Чегара можароларига нуқта қўйилди, энди амалий ишларга ўтса бўлади

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари чегара ва Кампиробод сув омборига оид қонунларга қўл қўйишди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 29 ноябрь куни ўзбек-қирғиз чегарасининг айрим участкалари делимитациясига оид шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборига оид битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати 30 ноябрь куни маълумот тарқатди.

Мазкур қонун лойиҳалари 14 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, 17 ноябрь куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши, 18 ноябрь куни эса Ўзбекистон Сенатида муҳокама қилиниб, қўлловга олингани маълум.

Чегара ва Кампиробод сув омборига доир ўзаро битим лойиҳалари бунга қадар ҳар икки давлатнинг ташқи ишлар вазирлари томонидан шу йил 3 ноябрида Бишкек шаҳрида имзоланган.

Қирғизистон президенти маъмурияти берган маълумотга кўра, биринчи қонун билан ўзбек-қирғиз чегарасининг 302,29 километрлик участкаларига аниқлик киритилган. Иккинчи қонунга мувофиқ, томонлар Кампиробод сув омбори сув заҳираларини биргаликда бошқариш ҳақидаги битимлар тасдиқланган.

Бу битимлар лойиҳалари Қирғизистондаги фуқаролик жамияти вакиллари ва чегарага яқин яшаган маҳаллий аҳоли орасида орасида турли норозиликларга сабаб бўлган. Расмийлар норозилик акцияларига қатнашган 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” қилишда гумон қилиб ҳибсга олишган.

Кеча, 30 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўзбек-қирғиз чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Қирғизистонда Кампиробод деб аталади) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда тасарруф қилиш тўғрисидаги битимни ратификациялашга оид қонунларни имзолади.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотда қайд этилишича, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома 13 та моддадан иборат бўлиб, унда чегаранинг 35 та участкасидаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонга 4957 гектардаги Андижон сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1019 гектар яйлов ерлари берилади.
Шунингдек, Қирғизистонга Андижон сув омборининг қурилмай қолган Кампиробод чап қирғоқ канали учун “Ғовасой” участкасидан 12 849 гектар ер майдони компенсация тарзида берилади. Бунда, Қирғизистон томони “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.
Сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим 11 та моддадан иборат бўлиб, унда Андижон сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича қўшма комиссия тузилган ва унинг фаолияти тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Битимда томонларнинг ўзаро мажбуриятлари акс эттирилган. Хусусан, Ўзбекистон томон сув омборидаги сув сатҳини 900 горизонталдан юқори бўлмаган даражада ушлаб туриш, Қирғизистон фуқароларининг сув омбори сувига эркин кириши ва ундан фойдаланишини (ҳайвонларга сув бериш, суғориш, балиқ овлаш) таъминлаш, атрофида муҳандислик-техник иншоотларни ўрнатмаслик мажбуриятларини олган.

Шунингдек Қирғизистон томон сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилиши, ундан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятларини олган.
Андижон сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида ҳам келишиб олинди. Унга кўра, Ўзбекистон томони сув омборининг хавфсизлигини таъминлайди, эксплуатация қилади, техник хизмат кўрсатади, омбордан Қирғизистон томони билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқаради.

Шу билан чегара ва сув омбори атрофида Қирғизистонда анчадан буён чўзилиб келаётган можароларга сўнгги нуқта қўйилди. Икки давлат орасидаги чегараларининг аниқлаб олиниши ҳар икки мамлакат учун бу муаммодан четланиб, янги, ўзаро манфаатли лойиҳа ва битимлар устида ишлаш имконини беради. Муҳими, чегара туфайли бўлиб келаётган ва бўлиши эҳтимоллиги юқори бўлган можароларнинг олди олинди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг