Қўлни қўлга бериб: Туркий давлатлар ўртасидаги муҳим битимлар расман имзоланди

Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммити муҳим тарихий воқеаларга бой бўлмоқда

Бугун, 11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарларининг йиғилиши бошланди. Тадбирдан аввал иштирокчилар биргаликда суратга тушдилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилаётган йиғилишда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, кузатувчи мамлакат – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан саммитнинг фахрий меҳмони – Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Ғурбанғули Бердимуҳамедов, шунингдек, ташкилот бош котиби Бағдод Амреев иштирок этдилар.

Тадбирни раис сифатида очган Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятида эканини айтди. Ташкилотга  раҳбарлик Туркиядан айнан Ўзбекистонга бир йил муддатга ўтмоқда.

«Ўзбекистон ҳам ўз раислиги даврида ‘Туркий дунё нигоҳи—2040’ концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегиясини самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган ташкилотимиз нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси — тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятидамиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.

 

Президент ҳар қандай қийинчиликларни дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш орқали енгиб ўтиш мумкинлигини таъкидлади.

«Бугунги кунда барчамиз кескин геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари билан боғлиқ мураккаб синовларни бошимиздан кечирмоқдамиз.

Шу сабабли ҳозирги таҳликали вазиятда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир. Биз ҳар қандай қийинчиликларни дўстлик, ҳамкорлик ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаш орқали енгиб ўтишга қодирмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Самарқанд шаҳрини «Туркий цивилизация пойтахти» деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашгани учун иштирокчиларга миннатдорчилик билдирди.

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ўз нутқида минтақавий хавфсизлик масалаларини кўтариб, ТДТ мамлакатларини савдо алоқаларини кенгайтиришга чақирди ва Ташкилотнинг Сармоя жамғармасини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

ТДТ давлат раҳбарларининг қарори билан Қирғизистон Республикаси вакили Қубаничбек Омуралиев ТДТ Бош котиби этиб тайинланди.

Туркманистон Миллий Кенгаши халқ маслаҳати раиси Ғурбанғули Бердимуҳамедов ташкилотни гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кучайтиришга, жумладан, турли сабабларга кўра мусулмон давлатлардан қочаётган қочқинларга кўмак беришга чақирди.

Шунингдек, у ташкилот Афғонистонда барқарорликни тиклашга ҳисса қўшиши лозимлигини таъкидлади.

Бердимуҳамедов Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомида қолишига шама қилган ҳолда, аъзо давлатлар билан иқтисодий, экологик ва савдо-сотиқ йўналишида ҳамкорликни давом эттиришини айтди. Унга кўра, Туркманистон учун энергетика ва транспорт йўналиши муҳим соҳалардир. Шунинг учун Бердимуҳамедов айни мана шу соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

Самарқанддаги саммитнинг асосий воқеаси сифатида Туркманистоннинг ташкилотга қўшилиши кутилаётган эди. Қолаверса, Туркманистон бу саммитда мамлакат президенти эмас, Халқ маслаҳати кенгаши раиси Ғурбанғули Бердимуҳаммедов даражасида иштирок этяпти.

Самарқанддаги саммитда ташкилот Туркманистон ҳисобига кенгайиши ҳақида аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири томонидан билдирилган эди.

Шунга қарамай, Туркманистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиши ёки бўлмаслиги геосиёсий таранглик даврида ўтаётган бу саммит аҳамиятини сусайтирмайди, дейди кузатувчилар. Маълумки, Туркманистон мустақилликка эришгандан буён ўзини нейтрал давлат сифатида эълон қилиб, турли Халқаро бирикмаларга қўшилиай келади. Бироқ бу нейтраллик кўпроқ изоляцияга ўхшаб, давлат ривожига ўзининг салбий таъсирини бериб келмоқда.

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тўққизинчи саммити якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ташкилотга аъзо давлатлар – Қирғизистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Туркия Республикаси, Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари Туркий давлатлар ташкилоти 9-саммитининг Самарқанд декларацияси, “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Нахичеван битими”га ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома, “Туркий давлатлар ташкилотининг тартиб қоидалари” тўғрисидаги қарор, “Туркий давлатлар ташкилотининг савдони ривожлантириш стратегияси” тўғрисидаги қарор, “Туркий давлатлар ташкилоти Бош котибини тайинлаш тўғрисида”ги қарорга тегишли ҳужжатларни имзоладилар.

Бундан ташқари Турк давлатлари ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро қўшма юк ташиш тўғрисидаги битим, Турк давлатлари ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида божхона йўлагини соддалаштириш тўғрисидаги битим, Турк давлатлари ташкилотига аъзо давлатларнинг тегишли муассасалари ўртасида рақамли ходимларни бошқариш тизимлари бўйича ўзаро англашув меморандуми тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.

  Суратлар интернетдан олинди  

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг