Қозоғистон университетларида Ўзбек тили ва адабиёти, маданияти ўқитила бошлайди

Шу вақтнинг ўзида Ўзбекистонда ҳам қозоқ тили ва адабиёти, маданияти кенг ўрганила бошлайди.

Бу ҳақда икки давлат ўртасидаги битим лойиҳаси тайёрланиб, Қозоғистонда халқ муҳокамасига олиб чиқилди. Қозоғистон ҳукуматига қарашли “Очиқ МҲА (меъёрий ҳуқуқ актлари)” порталида кўрсатилганидек, бу ҳужжат 9 ноябрда муҳокамага қўйилиб, у шу ойнинг 23 числосигача давом этади.

“Томонлар Қозоғистон Республикасининг олий таълим муассасаларида ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида қозоқ тили, адабиёти ва маданиятини ўрганиш ва ўқитишга қўллов кўрсатадилар”, дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари томонлар профессор-ўқитувчи таркиби, илмий ходимлар ва талабалар алмашиш бўйича дастурларни ишга тушириш ниятидалар. Шунингдек, ўқитувчи ва мутахассислар, илмий-педагогик кадрлар, илмий ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича ишларни йўлга қўядилар. Режадаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши – икки давлат олимларининг илмий-тадқиқот ишларидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

Бу маълумот тарқалгач, ижтимоий тармоқларда ва блогерлар орасида қизғин муҳокама бошланди. Фикрлар асосан ижобий йўналишда.

Масалан, Твиттерда “Bayroqdor” исмли фойдаланувчининг саҳифасидаги роликда “Энди Қозоғистоннинг олий таълимида “Ўзбек тили ва адабиёти, маданияти” ўқитила бошлайди. Бу Ўзбекистон билан Қозоғистон давлатларининг, олий таълим тизимидаги дўстлик ва иттифоқининг натижасидир. Лекин ҳозирча “Ўзбек тили ва адабиёти, маданияти” Қозоғистондаги барча университетларда ўқитиладими ёки айрим олий даргоҳлардами – аниқ эмас. Қозоғистондаги олий таълим вазирлигининг баёнотига кўра, келажакда Ўзбекистондаги университетларида ҳам “Қозоқ тили ва адабиёти, маданияти” ўқитилади”.

Фейсбук фойдаланувчиси Жамолиддин Турдимов ўз саҳифасида бу ҳақда “Яхши янгиликлардан. Қозоғистоннинг қатор олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти ўқитилар экан”, деб пост қўйган.

Илгари, Совет иттифоқи пайтида Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти бўлимлари фаолият кўрсатган. Мамлакат мустақил бўлгач эса бу бўлимлар тугатилган. Бундай ҳолатни бошқа собиқ Иттифоқ республикаларида ҳам кузатиш мумкин.

Ҳар бир халқнинг маънавий озуқаси, илдизи бу – она тилидир. Ўз тилини ҳар қандай миллат ривожлантириши, такомиллаштириши, эҳтиёт қилиши керак. Она тилини билмасдан, қадрламасдан, ўзга тилларни мукаммал билиш, ақлли халқга хос эмас. Бундай халқ ўз она тилини йўқотади. Она тилини йўқотиш миллатни йўқотади. Она тилини йўқотган халқ бошқа халқларга эргашишга, бўйсунишга, бошқа тарих, бошқа китобларни ўқишга мажбур бўлади.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ҳар йили 22 октябр куни Ўзбек тили байрами куни нишонланади. “Қозоғистонда ўзбек тилининг ўқитилиши” мавзусида онлайн видеоконференциялар ташкил этилади. Бу байрам тадбирларида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари, Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти, Қозоғистон республикасида фаолият юритаётган ўзбек этно-маданий бирлашмалари, Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети вакиллари иштирок этишади.

“Ўзбек тили байрами” кунининг нишонланиши муҳим аҳамиятга эга. Бошқа давлатларда истиқомат қиладиган этник ўзбеклар ўз маданияти, азалий қадриятлари, ўз она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириши учун шу каби турли тадбирлар, ислоҳотлар ўтказиш муҳим.

Қозоғистонлик маориф аълочиси, Навоий мукофоти совриндори Робия Дўстонованинг катта хурсандчилик билан берган маълумотларига кўра, бундан бир неча йиллар аввал Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари учрашувида Нурсултон Назарбоев Чимкентда ўзбек-қозоқ университетининг очилишини айтган эди, лекин бу иш амалга ошмади.

“Шу кунлардаги хабар мени жуда қувонтирди. Қозоғистонда юз минглаб ўзбеклар яшайди, бу ерда 150 га яқин ўзбек мактаби бор. Аммо Қозоғистондаги олий ўқув юртларида бирорта ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ёки бўлими фаолият кўрсатмайди. Ўзбек тили иккинчи ёки учинчи даражага тушиб қолган”, – дейди ҳамсуҳбатимиз юқорида айтилган хабардан қувониб.

Унинг айтишича, бугунги кунда Жанубий Қозоғистонда 150 га яқин мактабда ўзбек тили ўқитилса, уларда 8 мингдан ортиқ ўқитувчи ишлайди. Аммо бу мактабларда доимо кадрлар муаммоси мавжуд.

– Яна бир нарсани айтиб ўтай, Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, дугонам Шаҳло Норалиева ўзбек тилининг жонкуярларидан бири. Кўп йиллардан буён Шаҳло Норалиева Қозоғистонда ўзбек тилини янада оммалаштириш борасида қатор таклифларни илгари сурган. Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, умумтаълим мактаблари ўртасида ўтказиладиган ўзбек тили ва адабиёти фан олимпиадасида қозоғистонлик ўқувчилар иштирокини таъминлаш, кутубхоналар фондини ўзбек бадиий ва болалар адабиёти билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш, икки давлат университетлари ўртасида қўшдипломли лойиҳани амалга ошириш зарурлигини қайд этган”.

Келишувга кўра, икки давлатнинг масъул идоралари ўз талабаларига олий ўқув юртларида ўтказиладиган танлов ва олимпиадаларда иштирок этишига рухсат беради.

Ҳар йили икки давлат муқобил асосда 20 нафаргача талаба, жумладан, 14 нафари бакалавриат, 6 нафари эса магистратура йўналиши бўйича алмашмоқда.

Қабул қилувчи томон талабаларни ўқув материаллари, илмий-техник ҳужжатлар, илмий-тадқиқот жиҳозларидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашдан озод қилади. Шу билан бирга, у олий таълим муассасаси ётоқхонасида шу мамлакат фуқаролари билан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Шу ўринда қозоқ шоири Абдулла Тожибоевнинг она тили ҳақида айтган қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни лозим топдик. Чунки бу сўзлар ҳар қандай миллат учун ҳам ҳар доим долзарбдир:

Тириклигим нишонаси – она тилим,

Тилим борки, аён бўлар ўю фикрим.

Тилим ўсса, мен ҳам бирга ўсадирман,

Тилим ўлса, мен ҳам бирга ўладирман.

Тилсиз ҳайвон бечора-

Бечорага на чора!

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш

Расм интернетдан олинди

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг