Гап гаплигича қолди: Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон “учлик иттифоқи” бўлмайди

Қозоғистон Россияни қўллаш туфайли ғарб давлатлари билан алоқани бузишни истамаслигини айтди.

Қозоғистон Россия газини ўз ҳудуди орқали бошқа давлатларга олиб ўтиш таклифини қўлламайди. Расмийлар бу ғоя туфайли Россиянинг унга қарши киритилган санкцияларни четлаб ўтишига ёрдам бериши ўлароқ баҳоланиб, ғарб давлатларининг норозилигига дуч келишни истамаслигини маълум қилишди. Қолаверса, бу йирик лойиҳа Қозоғистоннинг Россияга бўлган қарамлигини янада ошириши мумкин.

Қозоғистон “қандайдир” иттифоққа кирмайди

Қозоғистоннинг бу масаладаги расмий позициясини мамлакат Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Роман Василенко журналистлар билан мулоқот чоғида маълум қилди.

“Қозоғистон ҳудуди орқали газ олиб ўтиш масаласи ҳозирча аниқ бир кўринишга эга эмас ва ғоя сифатида қолмоқда. Бу масала тафсилотларини гапиришга ҳали эрта, – деди Василенко. – Лекин яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиманки, бизнинг принципиал йўлимиз шуки, Қозоғистон Россияга қарши киритилган санкцияларни айланиб ўтишига кўмак кўрсата олмайди”.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Қозоғистон президенти Қасим-Жўўмарт Тўқаев Россияга қилган расмий ташрифи чоғида рус ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан учрашуви чоғида президент Путиннинг “қандайдир янги иттифоқ тузиш” ҳақида таклиф киритганини айтиб ўтган. У “қандайдир” сўзини ишлатиш билан бу таклифга унчалик эътибор қилмаётганини намойиш қилган эди.

Эртаси куни Россия ва Қозоғистон президентларининг матбуот котиблари масалага ойдинлик киритиб, бу ерга гап уч давлат ўртасидаги «газ иттифоқи» ҳақида бораётганини маълум қилишди. Путиннинг таклифига кўра, тузилиши режаланаётган иттифоқ Россия газини уч давлат ўртасида ўзаро узатиш ҳамда Хитойга етказиш масаласини ҳал қилишни назарда тутмоқда эди.

Орадан икки кун ўтиб, бу масалада Қозоғистон ўзининг салбий позициясини маълум қилди. Шу билан Владимир Путиннинг санкциялар туфайли чўкиб бораётган Россия иқтисодиётини нимадир қилиб қутқариб қолиш йўлидаги яна бир уриниши йўққа чиқди.

Маълумки, Марказий Осиёнинг кучли иқтисодиётга эга бўлган икки давлати – Қозоғистон ва Ўзбекистонни Россия билан улаган ҳамда Туркманистон орқали Хитойгача ётқизилган газ қувурлари бор. Гап ўша қувурлар имкониятини кенгайтириш ҳақида борган.

Бу Украинага қарши босқини туфайли Россиянинг Европа давлатлари сотиб олишдан бош тортаётган газини кимгадир, аниқроғи Хитой ва у орқали бошқа Осиё давлатларига сотиш имконини берган бўларди. Аммо аввалроқ бу ғояга Хитой ҳам, гарчи бу ғоя унинг учун жуда фойдали бўлсада, Россияга қарши санкциялар туфайли совуққонлик билан муносабат билдирган эди.

Шу нарса ҳам маълумки, Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли Европа давлатлари Россия газидан воз кеча бошлаганидан бери Москва Хитойга табиий газ етказиб бериш ҳажмини ошира бошлади. Бу эса ғарб давлатларининг норозилигига сабаб бўлмоқда ва Хитой бу масалада ўз истакларини бироз жиловлаб туришга мажбур бўляпти.

Бунгача АҚШ ва Европа давлатлари Россияга қарши киритилаётган иқтисодий санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам берган ҳар бир давлат бунга яраша жавоб олиши, яъни уларга нисбатан ҳам санкциялар жорий қилиниши ҳақида бир неча бор огоҳлантириб келишган.

Ўзбекистон нима дейди?

Тўқаев Москвада, Мишустин билан учрашув чоғида Путиннинг бу масалада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга телефон қилмоқчи эканини ҳам айтганди. Яъни, тахминларга кўра, Ўзбекистон Россия раҳбарияти кўзда тутаётган “учлик иттифоқининг” аъзоларидан бири бўлиши керак эди.

Шу гапдан сўнг 30 ноябрь куни чинданам Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтгани расман маълум қилинди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, икки давлат раҳбарлари «Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари»ни муҳокама қилишган.
Россия ҳам айнан шунга ўхшаш маълумот тарқатди. Бироқ расмий баёнотда Россия газини бошқа ўкаларга жўнатиш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. «Истиқболли қўшма лойиҳаларга тегишли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари… нинг барчаси 1-2 декабрь кунлари икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг Самарқандда ўтадиган йиғилишида батафсил муҳокама қилинади», дейилади Кремль тарқатган қисқа хабарда.

Расмий маълумотларга кўра, Михаил Мишустин кеча айтилган музокараларда иштирок этиш учун Самарқандга келди. У ерда Мишустин қандай жавоб олишидан қатъий назар, тилга олинган “газ иттифоқининг” истиқболи мавҳумлигича қолади. Қолаверса, Қозоғистон Россиянинг Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида яқин ҳамкори ҳисобланса, Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо эмас.
Ўзбекистон расмийлари Самарқанд учрашувидан сўнг “уч томонлама газ иттифоқи” юзасидан бирор баёнот берадими-йўқми, ҳозирча ноъмалум.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг