“Газ иттифоқи” керак эмас, Шавкат Мирзиёев эса Бишкекка кейинроқ келади

Ўзбекистон ҳам Россиянинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан тузмоқчи бўлган “учлик иттифоқини” қўлламади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка расмий ташрифи кейинга қолдирилди. Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи аввалига декабрнинг дастлабки кунлари, Евроосиё иқтисодий иттифоқи раҳбарлари саммитидан олдин кутилган, кейинроқ эса 10 декабрда кўчирилгани айтилган эди.

Эртага, 9 декабрда Бишкекда бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирган давлатларнинг раҳбарлари саммитига Ўзбекистондан мамлакат бош вазири Абдулла Арипов келадиган бўлди. Бугун айрим давлатлар раҳбарлари Бишкекка кела бошладилар. Жумладан саммитга Россия президенти Путиннинг келиши ҳам кутилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон президентининг жорий йилнинг охиригача Қирғизистонга ташриф қилишини маълум қилди, лекин бу ташрифнинг қачон бўлиши ҳозирча ноъмалум. Бундай қарор икки давлат президентларининг телефон орқали мулоқоти пайтида қабул қилингани маълум, лекин ташрифнинг қолдирилиши сабаби расман эълон қилинмади. Бунинг сабабини Бишкекка Россия президенти Путиннинг келиши ва у билан учрашиш Ўзбекистон раҳбари учун унчалик муҳим бўлмай қолгани билан тушунтириш мумкин.
Аввал маълум қилганимиздек, Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ўзига хос “газ иттифоқини” тузиш ташаббусини Қозоғистон очиқча рад этди. Чунки бу мамлакатнинг Россияга бўлган қарамлигини ошириши мумкин бўлиб, Қозоғистон бунга йўл қўя олмаслигини айтди.

Иккинчидан, бундай “иттифоқнинг” тузилиши Россияга қарши кенг қамровли иқтисодий санкциялар киритаётган АҚШ ва бошқа ғарб давлатларига ёқмаслиги аниқ эди. Қолаверса, Америка ва Европа Иттифоқи Россиянинг санкцияларни четлаб ўтишига кўмаклашган давлатлар ҳам санкцияга дучор бўлишлари ҳақида огоҳлантиришган. Қисман шу сабабли бугун Хитойдек буюк давлат ҳам Россия билан олисроқдан туриб муомала қилишга мажбур бўляпти.

Бугун Ўзбекистон Россиянинг таклифига қўшилмаслигини расман баён қилди. “Ўзбекистон Россия билан газ шартномаларини имзолашга тайёр, бироқ “газ иттифоқига” кириш ниятида эмас”. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди. Вазир Ўзбекистоннинг “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмаслигини” ҳам айтди.

Мирзамаҳмудов қўшимча қилиб айтдики, ҳозирда Москва ва Тошкент Россия газини қўшни Қозоғистон орқали етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда, бироқ «бу техник шартнома бўлади». Яъни, яна битта сиёсий ташкилот тузишга зарурат йўқ.

Бугунги кунда Ўзбекистонда газ таъминоти жиддий узилишларга учраб, аҳоли бундан жиддий азият чекмоқда, газ билан ишлайдиган бир нечта катта корхона ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган. Табиий газ тақчиллиги туфайли ҳатто Хитойга кунига 6 миллион кубометр газ экспорт қилиш ҳам тўхтатилди. Мамлакатда суюлтирилган газни экспорт қилиш ҳам тақиқланди.

“Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бу [энерготаъминотдаги узилишлар – таҳр.] қандайдир ташқи омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолат. Ички истеъмолнинг ошиши, иқтисодиётимиз талабларининг ошиши, аҳоли сони, фаровонлиги ва даромадининг ошиши оқибатида энергоресурсларга бўлган талаб-эҳтиёжи кескин ошиб боряпти. Энг аввало шуни айтиш керакки, етарли ҳажмларда шу эҳтиёжни қондира олмаётганимиз бу бизнинг айбимиз”, – дея вазир Мирзамаҳмудовнинг сўзларини келтиради Кун.уз сайти.

Вазир аҳоли ва саноатда табиий газга бўлган талабнинг ортиб бораётгани табиий газни импорт қилиш заруратини келтириб чиқармоқда. Лекин бу қандайдир сиёсий мақсадлар билан боғлиқ бўлмаслиги керак.

“Бу эҳтиёжни қондириш, масалани ечиш мақсадида ҳозирги кунда биз аллақандай альянс, иттифоқ эмас, қўшни давлатлардан ўз эҳтиёжимиз учун зарур бўлган табиий газ ва электр энергиясини импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни қандайдир бировга бериб юбориш ёки бошқалар орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти”, – деди Мирзамаҳмудов.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойининг охирида Владимир Путин «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Москвага ташрифи чоғида бу таклифга қизиқиши йўқлигини очиқ намойиш қилган ҳолда бу масалани кўриб чиқиш лозимлигини ва Путин бу ҳақда гаплашиш Ўзбекистон президентига ҳам қўнғироқ қилмоқчи эканини айтган.
Орадан 2-3 кун ўтиб, чинданам Путин Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилгани маълум бўлди, бироқ Ўзбекистоннинг “газ иттифоқи” бўйича позицияси маълум қилинмаган эди.

Шу нарса ҳам маълумки, Украинага қарши босқини туфайли Россияга қарши тинимсиз киритилаётган санкциялар туфайли мамлакат ўзининг асосий даромади манбаи бўлган нефть ва газ экспортини кескин қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Бу давлат бюджетига тушадиган даромаднинг мисли кўрилмаган даражада қисқаришидан ташқари нефть ва газ саноатидаги корхоналар ишининг камайиши ёки умуман тўхташига олиб келиши мумкин.  Оқибатда минглаб ишчилар ишсиз қолиши ва мамлакатда норозилик кайфиятлари кучайиши мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг