Ўн беш йилга яқин ёпиқ турган Бекобод пости қайта фаолиятини бошлайди

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги ушбу ўтказиш бекатини таъмирлаш ишлари якунланиб қолди.

Бу чегара бекати очилгач, икки давлат фуқаролари бу ердан ўз автомашиналарида ҳам ўтишлари мумкин бўлади. Илгарилари Ўзбекистоннинг Хонобод (собиқ Советобод) шаҳри орқали ўтадиган бу йўл Ўшшаҳрини мамлакат пойтахти ва бошқа ҳудудлари билан боғловчи энг яқин йўл эди.  

Бугунги кунда Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани аҳолиси Бекобод чегара ўтказиш бекатининг очилишини айниқса сабрсиaзлик билан кутмоқда. Декабрь ойида очилади, деб эшитганлар, кунига бу ерга тез-тез  келиб, яхши хабар кутишмоқда. Чунки ушбу ўтказма бекати ўн йилдан ортиқ ёпиқ турган. Бу давр мобайнида маҳаллий аҳолининг қўшни давлатдаги яқинлари билан алоқаси деярли узилиб қолган.

Бекободлик Назира Баймурзаеванинг сўзларига кўра, чегара бекати очилиб қолса, аҳолига катта қулайлик бўлади. Чунки, чегаранинг икки томонидаги маҳаллий аҳоли бир-икки чақирим олисликда яшашсада, бир-бирларини зиёрат қилиш учун ўнлаб чақирим йўлни айланиб ўтишлари керак.

“Бошқа чегара пунктларидан айланиб ўтиб, шу ерга келгандан кўра, тўғри, осон ўтиб олганимиз қулай. Таъзия, тўй-маросимларда борди-келдиларга йўл олислик қилиб қоляпти. Халққа жуда қийин бўлмоқда. Очилса яхши бўларди. Ҳаммамиз ҳам шуни кутяпмиз”, – дейди Назира Баймурзаева.

Бекободнинг яна бир яшовчиси Шаҳло Қодирова ҳам 10 дақиқада етадиган манзилига бошқа чегара бекатлари орқали айланиб, 2-3 соат сарфлашини айтади.

“Ушбу постнинг орқасида қариндошларим яшайдиган қишлоққа пиёда борсам, ярим соатда етаман. Сўнгги 15 йилдан бери у ерга Ўшдаги “Дўстук” чегара пости орқали айланиб ўтиб, бир кун кечгача зўрға етиб бораман. Менга ўхшаганлар қишлоқда жуда кўп.  Очилиб қолса, халққа яхши бўлади. Икки томон алоқаларини аввалгидай тиклаб, дўстлик муносабатларимизни яна ҳам мустаҳкамланган бўларди. 10-декабргача очилади, деганига суюниб, ҳар куни кутиб турибмиз”, – дейди Шаҳло Қодирова.

Бекобод қишлоғида 11 мингга яқин аҳоли бўлса, улардан 60 фоизининг Ўзбекистон билан борди-келдиси бор. Ўз вақтида улар 15-20 дақиқалик масофадан қўшни давлатдаги қариндошларидан хабар олиб туришган. Ўша вақтда мазкур бекатдан ҳар куни таҳминан 1000га яқин одам ўтиб турган.

Бекобод қишлоғи турғуни Абдуллажон Тешабоевга кўра, ушбу чегара пости 2008-йилда ёпилган. Шундан буён бу ердан фуқаролар ўтмайди.

“Жалолобод-Ўзган-Ўш орқали айланиб ўтиб жуда қийналдик. Очилса яхши бўлар эди. Икки томонда ҳам тенг маросимлар бўлади. Аммо йўл олислиги учун бора олмай қоламиз. Қаерда жамоат бўлиб тўпланиб қолсак, чегара учун дуо қилайлик, очилиб қолсин, деймиз. Ушбу бекатни очишга ҳаракат қилаётган икки давлат расмийларига бирдай миннатдорчилик билдирамиз”, – дейди Абдуллажон Тешабоев.

Қирғизистон президентининг Жалолобод вилоятидаги вакили Абсаттар Сирғабаев ҳам бу ердаги таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишиб, ишни сифатли олиб борилиши, зарурий шароитлар билан таъминлаш бўйича мутасаддиларни огоҳлантирган. Унга кўра, Бекобод ўтказиш пункти икки томонлама ҳал қилинади. Йил сўнггигача бекатнинг очилиши кутилмоқда. Таъмирлаш ишларига давлат ғазнасидан 3 миллион қирғиз сўми (36 минг АҚШ доллари атрофида) ажратилган. Бекат очилгач, ундан автомобиллар қатнови учун ҳам йўл очилади.

“Жалолобод вилояти бўйича Бекобод ўтказиш бекати, Сейдиқум, Нанай ҳамда Олабуқа туманларидаги Баймоқ постларининг очилиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар тузилган. Ушбу ҳужжатлар асосида дастлаб Бекобод постини очиш арафасидамиз, – дейди Абсаттар Сирғабаев. – Ҳозирда зарур маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари кетмоқда”.

Унинг айтишича бгунги кунда Жалолобод вилоятида ҳаммаси бўлиб, иккита чегара пости фаолият юритмоқда. Булар Маданият ҳамда Олабуқа туманидаги Баймоқ постлари. Бу ерлардан фақат пиёда ўтилади.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида ҳаммаси бўлиб 15та ўтказма бекатлари мавжуд бўлиб, уларнинг деярли ҳаммаси 2005 йилда икки давлатда юз берган сиёсий воқеалар туфайли ёпилган. Ўш вилоятидаги “Дўстук” чегара бекати 2017 йилда очилган. Шундан кейин кўп ўтмасдан Жалолободдаги икки чегара пости пиёдалар учун Маданият ва Баймоқ чегара бекатлари ўз фаолиятини бошлаган.

Маданият пости автомобиль қатновига мослашган, лекин ҳозирча у ердан фақат пиёдалар ўитишига рухсат берилган.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг