Бишкек ва Тошкент дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳарлари ичида пешқадам

Тошкент бу соҳада илғорликни қўлдан бермай келаётган Қирғизистон пойтахти ортидан келмоқда.

Халқаро AirQuality Интернет хизмати берган маълумотга кўра, Қирғизистон пойтахти Бишкек 11 декабрь куни дунёнинг ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлари рўйхатида яна биринчи ўринни эгаллади. Бишкекнинг бу масаладаги илғорлигининг тез-тез такрорланиб туриши одатий тусга кирган.

Пойтахтда ҳаво сифати индекси 288 бирликни ташкил этди. Халқаро андозаларга кўра, 50 баллгача бўлган ҳаво тоза, 300 баллдан ортиғи эса яшаш учун ўта хавфли ҳисобланади.

Ҳар йили қишда Бишкекда совуқ ҳавонинг бошланиши билан ҳаводаги заҳарли ПМ2,5 зарралари даражаси кескин ошади. Йил бошида табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Динара Қутманова 2016 йилдан бери Бишкек доимий равишда дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлари ўнлигига кириб келаётганини таъкидлаган эди.

Бунинг олдини олиш мақсадида 2021 йилда мамлакат Вазирлар маҳкамаси Бишкекдаги ҳаво ифлосланиши муаммоларини ўрганиш бўйича фавқулодда идоралараро комиссия тузган эди. Лекин расмийлар эълон қилаётган на бу ва на бошқа чоралар аҳволни заррача ўзгартира олмаяпти. Бишкекка кираверишда бир неча чақирим наридан шаҳар устидаги қуюқ қора булут каби заҳарли моддалар тутуни кўзга яққол ташланади. Шаҳар кўчалари ва боғларида эса “тоза ҳавода сайр қилиш” деган нарса гўёки одамни масхара қилиш билан баробар. Айрим ҳудудларда аччиқ тутунсимон модда зарралари ҳатто кўзни ва томоқни ачиштирадиган даражада қалин қоплаган.

Финляндия метеорология институтининг Бишкекдаги ҳаво сифати бўйича яқинда ўтказган тадқиқоти шуни кўрсатдики, Қирғизистон пойтахти ҳавосини ифлослантирувчи асосий манба уйларни иситиш учун ишлатиладиган кўмирдир. Пойтахт асосан Иссиқлик энергия маркази (ТЭЦ) орқали иситилади. У ерда эса кунига тонналаб ёқилган кўмир тутуни ва майда кукуни зарралари тинимсиз шаҳар бўйлаб таралади.

Мутахассисларнинг айтишича, шаҳар дастлаб қурилган даврда архитекторлар унинг жанубий қисмига кўп қаватли бинолар қурмаганлар ва тоғ томондан келадиган тоза ҳаво оқими шимол томонга бемалол эсиб, шаҳар ҳавосини алмаштириб турган. Кейинги йилларда эса айнан ўша тақиқланган ҳудудларга ноқонуний тарзда тушган кўп қаватли уйлар шаҳарни “бўғиб” қўйган, яъни шаҳар устидаги тутун ва чанг зарралари шу ернинг ўзида туриб қолмоқда.

Хусусий уйлар жойлашган ҳудудларнинг аҳволи ҳам баттар бўлса борки, шаҳар марказидан яхши эмас. Бу ердаги уйларда асосан камроқ таъминланган одамлар яшагани боис, арзон лекин заҳарли кўмир ёқишади. Кўп ҳолларда одамлар машина резиналари ва ёки тикувчилик цехларидан чиққан матоларнинг парчаларини печкага тиқишади. Шаҳар осмони шундоҳам тутун билан қоплангани боис мўрилардан чиққан тутунлар ер усти бўйлаб тарқалади.

Бишкек шаҳри турғуни Қаноатхон Деҳқанованинг айтишича, кундуз кунлари ҳам ҳаво ифлослигидан оғиз-бурунни рўмол ёки шарф билан тўсиб юришга тўғри келади.

“Ҳаво бироз совуқ бўлса-да, гоҳида уйдан чиқиб, тоза ҳавода сайр қилгинг келади. Лекин уйдаги ҳаво ташқаридагидан тоза, ҳаммаёқ аччиқ тутун. Ёнгинамиздаги истироҳат боғини ҳам кўмир ва латта-путталар ёнишидан чиққан қўланса ҳид тутган”, – дея шикоят қилади у. – Бишкек бутун бошли давлат пойтахти бўла туриб, шу аҳволда яшаётганимиз аянчли”. 

Давлат ва шаҳар раҳбарияти доимий равишда муаммонинг ечимини излаётганларини айтиб келишади, бироқ аҳвол бир неча йиллардан бери фақатёмон томонга ўзгаради. Чунки ички миграция туфайли шаҳар аҳолиси сони ўсмоқда, одамларнинг даромадлари камайиши оқибатида, қимматлашиб бораётган газ ва электр иситиш ускуналаридан фойдаланганлар сони озаймоқда. Бу эса кўмир ва бошқа зарарли ёқилғи турларидан фойдаланишни кўпайтирмоқда.

Қувиб етиш арафасидами?

Яқин йиллардан бери юқорида айтилган жаҳон рейтингида қўшни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳам тилга олина бошлади. Сўнгги, 12 декабрь берилган маълумотга кўра, Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида 7- ўринни эгаллаган. Тошкент ҳавосидаги PM2.5, яъни заҳарли заррачалар даражаси 188 кўрсаткичга етган.
Рейтинг муаллифлари берган хабарда бу билан сўнгги бир йил ичида Тошкентда тўртинчи марта ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши кузатилгани айтилади.

Умуман олганда IQAir индексида Тошкент шаҳри дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида тилга олинади. Ташкилотнинг ўтган йилги ҳисоботида ҳам шаҳардаги ҳаво даражаси «ўта носоғлом» даражасида баҳоланган эди.
Шу куни Бишкек иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринга эса Ироқ пойтахти Бағдод чиққан. Қозоғистон пойтахти Остона эса рейтингда 46-ўринда экани қайд этилган.
Мутахассисларнинг аниқлашича, ҳавонинг ифлосланиши дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби экан. Жаҳон банки берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда вафот этган ҳар 100 минг кишидан 81 нафари ҳаво ифлосланишидан ўлади.
Ҳавонинг бу қадар ифлосланишига табиий офатлар ҳам сабаб бўлиши маълум. Масалан. 2021 йилнинг 4 ноябрида Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кўтарилган. Ўша куни тунга яқин Тошкент шаҳрида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошган ва шаҳар биринчи бор жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида 1-ўринга чиққан эди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг