Жон керакми ёки пул? Ўзбекистон меҳнат муҳожирларини яна бир бор огоҳлантирди

Бу мурожаат икки кун аввал Россия президенти имзолаган фармони билан боғлиқ бўлиши эҳтимол.

Ўзбекистон расмийлари Россияда ишлаётган меҳнат фуқароларини Украина ва Россия ўртасида бораётган жанг ҳаракатларига қатнашидан сақланиш ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

Бу ҳақда: “Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз”, дейилади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Телеграмдаги каналида.

Агентлик меҳнат муҳожирларига эслатадики, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154, прим. 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган”.

Бу ана шундай огоғлантиришларнинг биринчиси эмас. Ўзбекистон расмий идоралари аввал ҳам бир неча бор Россиядаги ўзбекистонликларни Россиянинг Украинада олиб бораётган урушида қатнашмаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу огоҳлантиришлар айрим манбаларда Россия ҳарбийлари қаторида Марказий Осиё давлатларидан, жумладан Ўзбекистондан ҳам борган фуқароларнинг жанг қилаётгани ва ҳатто қурбонлар борлиги ҳақида айтилганидан сўнг эълон қилинган.

Бу галги огоҳлантириш вақти бўйича, Россия президенти Владимир Путиннинг 14 ноябрь куни имзолаган фармони эълон қилинган пайтга тўғри келди. Кузатувчилар бу икки воқеанинг бири бири билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли катта эканини айтишмоқда.

Владимир Путин имзоланган фармон хорижлик фуқароларнинг Россия Қуролли кучларида ҳарбий хизмат ўташи учун қўшимча, яъни фуқаролик олмаган ҳолда, имкониятлар яратади. Масалан, ҳозирда юртидан ташқарида юришга мажбур бўлган россиялик журналист Даниил Кислов бу фармонни Россиядаги меҳнат муҳожирларини “душманга гўшт сифатида етказиб бериш”, яъни куч билан рус аскарлари сафига жалб қилиш учун имконият ўлароқ баҳолаган.

Охирги пайтда Украина ҳудудида аскарга сафарбарлик асосида янги жалб қилинганларнинг шароитлари ўта ёмонлиги, уларни ваъда қилингандек, жангга тайёрламасдан фронтга жўнатиб юборишаётгани ва оқибатда катта қурбонлар берилаётгани ҳақида тез-тез хабарлар чиқиб турибди.

Россия Украинага қарши бошлаган ва кўпи билан 1-2 ҳафтада Украинанинг тўла пароканда қилиниши билан тамомланиши таҳмин қилинган уруш қарийб 9 ойга чўзилди. Ҳар икки  томондан ўн минглаб аскарлар ҳалок бўлгани айтилмоқда. Украинанинг ҳудудидаги кўплаб шаҳарлар эса бутунлай вайрон қилинган.

Россияда ишлаб юрган ўзбекистонликларга ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари фуқароларига Украинадаги урушда иштирок учун катта пул ва ҳатто фуқаролик ваъда қилинаётгани ҳақида бир қатор манбалар бунгача бир неча бор хабар қилишган.

Минтақанинг бошқа давлатлари бу сафар Россияда юрган ўз фуқароларига расмий огоҳлантириш беришмади.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг