Кампиробод сув омбори биргаликда бошқарилади

Бишкекда Қирғизистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари бу ҳақдаги битимни имзоладилар.

Бу тарихий воқеа Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг қирғизистонлик ҳамкасби Жээнбек Қулубаев билан 3 ноябрь куни Бишкекда ўтган учрашувида қайд этилди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра,

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жээнбек Қулубаев иштирокида ўтган йиғилишда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари ўртадаги чегаранинг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда алоҳида Кампиробод (Ўзбекистонда Андижон деб аталади) сув омбори ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни имзолашган.

Аввалроқ, 31 октябрь куни Қирғизистон парламентининг Халқаро алоқалар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция масалалари бўйича қўмитаси Кампиробод сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини маъқуллаган эди.

Ҳужжатга мувофиқ, мазкур сув омборидаги сув захираларини икки мамлакат вакилларидан тузилган қўшма комиссия бошқаради. 24 кишидан иборат комиссия таркибига Ўзбекистондан ҳам, Қирғизистондан ҳам 12 нафардан вакил киритилади. Ўзбекистон томонидан уни сув хўжалиги вазири, Қирғизистон томонидан эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Сув ресурслари хизмати директори бошқаради.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг галдаги давраси доирасида сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамкорликка оид битим, Марказий Осиё халқаро институти ва Қирғизистон ТИВ ҳузуридаги Дипломатик академия ўртасида ҳамкорлик шартномаси ҳамда “Ўзархив” агентлиги ва Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик ҳақидаги меморандум ҳам имзоланган.

Владимир Норовни Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам қабул қилди.

Меҳмон Садир Жапаровга икки мамлакат вазирлари даражасида ўтган учрашув ва жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга бўлажак давлат ташрифини ташкил этиш ва бошқа масалалар муҳокама қилингани ҳақида маълум қилди.

Бунгача президент Садир Жапаров Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишув ҳақида “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида, икки томонлама ҳамкорликдаги бошқарувда  “Қирғизистон томони ҳеч қандай ҳаражатларни ўз зиммасига олмаслигини” таъкидлаган.

Бу мавзу Қирғизистонда катта тортишувларга сабаб бўлиб, мухоифатчи кучлар турли акциялар ўтказишмоқда ва бу куч тизимларининг жиддий қарорларига сабаб бўлмоқда. Шу кунгача Кампиробод воқеаси бўйича “оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган” деган гумон билан қўлга олинганларнинг умумий сони 26 нафарга етди. Улар асосан фуқаролик фаоллари, сиёсатчилар ва журналистлардан иборат. Аввалроқ, Кампиробод сув омбори яқинида жойлашган Ўзган туманида ҳам норозилик намойишлари ўтказилган.

Қирғиз парламентининг юқорида номи зикр этилган қўмитаси 10 октябрь куни ҳам Ўзбекистон билан чегарадаги айрим участкалар делимитациясига оид шартнома лойиҳасини кўриб чиқиб, кўпчилик овоз билан маъқуллаган.

Ўшанда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев шартномага мувофиқ, Кампиробод сув омбори жойлашган 4 минг 485 гектар ер Ўзбекистонга ўтиши, Қирғизистон эса Ўш ва Жалолобод вилоятларида 19 минг гектардан кўпроқ ер олаётганини маълум қилган. Ташиевга кўра, эришилган келишувлар натижасида Қирғизистон харитаси 15 минг 805 гектарга кенгаймоқда.

Умида Мирзабоева, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг