Қирғизстонда ўзбек торининг саси нега бу қадар маҳзун?

Мамлакатда ўзбек миллий мусиқаси ва мумтоз қўшиқчилик санъатининг аҳволи ҳақида сўз.

Ўш вилоятининг Наримон қишлоғида яшовчи Иброҳимжон Жўраевнинг мўъжазгина устахонасида миллий куйлар гоҳ дағал, гоҳ хаста, гоҳида эса равон янграйди. Бунинг боиси эса, уста ўзбек миллий чолғу асбоблари таъмирлаб, уларни созлайди. Бошқача айтганда, Иброҳим ота кун давомида устахонасида хаста созлар билан диллашади. Уларнинг оғриқли жойини топиб, даволайди. Шундан сўнг соз яна тилга кириб, тиниқ куйлар яратади.

Биз устахонага кирган вақтда Иброҳим уста миллий чолғу асбобларидан торни таъмирлаш билан овора экан. У тузалган торнинг дастасини сайқаллаб, ишлов бериш арафасида эди.  

“Торда тўққизта қулоқ бўлади. Олтита катта, учта кичкина. Бундан ташқари торда ўн битта сим бўлади. Ундан асосан олти-еттитаси чертилади, қолгани шайтон ҳаррак деган жойини босиб, садо чиқаргани. Тор уч қисмга бўлинади: калла, даста ҳамда вакуум”, – дея асбоб билан таништирди уста.

Иброҳим Жўраевнинг сўзларига кўра, миллий асбобларни таъмирлаш билан 1986 йилдан бошлаб шуғуллана бошлаган. Бундан ташқари чолғу асбобларини ўзи ҳам ясайди. Асбобларни ясаш чоғида унинг ҳар бир қисмига диққат ва меҳр билан ишлов беради. Бу жуда зўр меҳнат талаб қиладиган иш. Асбобнинг қанақа ёғочдан ясалиши масаласи ҳам унинг назаридан четда қолмайди.

“Асосан қаттиқ ёғочдан ясалади. Тут, ўрик, ёнғоқ, чинор ва чилон дарахтларидан фойдаланилади. Ҳеч бир ишга чалғимасдан астойдил ўтирса, бир ойда битта чолғу асбобини ясаса бўлади”, – дейди Иброҳим уста.

Бундан ташқари Иброҳим отанинг мўъжаз устахонасида авлодлардан мерос бўлиб келаётган чолғу асбобларининг коллекцияси ҳам бор. Коллекцияда 1916 йилда ясалган рубобдан тортиб, танбур, гитара, афғон рубоби, виолончель, доира, скрипка ҳамда қирғиз қомузигача бор.

Бу буюмларнинг бу қадар ноёблиги боисидан Иброҳим уста ушбу устахонаси ҳамда коллекциясидаги чолғу асбобларини уларни қадрига етадиган, муносиб кишиларга мерос қилиб қолдиришни истайди.  

Бугунги кунда куй яратишда замонавий ускуналардан фойдаланилгани учун, устахонага камдан-кам санъаткор ташриф буюради. Асосан ўшлик санъаткорлардан Маъмуржон Шокиров, Расулжон Ураимжонов, Ҳамидилло Матхолиқов каби мумтоз қўшиқчилар ташриф буюришади.

“Яқинда Ҳамидилло Матхолиқовнинг торини таъмирлаб бердим. Сўнги вақтларда чолғу асбобларини таъмирлатишга камдан-кам санъаткорлар келишяпти. Буюртма беришса ясаб ҳам бераман. Лекин афсуски буюртмачилар кам”, – дейди уста.

Иброҳим устанинг сўзларига кўра, 30 йилдан ортиқ чолғу асбоблар билан тиллашиб, уларнинг дардларини тинглаб, жароҳатларига малҳам қўйиб келяпти. Дастлаб устахонаси Ўш шаҳридаги марказий бозорда бўлган. У ерда 2004-2010-йилларда гитара, скрипка, тор, рубоб каби торли асбобларни реставрация қиларди.

“Ўзим рубоб, тор ясаб қўйганман. Харидор йўқ. Қизиқишим катта бўлгани учун ўзим ясаган торлар билан диллашаман, қўшиқ ҳиргойи қилиб тураман”, – дейди Иброҳим уста.

Иброҳим отанинг устахонасига ҳар куни кириб, миллий мусиқаларни тинглашни одат қилган Иномжон Шодмонов бугуннинг ёшларини миллий мусиқага, чолғу асбобларга бўлган қизиқишини ошириш лозимлигини айтади.

“Ёшларни мактаблардан бу ерга экскурсия қилиб, олиб келиб, таништириб, мумтоз мусиқамиз тарғиб қилинса, уларни ясаш технологиялари ёшларга ҳам ўргатилса, устоз-шогирд анъаналари давом этар эди”, – деган фикрларини билдирди Шодмонов.

Ўшлик санъаткор Ҳамидилло Матхолиқов Иброҳим устанинг мижозларидан. Тори таъмир талаб бўлиб қолганда устанинг ёнига келади.

Санъаткорнинг айтишича, тор шундай нозик нарсаки, кўп чалинганда парда медиатрга тегади, кафт тегиб турган жойлари сийқаланиб, тешилиб қолади. Шунда созга тушиши қийин бўлиб қолади. Парда чўкиб қолади. Тор молнинг юрак пардасидан қилингани учун иссиқ-совуқни фарқини сезиб, пасайиб қолади. Шунда бошқа парда қоплатиш керак бўлади.

“Мен 2017-йилгача торимни Тошкентдаги Сирожиддин деган устага олиб борар эдим. Чунки торим жуда ҳам ноёб, нозик. У киши устозларимиз Камолиддин Раҳимов, Ортиқ Отажонов, Шерали Жўраев каби машҳур санъаткорларнинг чолғу асбобларини таъмирлаган зўр усталардан бўлган. Кейинроқ Иброҳим устага шогирдимнинг торини қоплаттирдим. Шундан сўнг ўзимнинг торимни 3-4 марта олиб бордим”, – деди Ҳамидилло Матхолиқов.

Маҳоратига ишонч ҳосил қилгач, шу-шу устанининг доимий мижозига айланди.

Торнинг яхши ясалгани ёки тўғри таъмирланганини чалганда билиш мумкин. Торнинг пардаларини теришига боғлиқ, пардалар бир-бирига боғланади, уларнинг ўзларини шаблонлари бор. Аниқ актавалари тўғри келиши керак. Торга сим тортилганда иккита ҳарраги бўлади. Тепада битта, пардани устида битта. Ана шу ҳарраклар дастага яқин бўлса, юмшоқ, чиройли бўлади. Баъзи усталар уни кўтариб юборади, пўлат симдан бўлгани учун қўлни қийиб, кесиб юборади.

“Буни ясаётган уста мусиқани кучли тушуниши, юракдан ҳис қилиши лозим. Шундагина торни ясаб ёки таъмирлай олади”, – дейди санъаткор.

Агар ёғочи нафис ясалган торга қалин парда қопланса, торни қийшайтириб юборади. Шундай усталар борки, пардани эътиборсизлик билан қоплаб қўяди. Бу эса иссиқ-совуқда парданинг ташлаб юборишига сабаб бўлади. Оқибатда куй нафис жарангламай қолади.

Иброҳим уста ана шундай нозиклик билан нафақат тор, балки бошқа чолғу асбобларни ҳам ясаб, таъмирлаб беради.

“Ўшда ҳозирча шу битта уста қолган. Қолган усталарнинг баъзилари ёши катта бўлиб қолгани учун бу иш билан шуғулланмаётган бўлса, баъзиларининг барча асбоб ускуналарига эга устахоналари йўқ”, – дейди Матхолиқов.

Санъаткорнинг сўзларига кўра, бугунги кунда миллий чолғу асбобларда қўшиқ тинглашга одамларда қизиқиш сўнмаган. Баланд овозли электроник техникалар, ёки фонограмма, яъни “минусовкалар” (сўзларсиз тайёр мусиқа. – таҳр.) одамларнинг жонига тегди. Буни тўйларда, концертларда яққол сезиш мумкин.

“Торда қўшиқ куйласак, одамлар мазза қилиб эшитаётганига гувоҳ бўляпмиз. Шовқинли мусиқалардан одамлар зерикди. Мусиқанинг ҳам қадри йўқ, сабаби ҳаммаси осон бўлиб қолган. Мусиқа тайёр “минус” ҳолатида келади”, – дейди хонанда.

Лекин ачинарлиси, Ўшдаги Бобур номли ўзбек давлат академик мусиқали драма  театридаги ғижжакчи, найчилар биттадан қолган. Уларнинг ортидан шогирд йўқ. Чунки бунга қизиқиб келадиган ёшларнинг ўзи йўқ, рубобга қизиққанлари ҳам бармоқ билан санарлик, дея куюниб сўзини якунлади Ҳамидилло Матхолиқов.

Иброҳим отанинг устахонасини тарк этар эканмиз, ичимизда қандайдир маҳзунлик сездик. Наҳотки халқимизнинг бой маънавий дунёсини ташкил қилган шундай меросимиз изсиз йўқолиб кетса?

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

Таҳририятдан: Иброҳим ота каби ноёб усталарнинг кўп йиллик тажрибаси ва бой меросини сақлаб, уларга қўллов кўрсатиш, бу каби санъатимиз дурдоналарини халқимиз, айниқса ёшлар орасида тарғиб қилиб, янги авлодни етиштириш бугунги кунда ҳаммамизнинг ишимиз бўлиши даркор. Бу жараёнга энг аввали миллий маданиятимиз, халқимиз маърифати билан шуғулланишга бел боғлаган турли номдаги ташкилотларимиз бош-қош бўлишлари керак эмасми?

Бу борада миллатимиз лидерлари номига даъвогарлик қилаётган ва ўзини миллат жонкуяри сифатида кўрсатаётган миллатдошларимиздан аниқ бир қадамлар кутиб қоламиз.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг