Путин мигрантларга енгилликлар бериш ҳақида янги фармонга қўл қўйди

Меҳнат мигрантларига Россияда қолиб ишлаш учун берилган енгилликлар муддати 2021 йилнинг октябрига қадар узартирилди.

Россия президенти Владимир Путиннинг махсус фармонига кўра карантин муносабати билан меҳнат мигрантларига берилган енгилликлар муддати 2021 йилнинг октябрига қадар узартирилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.

“Россия ҳудудида юрган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан 2021 йилнинг 30 сентябрига қадар… Россия ҳудудидан куч билан чиқариб юбориш, депортация ёки чет давлатларга бериб юбориш, Россия ҳудудига киришни таъқиқлаш, Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик юриш муддатини қисқартириш каби чоралар қўлланилмайди”, – дейилади аталган янги фармонда.

Сайтимизда аввал хабар қилинганидек, Россия президентининг 2020 йилнинг апрелидаги махсус фармонига кўра карантин киритилиши сабаб Россияда қолиб кетган чет эл фуқаролари рухсат қоғозисиз бемалол у ерда қолиб, ишлаб туришлари мумкин эди. Аталган енгилликлар бугун, яъни 2021 йилнинг 15 июнига қадар амалда бўлган.

 

Бундан ташвишга тушган мигрантлар кўплиги сабабли улар рухсатнома олиш учун Миграция хизмати қабулига бир неча кун олдиндан ёзилиб қўйишга мажбур бўлаётган эдилар. Турли маълумотларга кўра бугун Россияда 1 миллиондан ортиқ қирғизистонликлар яшаб, меҳнат қиладилар.

Охирги йилларда тож вируси ва бошқа сабабларга кўра, асосан Россия рублининг қадрсизланиши оқибатида мигрантларнинг даромадлари кескин камайиб, улар ўз уйларига қайта бошлаган эдилар. Бунинг натижасида Россиянинг турли шаҳарларида, айниқса Москва ва Санкт-Петербург каби пойтахт шаҳарларида ишчи кучига талаб кескин кучайиб кетган. Юртларига кетиб, яна ишсизликдан қийналган қирғизистонликлар эса чипта нархлари бир неча баробар кўтарилиб кетганига қарамай, яна Россияга жўнай бошлаган эдилар.

Хуллас, энди меҳнат мигрантлари, улар қаторида бизнинг юртдошларимиз ҳам, зарур ҳужжатларини расмийлаштириб олишлари учун қарийб уч ярим ой қўшимча вақтга эга бўлдилар. Энди улар бундан унумли фойдаланиб қоладиларми, ёки яна беғамлик қилиб бу ишни ортга суриб қўядиларми, омон бўлсак кўрармиз.

Россия ИИВ берган маълумотга кўра, ўтган йилнинг март ойида бошланган тож вируси билан боғлиқ карантин бошланганда Россияда юриш муддати тугаган 1 миллион 600 минг чет эл фуқаролари бўлган. Карантин даврида улардан 450 нафари Россиядан мажбурий тарзда чиқарилиб, махсус рейслар билан ватанларига жўнатиб юборилган.

Бобур Мирзоев, Бишкек.

Суратлар интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг