Хайр, Россия! Украинадаги уруш туфайли муҳожирлар бу давлатни тарк этмоқдалар

Россияга иш излаб борувчиларнинг кўпайиши фақат Тожикистон фуқаролари орасида кузатилмоқда.

Сўнгги ойларда Украинага қарши олиб борилаётган уруш туфайли собиқ Иттифоқ мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари Россиядан тобора кўпроқ кета бошлагани кузатилмоқда.

Россия давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, 2022 йилнинг 8 ойи ичида бу мамлакатдан 506 минг нафар муҳожир чиқиб кетган. Россияга келганлар сони эса 444 минг кишини ташкил қилган. Яъни, мамлакатга 62,5 минг киши камроқ кирган.

Бундай ҳолат ҳатто коронавирус пандемияси авж олган 2020 йилда ҳам кузатилмагани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда Россияга келувчилар сони чиқиб кетганлар сонидан 68,8 минг нафарга, 2021 йилда эса 212,3 минг кишига кўп бўлган.

Россияни тарк этганлар сони бўйича Арманистон биринчи ўринда бормоқда. Яъни келганлар сони кетганлардан 15,7 минг кишига кам. Бу Озарбайжон-Арманистон ўртасидаги урушда Россиянинг Арманистоннинг ёрдам сўрашига қарамай, бефарқдек туриб олгани сабаб бўлган бўлиши эҳтимол.

Доимо Россияни ўзининг стратегик ҳамкори деб эълон қилиб кетган Қирғизистон россиядаги муҳожирлари сонининг камайиши бўйича иккинчи ўринда экани маълум бўлди. Россияга кираётган қирғизистонликлар сони кўрсатилган даврда 14 минг кишига камайган. Учинчи ўринда бораётган Ўзбекистондан бораётган муҳожирлар сони 13,7 минг кишига камайган.

Россияни тарк этганлар сонидан у ерга келганлар сони кўп бўлган ягона мамлакат Тожикистон бўлиб, кўрсатилган даврда Россияга 41,7 минг тожикистонлик кўпроқ борган.

Бир ҳафтада якунланиши кутилиб, саккиз ойга чўзилиб кетган Украинадаги уруш ва у билан боғлиқ ҳалокатли санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти тобора инқирозга юз тутмоқда. Ишга яроқли аҳолининг кўпчилиги мамлакатни тарк этмоқда.

Сўнгги пайтда Россия билан алоқаларини сақлаб қолаётган собиқ иттифоқ давлатлари раҳбарияти кейинги пайтда меҳнат муҳожирлари сонини қисқартириб, уларни ўз ватанларида иш билан таъминлаш масаласини кун тартибига қўймоқдалар.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг