунчилигига бўйсунади.

Аксинча, “Центерра” Қирғизистон ҳукуматини ноқонуний ишларда айблаб, мисол тариқасида яқинда “Қирғизолтин” корхонаси орқали 29 млн. долларга яқин маблағни ясама ҳужжат асосида корхона ҳисобидан чиқариб олишга уринганини айтган.

Қирғизистонга бу пуллар жуда керак

Бугунги Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,2 млрд. доллардан ошиб кетди (ички қарзи 0,7 млрд. доллар). Бу ўртача ҳисобда мамлакат аҳолисининг ҳар бири (энди туғилган чақалоқдан тортиб) 750 доллар атрофида қарз дегани.

Ташқи қарзларнинг 42% Хитой давлатига тўғри келиб, агар бу қарзлар вақтида тўланмаса Хитой ўзи барпо этган иншоотларни Қирғизистондан олиб қўйиши ёки унинг ўрнига ер участкаларини талаб қилиши мумкин. Бу ҳам ўзаро кредит шартномаларида кўрсатилган. Хитойнинг шу йўл билан бошқа давлатларни ўзига қарам қилиб келаётгани ва ерларини тортиб олаётгани ҳақида мисоллар оз эмас.

Бундан ташқари Қирғизистон давлат бюджетида 82,5 млн. доллар дефицит бор. Тож вируси карантини туфайли давлат иқтисодиёти жуда оғир аҳволга келган. Шу сабабли юқорида аталган жариманинг ундирилиши ва йилига юз миллион долларлаб даромад келтирувчи “Қумтўр” конини давлат тасарруфига ўтиши Қирғизистоннинг улкан молиявий муаммоларини ҳал бўлишга ёрдам бериши мумкин.

Борди-ю, Қирғизистон судда канадаликларга ютқазиб қўйса, унда мамлакатнинг бугунги чуқур молиявий, иқтисодий ва ижтимоий муаммолардан чиқиб кетиши жуда мушкул бўлади. Ўз навбатида «»Центерра» «Қумтўр»ни олдириб қўйса, Қирғизистондаги бошқа конларни ишлатиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлиши мумкин. Компаниянинг бошқа давлатларда бундай сердаромад корхоналари йўқ. Яъни, у бутун ҳону-монидан ажралиши мумкин.

Садир Жапаровнинг роли

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2012 йили “Қумтўр” масаласи бўйича тузилган парламент комиссиясига раислик қилган. Ўша комиссия хулосасига кўра олтин кони ишини тўхтатиб, канадаликларни Қирғизистондан ҳайдаб юбориш лозим эди. Ҳар ҳолда ўшанда Садир Жапаров ва унинг сафдошлари Талант Мамитов (ҳозирги парламент раиси) ва Қамчибек Ташиев (ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси) “Қумтўр”ни давлат тасарруфига олиш талаби билан Бишкекда митинг ўтказишган.

Митингчилар парламент биносига темир тўсиқдан ошиб киришга уринишган. Кейинроқ бу иш бўйича Ташиев ва Мамитовлар қамоққа олиниб судланишган. Ўтган йил октябрдаги ҳокимият алмашувидан кейин Олий суд уларни ва Садир Жапаровни оқлади.

Қизиғи шундаки, Садир Жапаров ўтган йилнинг октябрида қамоқдан чиқиб, бош вазир лавозимини эгаллагач, энди “Қумтўр”ни давлат тасарруфига ўтказишга ҳожат йўқ эканини айтган. Унинг фикрича аталган конда бунга арзирли олтин қолмаган.

Олтин кони атрофидаги можаро бошлангач, Жапаровнинг позицияси ўзгарди. Жумладан у 15 июнь куни “Қумтўр” конига борди. Кон узлуксиз ишлаётганига, ходимларнинг маошларини вақтида олишаётганига, давлат бюджетига тўланадиган тўловлар ҳам вақтида амалга оширилаётганига гувоҳ бўлди.

Президент С. Жапаров ташқи қарзларни узишда «Қумтўр»дан унумли фойдаланмоқчи

Расмий қайд этилишича бир ойга етмаган вақт давомида компания 44 минг унций олтин сотиб, 40 млн. доллар миқдорида ялпи даромад олган. Кончилар билан учрашув чоғида Жапаров компания ҳисобидан Норин вилоятини ривожлантириш фондини ташкил этиш ва Балиқчи-Барсқовун автомобиль йўлини қайта қуриш ҳақида топширма берди.

Кондан ким қанча фойда кўради?

“Қумтўр” Қирғизистондаги энг йирик корхона бўлиб, мамлакат ички ялпи маҳсулотининг 10 фоизини ва ялпи саноат ишлаб чиқаришининг 20%ини беради. Компания берган маълумотга кўра, 1994 йилдан бери Қирғизистон “Қумтўр”дан 3 млрд. 472 минг доллар фойда олган. Ундан бўлгани 93,3 млн. доллари дивиденд кўринишида бўлган. Охирги уч йилда мамлакат умуман дивиденд олмаган.

Шу вақтнинг ўзида “Центерра” 2017 йили “Қумтўр”дан 15,9 тонна олтин қазиб олган ва 685 млн. доллар даромад олган. 2016 йилда эса “Қумтўр” компанияга 757 млн. доллар даромад келтирган. Унинг “Қумтўр”дан олган соф фойдаси 2016 йилда 151,5 млн., 2017 йилда 209,5 млн. долларни тузган.

Иш бошлагандан тортиб “Қумтўр”дан 326 тонна олтин қазиб олинган. Бу вақт давомида корхона ишини таъминлаш учун “Центерра” унга 3,4 млрд. доллар сармоя сарфлаганини айтади. Корхонага Қирғизистон умуман сармоя киритган эмас.

Экспертлар нима дейди?

“Қумтўр” атрофидаги можаролар халқаро экспертларнинг ҳам диққат марказида.  Масалан, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази ходими Беате Эшмент канадаликларнинг айби борлигини инкор қилмайди. Унинг “Немис тўлқини”га берган суҳбатида канадаликларнинг айби бўлса ҳам Қирғизистон улар билан бирга ишлашни давом этдириши керак эди, деб ҳисоблайди. Сабаби мамлакат конни мустақил ишлатишга қодир эмас.

Лекин бошқа экспертларнинг фикрича, бу ишлар Россиянинг қўллови билан бўлаётган бўлиши эҳтимол. Агар Россия ёрдам берса, Қирғизистон бу муаммолардан чиқиб кетиши енгил бўлади. Инқирозли вазиятлар тадқиқоти маркази ходими Наталья Харитонова шундай фикрда. Немис радиосига берган интервьюсида у Қирғизистон конни канадаликлардан олиб Россияга бериши мумкин деган тахминни айтган.

Абдумўмин Мамараимов, Бишкек

Суратлар “Қумтор голд Компани” сайтидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг