Бишкекда 27 ёшли ҳомиладор журналист ҳибсга олинди

Журналист, унинг тасвирчиси ҳамда киракаш ҳайдовчиси товламачиликда гумонланишмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг 4 ноябр куни берган хабарга кўра, бир кун аввал кечқурун 27 ёшли мустақил журналист Санрабия Сатибалдиева «товламачилик»да гумонланиб ҳибсга олинди. У билан бирга унинг тасвирчиси ва уларни олиб юрган такси ҳайдовчиси ҳам гумон остида экани айтилмоқда.

Коса тагида нимкоса борми?

Маълумотга кўра, Сатибалдиева ҳозирда мустақил «MIR 24» ҳудудий сайти раҳбари ва Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши депутати Тазабек Икрамовнинг PR-менежери сифатида ишлаб келмоқда. Айтиб ўтиш лозимки, доимо бугунги ҳокимиятни қўллаб келган депутат Икрамов сўнгги кунларда журналистлар ва фаолларга босим ўтказишга қарши чиқа бошлаган эди.

Тазабек Икрамов мамлакатдаги энг фаол ахборот агентликларидан бирининг эгаси ҳисобланади.

Журналистнинг ҳомиладор экани маълум бўлгач, уни касалхонага олиб боришган ва турли маълумотларга кўра, врачлар унга ҳомиланинг тушиб қолиши хавф солаётганини айтишган. Шунга қарамай, зарур муолажалардан сўнг аёлни яна милиция бўлимига олиб кетишган. Бир неча соатдан сўнг уни шаҳардан чиқиб кетмаслик шарти билан уйига қўйиб юборишган.

Худди шу ҳолат бўйича «MIR 24» сайтининг тасвирчиси Қалис Аширбеков ва уларга хизмат кўрсатиб юрган такси ҳайдовчиси товламачиликда шерикликда айбланиб қўлга олинган.

Ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) хабарига кўра, қўлга олинган гуруҳ айрим депутатлардан уларнинг обрўсига шак келтирувчи, 2016-2017 йилларда олинган аудио ёзувларни тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, пул талаб қилиб юрган ва 2 минг доллар олаётган жойида қўлга олинган.

“Жиноятда асосий гумондор “MIR 24” ахборот порталининг етакчиси, Жўғўрқу Кенешнинг депутати Тазабек Икрамовнинг пиар-менеджери С.С.К исмли фуқаро», – деб билдиришган ИИВдан.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноий иш қўзғатиб, тергов олиб бормоқда. Уларнинг сўзларига кўра, барча қўлга олинганлар «ушбу жиноятни содир этганликларига иқрор бўлишган».

Лекин адвокат Замир Жўўшев Сатибалдиеванинг унга қўйилган айбловга иқрор бўлмаганини айтиб чиқди. Бу ҳақда унга ва иккинчи адвокатга Санрабиянинг ўзи айтиб берган

Бу воқеа жамиятда, айниқса кейинги пайтларда қаттиқ босимга учраётган журналистлар ва фуқаролик жамияти вакиллари орасида катта шов-шув ва турли фикрларга сабаб бўлди.

Фуқаролик фаолларидан бири Қундуз Ажибекова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида аёлнинг тўрт ойлик ҳомиладор экани ва икки ёшли қизни тарбиялаётгани ҳақида ёзган.

Шу муносабат билан у Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевга мурожаат қилган.

«Қамчибек Ташиев, сиз қалби пок, буюк инсон эканингизни биламан! Синглингиз Санрабия Сатибалдиева тўрт ойлик ҳомиладор бўлиб, икки яшар қизини тарбиялаяпти. Ҳеч бир боланинг кўз ёшлари тўкилмасин ва онаси қандай азоб чекаётганини кўрмасин. Ишончим комилки, сиз бу ишни адолатли кўриб чиқасиз ва синглингизнинг оқланишига ҳисса қўшасиз «, – деб ёзган у.

Қамчибек Ташиев ва Санрабия Сатибалдиевалар юртдошлар бўлиб, Бишкекка Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан келишган.

Шу вақтнинг ўзида ҳибсга олинган журналистнинг ўзи “мени Ташиевлар подстава қилишди”, дея маълумот берган. Сатибалдиева ҳеч кимдан пул олмагани, бу ишга Жўғўрқу Кенеш депутати Шайирбек Ташиевнинг, яъни, Қамчибек Ташиевнинг туғишган укасининг алоқаси борлигини  айтмоқда.

Сатибалдиева бу иш ҳақида тарқатилган расмий маълумотда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг исми тилга олинмаётганини таъкидлади.

“Нега [ИИВ тарқатган] пресс-релизда Шайирбек Ташиевнинг исми кўрсатилмаяпти, менга жуда қизиқ. Бу ерда Қамчибек Ташиевнинг номи [ҳам] бўлиши керак эди. Улар ўзлари «подстава» қилиб, ҳамма нарсани [бизга] тўнкариб қўйишди. Фақат тергов [хуфялиги] учун жим турибман”, – деди журналист ҳамкасбларига.

Бир йил аввалги парламент сайловларида Сатибалдиева юртдошларини Шайирбек Ташиев учун овоз беришга чақирган эди.

Сатибалдиева сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакат раҳбарлари, хусусан президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев номига бевосита ва билвосита турли танқидий фикрлар билдириб келган. Жумладан, охирги пайтда мамлакатда кучайган оммавий ҳибсга олишлар ҳақида ҳам ўзининг танқидий фикрини ижтимоий тармоқларда очиқ ёзиб келаётган эди.

Бунгача ҳам у ҳокимият органлари, айниқса Жалолобод вилоятидаги маҳаллий амалдорларни қаттиқ танқид қилиб келган.

Анчадан буён журналист атрофида турли жанжалли воқеалар бўлиб турган. Масалан, 2018 йилда журналист ўз уйи олдида ҳужумга учрагани ҳақида маълумот тарқатган. Унинг айтишича ўшанда номаълум шахс уни пичоқлаб, енгил жароҳат етказган ва журналист касалхонага ётқизилган. Лекин кейинроқ милиция органлари терговдан сўнг бу даъволар ўз тасдиғини топмагани ҳақида расмий баёнот беришган.

Босимга қарши халқаро акс-садо

Айни кунларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Қирғизистон ҳукуматини ижтимоий муҳим маълумотни тарқатганлик учун фуқароларга қарши тақибларни тўхтатишга чақирди.

Инсон ҳуқуқлари қўмитаси махсус баёнотда Қирғизистон ҳукуматининг ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсатчилар, журналистлар ва бошқаларга ҳокимиятникига тўғри келмайдиган фикрларни билдириш учун босим ўтказаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканини билдирди. Ташкилот бу ҳақда Қирғизистонда фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг амалга оширилишини ўрганганидан сўнг маълум қилди.

«Қўмита аъзолари Қирғизистон расмийларини жамоат манфаатларига оид муҳим маълумотларни тарқатиш учун жиноий таъқибдан фойдаланиш амалиётидан воз кечишга чақиради. …Мутахассислар шунингдек, қамоқхонадаги ўлим ҳолатларини текшириш, айбдорларни жавобгарликка тортиш, қурбонларнинг оилаларига етарли миқдорда товон тўлашни талаб қилишган», – дейилади қўмита хабарида.

Мамлакатдаги Қийноқларнинг олдини олиш марказининг маълумотига кўра, 2019-2021-йиллар оралиғида аҳлоқ тузатиш муассасаларида 151 киши вафот этган, уларнинг ичидан 19 нафари ўз жонига қасд қилган.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда ҳукуматнинг оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигига босимнинг янги тўлқини кузатилмоқда. Бир неча журналист қамоққа олиниб, улар устидан суд ҳукми ҳам эълон қилинди. Айримларининг иши ҳамон терговда.

Масалан, 26 октябрда Маданият вазирлиги «Азаттиқ» сайтини икки ойга тўсиб қўйишга қарор қилган. Бунга 14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли тўқнашувга оид «миллий манфаатларга зид бўлган нотўғри материал эълон қилингани» сабаб, дейилган. Яъни сайт «Нотўғри маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ блокланган. Ушбу қонун фейклар тўғрисидаги қонун сифатида ҳам танилган.

Кейинроқ, 31-октябрда «Демирбанк» тижорат банки МХДҚ сўрови ва суд қарорисиз «Азаттиқ»нинг ҳисоб рақамини блоклагани маълум бўлган. Шундан сўнг, Демир Банк «Террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга (ювишга) қарши курашиш тўғрисида»ги қонун асосида «Азаттик Медиа»нинг банк ҳисобига кириш ёпилганини маълум қилган.

«Озод Европа/Озодлик» радиоси президенти Жейми Флай «Қирғизистон ҳукуматининг бу каби эскалацияси Қирғизистон қонунларини бузаётгандек кўринади» ва ташкилот «Азаттиқ» журналистларининг овозини ўчириш ҳаракатларига қарши курашишини” билдирган.

Бундан ташқари, экспертларга кўра, Қирғизистонда сўз эркинлиги ёмонлашганига яқинда 20 дан ортиқ журналист ва фаолнинг ҳибсга олиниши мисол бўла олади. Улар Кампиробод сув омборининг қўшни Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб, объектни ҳимоя қилиш қўмитасини тузишган эди. Ички ишлар вазирлигидан сиёсатчилар ва фаоллар «оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўриш»да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилган. 25 октябрга ўтар кечаси Бишкекнинг Биринчи Май туман суди ҳибсга олинганларнинг деярли барчасини икки ойга ҳибсга олган. Уларнинг аксарияти аёллар.

Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга нисбатан очилган ишлар «тўқима» эканини даъво қилишмоқда. Улар ўзларини Кампиробод бўйича позициясини очиқ айтиб чиққани сабаб  жиноий жавобгарликка тортилмоқда деб ҳисоблашади.

Қонунсиз қонунни бекор қилиш зарур

Халқаро Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти “Азаттиқ” нашри сайтининг тўсилишини ОАВни назорат қилиш ва цензурага олиш бўйича чораларни кучайтириш, деб баҳолаган. Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти эса қирғиз ҳукуматини “Азаттиқ”нинг сайтига қўйилган тўсиқни тез орада бекор қилишни ва сайтни тўсишга асос бўлган “Аниқ бўлмаган (ёлғон) ахборот (фейклар ҳақидаги)” қонунни бекор қилишни талаб қилган. Бу қонун Россия Федерациясида қабул қилинган қонуннинг айни бўлиб, мутахассислар унинг давлат Конституцияси ва қонунчилигига зид эканини айтиб келишмоқда.

Бироқ расмийлар мамлакатда сўз эркинлигига босим йўқ, деб ишонтиришга уринишмоқда.

«Қирғизистонда сўз эркинлиги бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бўлади. Лекин шуни унутмаслик керакки, сўз эркинлиги доимо масъулият тушунчаси билан узвий боғлиқдир. Бугун Қирғизистонда эркин ОАВ фаолиятига ҳеч қандай чекловлар йўқ. Ягона нарса […] қонунни мукаммал ижро этиш талаби», – деб билдирган 28 октябрда Қирғизистон президентининг матбуот котиби Эрбол Султанбаев.

Султанбаевнинг баёноти аввалги президентлар давридаги гапларнинг такрорланиши бўлиб, шу кунгача куч ишлатиш йўли билан алмашган раҳбарлар ўз интиҳоларини айнан сўз эркинлигига қарши босимни кучайтиришдан бошлаганлари тарихдан маълум. Фақат нима учун ҳокимиятга сўз эркинлиги неъмати туфайли келиб, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш бўйича катта ваъдалар берган ҳар бир амалдор, давлат раҳбари ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач, яна журналистларга босим ўтказишга ўтиши тушунарсиз ҳол бўлиб қолмоқда. Қизиғи, у ёки бу давлат раҳбари ҳокимиятдан кетгач, яна ўзи босим кўрсатган журналистлардан ёрдам ва қўллов излаб қолади.

Ахборот эркинлигини ҳимоя қилувчи «Чегара билмас мухбирлар» («Репортёры без границ») ташкилоти 2022 йилнинг май ойида «матбуот эркинлиги» бўйича йиллик глобал рейтингини эълон қилган. Қирғизистон ўша рейтингда 180 мамлакат ичидан 72-ўринни эгаллаган. Ҳисоботда айтилишича, мамлакат 2021 йилда эълон қилинган (2022 йил натижаларига кўра) рейтингда 79-ўринда бўлган. Шу билан бирга, ташкилот [рейтинг яратишда] усуллар ўзгарганини ва «2021 ва 2022 йиллардаги позицияларни солиштиришда эҳтиёткор бўлиш зарурлигини» таъкидлаган.

Охирги пайтда Қирғизистонда бўлаётган воқеалар ташкилотнинг нима сабабдан эҳтиёткорликка даъват қилганини тушунтиради. Яъни, вазият тезда ўзгариб, ҳисобот чиққан пайтда у ёки бу давлатнинг аввалги йил учун олган баҳолари шу кун ҳақиқатига тўғри келмай қолиши мумкин экан.

Оқбура, Бишкек.

Расм С.Сатибалдиеванинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг