Евроосиё иқтисодий кенгаши: Аҳвол оғир, лекин имкониятлар ҳам йўқ эмас

Бишкекда ўтган Евроосиё иқтисодий кенгашида нималар ҳақида гап бўлди?

 

Ўтган ҳафта охирида, 9 декабрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ташкилотга аъзо мамлакатларнинг раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказдилар. 

Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Ала-Арча” давлат қароргоҳида аъзо давлатларнинг раҳбарлари Никол Пашинян (Арманистон), Александр Лукашенко (Беларус), Қасим-Жўмарт Тўқаев (Қозоғистон), Россия президенти Владимир Путинни кутиб олди.

Қўл бериб кўришиш ва биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг тор доирадаги мажлиси бошланди. Кун тартибига 17 та масала киритилган бўлиб, иқтисодий вазият, Евроосиё маконида интеграция масалалари ва ЕОИИнинг 2022-йилдаги фаолияти натижалари муҳокама қилинди.

Сўнгра Евроосиё иқтисодий олий кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида нутқ сўзлаган Садир Жапаров ўтаётган йилда ташкилотга раислик қилган давлат сифатида бундан буён ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқининг халқаро йўналишини фаол ривожлантириш ва узоқ муддатли ҳамкорлар билан савдо алоқаларини кенгайтиришни давом эттиришини билдирди.

Ташкилот ташқаридан имкон излаяпти

Қизиғи, ташкилот унга аъзо давлатларнинг ўзаро иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, ягона иқтисодий ҳудуд ва бозорни шакллантириш мақсадида тузилган эсада, бошқа давлатлар билан алоқани кучайтириш устида ҳам иш олиб бормоқда. Шу вақтнинг ўзида ташкилотга аъзо давлатлар орасидаги божхона, ягона солиқ, товар ўтказиш, меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, энергетика ва транспорт соҳасида қатор ҳал бўлмаган муаммолар мавжуд.

Садир Жапаров 2021-2022 йилларда содир бўлган энг муҳим воқеалар сифатида Эрон билан эркин савдо зонасини шакллантиришга олиб келадиган протоколнинг кучга кириши, Индонезия билан эркин савдо ҳудуди тўғрисида битим тузиш бўйича музокаралар жараёнининг бошланиши, Бирлашган Араб Амирликлари билан эркин савдо зонасини ташкил этиш бўйича музокараларни бошлаш ташаббусини қўллаб-қувватланганини биринчи галда санаб ўтди.

Жапаров шунингдек, ташкилот доирасида иқлим муаммолари бўйича аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг биринчи чора-тадбирлар пакети қабул қилингани, Иттифоқнинг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларни кузатиш механизмини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга тушириш тўғрисида қарор қабул қилингани, хизматлар бозорини либераллаштириш бўйича ишлар амалга оширилгани ҳақида билдирди.

“Бирлашмамиз фаолиятига қизиқиш географияси кенгаяётганидан жуда мамнунман. Мен буни ЕОИИ глобал иқтисодий архитектурада жадал ривожланаётган ташкилот сифатида тан олинишининг яққол кўрсаткичи деб биламан”, – деди Жапаров.

Унинг фикрича, “глобал молиявий-иқтисодий концентрация қутбининг Осиёга силжиши шароитида биз ушбу алоҳида минтақага устувор аҳамият беришда давом этишимиз керак”.

“Қувонарлиси, бугун биз 2023-йилда ЕОИИ халқаро фаолиятининг асосий йўналишларини тасдиқлаймиз, уларда иттифоқнинг келгуси йилдаги халқаро фаолиятининг асосий векторлари ва амалий устувор йўналишлари акс эттирилади”, – деди Садир Жапаров.

Россия ташкилот доирасидаги ҳамкорликка урғу беради

Шу вақтнинг ўзида Украинадаги босқини туфайли АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари киритган санкциялар остида қолган Россия кўпроқ ташкилот доирасида иш юритишдан манфаатдор. Чунки санкциялар оқибатида Европа ва Осиёнинг кўплаган давлатлари Россия билан иқтисодий алоқаларини кескин қисқартиришга мажбур бўлишса, юзлаб чет эл компаниялари Россия бозорини тарк этдилар. 

Россия президенти Владимир Путин Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишидаги нутқида Иттифоқ мамлакатлари ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланаётганини таъкидлади. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу ҳамкорликдан ташкилотга аъзо давлатлар ҳам жуда манфаатдорлар. Фақат уларни ушбу улкан лойиҳаларни амалга ошириш баробарида Россиянинг сиёсий манфаатлари олдинга чиқиб кетаётганидан ташвишдалар. Масалан, ўтган ҳафта Россия президенти Путин таклиф қилган газ соҳасидаги Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон “учлик иттифоқи” икки давлатда қўллов топмади.

Биринчи бўлиб бу таклифдан бош тортган Қозоғистон ўз қарорини Россияга қарши киритилган санкцияларга тушиб қолиш қолиш хавфи ва бу янги иттифоқ доирасида Россияга қарамлиги ортиши хавфи билан тушунтирди. Орадан кўп ўтмай бу таклифни Ўзбекистон ҳам рад этди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотда айтилишича, Ўзбекистон газ бўйича алоҳида келишувлар доирасида иш олиб боришга тайёр экани, бироқ бу масалада сиёсий ташкилот тузилишига қарши эканини маълум қилди.

Владимир Путин бугун ЕОИИ давлатларининг энергетика соҳасидаги ваколатли органлари раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинишини билдирди. Путиннинг таъкидлашича, тор доирадаги учрашувда етакчилар бу ҳақда “тўғри ва мазмунли гапирганлар”.

“Менимча, ўзаро тушуниш бор. Биз барча режаларимизни амалга ошириш учун олдинга интиламиз. Россия, албатта, миллий иқтисодиётларни узоқ муддатли асосда асосий энергия ресурслари билан таъминлаш ва иттифоқ учун умумий энергия бозорларини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни профессионал тарзда ҳал қиладиган бундай мувофиқлаштирувчи тузилмани яратишни қўллаб-қувватлайди. Тегишли режаларимиз бор ва биз уларни амалга оширишга интиламиз”, – деди Россия президенти.

Шунингдек, Путин беш давлат транспорт ва логистика соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади. Уларнинг юк ташиш кўрсаткичлари ўсиб бормоқда, бу иттифоқда ўтказиш қобилиятининг яхшиланганидан далолат беради. Аммо шу вақтнинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида тез-тез бир неча чақиримга чўзилган юк машиналарининг туриб қолиши ёки Марказий Осиё давлатларидан Россия шаҳарларига етиб борган юк машиналарининг юклари қонунга зид олиб келинганини рўкач қилиб, орқага қайтарилиб юборилаётгани ва оқибатда олиб борилган мева-чевалар айниб, ишбилармонлар касодга учраётгани бу соҳадаги муаммолар ҳануз ўз ечимини топа олмай келаётганидан дарак беради.

Экспертларнинг фикрича, бундай чораларни Россия турли иқтисодий ва сиёсий мақсадда тузилган ташкилотлардаги ҳамкорларига тазйиқ ўтказиш учун қўллаб келади. Транспорт соҳасида ҳам кўп йиллар давомида айнан Россия ва қисман Қозоғистон “Қирғизистон-Ўзбекистон-Хитой” темир йўли қурилишига тўсқинлик қилиб келишгани маълум. Чунки улар Марказий Осиё давлатларининг арзон ва қулай йўллардан эмас, айнан уларнинг ҳудуди орқали ўтган темир йўллардан фойдаланишини истайдилар.

Сўзи охирида Россия президенти йиғилиш иштирокчиларини келаётган янги йил арафасида Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарларининг анъанавий норасмий учрашувига таклиф этди. Бу учрашув Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши шароитида ўтадиган биринчи учрашув бўлиб, унда иштирок этиш ҳам МДҲ давлатлари раҳбарлари учун халқарор майдонда айрим сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Газ, санкциялар ва… яна янги қарорлар

“Биз учун умумий газ бозорини шакллантириш масаласи нозик бўлиб қолмоқда”, деди Арманистон бош вазири Никол Пашинян ушбу кенгайтирилган йиғилишда.

Унинг сўзларига кўра, иттифоқ мамлакатлари умумий газ бозорини шакллантириш бўйича халқаро шартнома лойиҳасининг юқори даражада тайёрлигини таъминлашга муваффақ бўлишди. Аммо бир қатор ҳал этилмаган муаммолар сақланиб қолмоқда.

“Биз барча давлатлар ЕОИИ умумий газ бозоридан имтиёз олганида консенсусга эришиш учун мослашувчанликни намойиш этишга тайёрмиз”, – деди Никол Пашинян.

Пашиняннинг сўзлари кўрсатиб турганидек, ташкилот доирасида жуда кўп қарорлар ва ҳужжатлар қабул қилинади, бироқ уларни тез ва соз амалга ошириш деярли сира мумкин бўлмай келяпти.

Шунингдек, Пашинян сўнгги йилларда Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ривожланиши оғир шароитларда кечаётганини таъкидлади. Бундан ташқари у йиғилганларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг миллий устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда Евроосиё интеграцияси самарасини максимал даражада ошириш учун саъй-ҳаракатларни жамлашга чақирди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев ўз нутқида: Евроосиё иқтисодий комиссиясига (ЕИК) санкциялар оқибатлари устида ишлаш ваколатини беришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, ЕОИИ мамлакатлари иқтисодий бўлимлари раҳбарларидан иборат гуруҳ бу йўналишда иш олиб бормоқда. Аммо, Қозоғистон президентининг фикрича, ЕИК жараёнга раҳбарлик қилиши керак.

Тўқаев 2022 йилнинг жаҳон иқтисодиёти учун оғир йил бўлганини, коронавирус пандемияси оқибатларидан қутулишга улгурмаган халқаро ҳамжамият янги геосиёсий ва иқтисодий муаммоларга дуч келмоқда. У гарчи очиқ айтмасада, бунга сабаб Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли мана шундай вазият юзага келганига ишора қилди.

“Ҳозирги геосиёсий нотинчлик шароитида иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш, иттифоқ тамойиллари ва мақсадлари доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш биз учун ниҳоятда муҳим”, – дея хулоса қилди Қозоғистон президенти.

Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида янги 15 та ҳужжат қабул қилинди. Улар орасида 2014-йилда қабул қилинган битимга электрон шаклда хизматлар кўрсатишда билвосита солиқларни ундириш тартибини белгилаш нуқтаи назаридан ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома ҳам бор.

Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари билан эркин савдо шартномасини тузиш, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг 2023-йилга мўлжалланган халқаро фаолиятининг асосий йўналишлари, Евроосиё иқтисодий комиссияси иш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш бўйича музокараларни бошлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Бундан ташқари яна бир тузилма – ягона хизматлар бозори фаолият юритувчи хизматлар тармоқлари рўйхатига ўзгартиришлар киритиш бўйича кенгаш ташкил этишга қарор қилинди. “Евроосиё иқтисодий иттифоқини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” медали билан тақдирлаш масаласи ва бошқалар хусусида келишиб олинди.

Йиғилиш натижаларига кўра, янги йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқи органларига раислик қилиш Россия Федерациясига ўтказилди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг