Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова яна куч органлари босими остида

Соғлиги туфайли бир неча йил аввал пенсияга чиққанини эълон қилган фаол яна ҳибсга олинди.

Сўнгги пайтда Қирғизистонда авж олган оммавий ҳибсга олишлар таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, “Қилим шами” ташкилоти асосчиси Азиза Абдирасуловани ҳам четлаб ўтмади. У Бишкек шаҳрида ўтаётган навбатдаги митингни кузатиш учун борган чоғида милиция ходимлари томонидан қўлга олиниб, масхаралагандек, спиртли ичимлик ичгани ё ичмагани, ёки гиёҳванд моддалар истеъмол қилган-қилмаганини текшириш учун қўпол тарзда куч ишлатиб, тегишли муассасага олиб кетилган.

Бир неча соатдан сўнг озод қилинган Азиза Абдирасулованинг айтишича, милиция ходимлари унинг қон босими кўтарилиб кетгани сабаб тез ёрдам чақиришга мажбур бўлишган.

Қизиғи, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унга Жиноят кодексининг 128-моддаси, яъни «Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик» бўйича айблов қўйишган.

Бу айблов ва ўзига кўрсатилган қўполликдан норози бўлган фаол судда ўзини ҳимоя қилишга тайёр. Ҳуқуқ ҳимоячисининг маълум қилишича, у Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиб беришга қарши пикетда қатнашмаган – у митинг бўлаётган жойга мустақил кузатувчи сифатида борган.

Бишкекда 15 ноябрь куни Қирғизистон парламенти биноси ёнида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши норозилик акцияси ўтказилиши режалаштирилган эди. Пикетда фуқаролик фаоллари, пойтахт аҳолиси вакиллари ва тилга олинган сув омбори жойлашган ҳудуддан, Ўш вилоятининг Ўзган туманидан 30 га яқин одам қатнашгани айтилди.

Норозилик акцияси давомида Азиза Абдирасулова билан бирга Сиёсий маҳбуслар қўмитасининг раиси Сапарбек Арғимбоев ҳам бўлган.

Шу вақтнинг ўзида икки давлат ўртасидаги чегарани аниқлаш, жумладан Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш бўйича битим ратификация қилиш учун Ўзбекистон парламентига тақдим этилган. Бу масала эртага, 17 ноябрь куни Қирғизистон парламентида ҳам қаралади. Бу ҳақдаги ҳукуматлараро битимга бир неча кун аввал икки давлат бош вазирлари қўл қўйишган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг