Спорт жанги минтақа ёшларини дўстликка, жасорат ва ватанпарварликка ўргатади

Қирғизистон жанубидаги олис Моси қишлоғида КунгФу бўйича халқаро турнир ўтказилди.

Қуёшли ва ёмғирларга бой келган октябрь ойининг сўнгги кунларида Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилояти, Новкент тумани маркази бўлган Моси қишлоғида КунгФу файтинг бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Мусобақалар Қирғизистон КунФу Федерациясининг йиллик иш режаси асосида ўтказилди.

Турнирнинг очилишида Федерация раҳбари Юрий Дмитрушенко бундай учрашувларнинг ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш ва ватаннинг муносиб ҳимоячиларини тайёрлашда зўр аҳамиятга эга эканини айтиб ўтди.

Турнирда Ўзбекистон, Қозиғистон ва Қирғизистоннинг турли шаҳарларидан келган терма командалар иштирок этишди. Тожикистонлик спортчилар маълум сабабларга кўра турнирга кела олишмади.

Турли давлатлар ўртасидаги сиёсий келишмовчилик ва можаролар туфайли спорт ва спортчиларнинг имкониятлари торайиши, афсуски, охирги пайтларда жаҳон спорти миқёсида ҳам такрор ва такрор учраб турибди.

Икки кун давомида ўта қизғин жангларга бой ўтган турнирда икки юздан ортиқ спортчилар ўзларининг маҳоратларини намойиш қилишди. Ўзбекистоннинг Тошкент, Фарғона ва Андижон шаҳарлари терма командалари ўзларининг энг яхши жангчиларини майдонга туширдилар. Улардан 4 команда жанг майдонида Ўзбекистон Республикасининг Ушу ва КунгФу Федерациялари шарафини ҳимоя қилишган бўлса, 2 команда Ушу Саньда Федерацияси вакиллари эди.

Қирғизистондан Бишкек, Ўш ва Жалолобод шаҳарлари ва бошқа туманларидан келган 12 команда иштирок этди. Уларнинг олтитаси КунФу бўйича Қирғизистон Республикаси байроғи остида чиқиш, 4 команда эса Кикбоксинг Федерацияси ва яна икки команда ММА Федерацияси шарафини ҳимоя қилишди.

Кескин ўтган жанглар натижаларига кўра, умумий ҳисобда Қирғизистон командаси ғолиб келди. Ғолиблар сафида майдонга чиққан Моси қишлоғининг “Олимп” спорт клуби вакиллари Аббазжанов Акбар, Хўжааҳмедов Абдурроҳман, Қадиржанов Ислом, Қўчқорбоев Ҳожимурод, Орунбаев Азиз, Матҳолиқов Имрон, Насипохунов Хусанбой, Турсунбаев Бекзод, ҳамда қизлардан Номанжанова Оишалар турнир кубогини енгиб олдилар.

Янги анъанага кўра, мусобақаларда мутлоқ натижаларни кўрсата олган жангчиларга чемпионлик камарлари топширилди. Бу фахрли мукофотга Олимп клубидан Раҳимтоев Аброр ва Холдоров Мурод, ҳамда Мойлисув шаҳрининг “Уран” клуби ва Бишкекдаги “Файтер” клубининг биттадан вакиллари муносиб топилди.

Турнирнинг асосий ҳомийси – Қирғизистон парламенти депутати Бақитбек Садиқов, шунингдек ташкилотчиларга Моси қишлоқ ҳокимияти ва маҳаллий ишбилармон Сардорбек Разақулов ташкилий ва молиявий ёрдам кўрсатдилар.

Турнирнинг асосий ташкилотчиларидан бири, касби бўйича педагог Бақит Қозуев ҳам учрашув натижаларидан жуда катта қониқиш олганини маълум қилди.

“Қишлоғимизда янги қурилган спорт мажмуасида ўтган бу йирик мусобақа ҳаммада катта таассурот қолдирди. Қишлоғимиз йигит-қизларининг халқаро даражадаги мусобақаларда бундай натижаларга эришганини кўриш биз учун жуда қувончли бўлди, – дейди Бақит Қозуев. – Депутатимиз Бақит Усонович Сидиқов ёшлар орасида спортни ёйишга катта эътибор бериб келади. Жумладан, қишлоқларда спорт майдончаларини қуриш, ёшларимизни халқаро мусобақаларга боришига ёрдам бериш каби ишлар доимо у кишининг ва бизнинг диққат марказимизда туради. Бу мусобақа ҳам бизга янги илҳом бериб, депутатимиз раҳбарлигида ёшларимизни янада фаолроқ қўллаб-қувватлашга туртки беради”.

Учрашув ташкилотчиси ва бош ҳаками, КунФу бўйича иккинчи Дан, қора белбоғ соҳиби Абдумажид Матҳолиқовнинг фикрига кўра, турнир жуда юқори савияда ўтди, дейиш мумкин.

“Иштирокчилар зўр қизиқиш ва интилиш билан майдонга тушдилар. Улар ўзларининг маҳоратлари халқаро даражада эканини исботладилар, – дейди ҳакам. – Лекин мусобақанинг асосий мақсади ёшларимизни жасурлик, ватанпарварлик ва дўстлик, биродарлик руҳида тарбиялаш. Минтақада юз бераётган воқеалар республикаларимиз ёшларини дўстлик, биродарлик руҳида тарбиялашнинг нақадар муҳимлигини кўрсатди. Шу маънода ҳам турнир кўзланган мақсадга етди, деб ўйлайман. Чунки мусобақаларда болалар ва қизлар бир-бирларини кўради, танийди, дўстлашишади ва ҳалол беллашишни ўрганишади”.

Турнирга таниқли спорт устоз, 3-чи Дан, қора белбоғ соҳиби Жамолиддин Шерматов бош котиблик қилган бўлса, 1 тоифадаги ҳакам Назирбек Акбаралиев энг адолатли ва моҳир ҳакам деб топилди.

Оқбура, Моси-Бишкек.

Расмлар турнир ташкилотчилари томонидан тақдим этилди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг