Тинчимаган чегара: Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари муштлашишди

Ҳар икки томондан биттадан одам касалхонада, милиция воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги навбатдаги жанжалдан сўнг икки давлат вакиллари навбатдаги учрашувни ўтказиб, бундай жанжалларни олдини олиш бўйича яна бир келишиб олдилар. Бу ҳолат ушбу чегарада кўп йиллардан бери доимий равишда такрорланиб келмоқда ва камида икки бора катта қон тўкилишига олиб келди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) чегара хизмати матбуот хизмати берган хабарга кўра, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда “томонлар… муштлашув тафсилотларини ўрганиб, иғвогарликлар ва вазият кескинлашувининг олдини олишга келишиб олдилар”.
“Муштлашув факти Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўрганилади, ушбу ҳудудга ИИВнинг қўшимча бўлинмалари юборилади”, – дейилади Чегара хизмати тарқатган хабарда.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг хабар беришича, 3 декабрь куни Тожикистоннинг Сомониён қишлоғи орқали Дахма қишлоғи томон кетаётган Қирғизистон фуқароси билан Тожикистон фуқаролари ўртасида отишма содир бўлган. Можаро жанжал ва тош отишга айланган. Чегара хизмати маълумотларига кўра, Қирғизистон фуқароси ов қуролидан фойдаланиб, ҳавога уч марта огоҳлантирувчи ўқ узган.
Ҳодиса натижасида Қирғизистон фуқароси Нурсултон Сайфулло уулу ва Тожикистоннинг Сомониён қишлоғида яшовчи 21 ёшли Хизбулло Оқилзода тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилгани хабар қилинди.
Ўзбекистон билан чегарани аниқлаш борасидаги ҳужжатлар имзолангач, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тожикистон билан ҳам чегара муаммолари йил охиригача ҳал қилиниши режалаштирилаётганини айтган эди.
Бугунгача Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги 970 километрлик чегаранинг деярли 520 километри аниқланган. Совет даврида чегараларни аниқлашдаги хатолар туфайли икки давлат аҳолиси ва чегарачилар ўртасида сув, қуруқлик ва алоқа воситаларидан фойдаланиш борасида тез-тез можаролар чиқиб, қуролли тўқнашувлар ҳам бўлиб турибди.

Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг