Кампиробод сув омборининг тақдири ҳал бўлиш арафасида

Қирғизистон парламенти қўмитаси Ўзбекистон билан чегара битими лойиҳасини ёқлаб овоз берди.

Қирғизистон парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмитаси Кампиробод сув омбори ва у билан боғлиқ сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро битими лойиҳасини қўллаб овоз берди. Унга етти депутат ўзининг ижобий муносабатини билдирса, қўмита аъзоларидан уч нафари – Адахан Мадумаров, Чингиз Айдарбеков ва Нуржигит Қадирбековлар овоз бериш чоғида норозилик сифатида мажлисни тарк этишди.

Битимга тиш-тирноғи билан қарши чиқаётган Мадумаров «Азаттиқ» радиоси билан суҳбатда битим лойиҳасида Ўзбекистон Қирғизистон учун бир қатор шартларни қўйганини айтди. Унинг айтишича, “Қирғизистон омборни сув билан таъминлаши керак, Ўзбекистон эса сувни тозалаши керак. Битимга кўра, сув сатҳининг баландлиги 900-горизонталдан ошмаслиги керак, аммо форс-мажор ҳолатларда бундан юқорига кўтарилиши мумкин.

Жамиятда турли кайфиятларни пайдо қилган ҳужжат – Ўзбекистон билан битим лойиҳаси парламент қўмитасида ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, бу масала 10 октябрь куни қўмитада Ўзбекистон билан чегаранинг айрим участкаларини делимитация қилиш тўғрисидаги битим лойиҳасини кўриб чиқиш доирасида ҳам қаралиб, кўпчилик овоз билан маъқулланган эди. Ўшанда қўмита раиси Чингиз Айдарбеков лойиҳага қарши овоз берган ва қарорни имзолашдан бош тортган. Буни у масалани муҳокама қилиш учун қўмита аъзоларига барча тегишли ҳужжатлар тақдим этилмагани билан тушунтирган.

Кўп ўтмай президент Садир Жапаровнинг фармони билан Айдарбеков Фавқулодда ва мухтор элчи унвонидан маҳрум этилди.

Сўнгра Айдарбеков қўмита раҳбари лавозимини тарк этди ва унинг ўрнига депутат Улан Примов сайланди. Ўтган ҳафтада Кампиробод сув омбори остидаги ерларнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 20 дан ортиқ сиёсатчи ва фаоллар оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. Бугунга келиб уларнинг сони 26 нафарга етди.

Расмийларнинг айтишича, «провокаторлар» аҳоли ўртасида Кампиробод сув омбори ҳақида ёлғон маълумот тарқатмоқда.

Бу орада Кампирободни сақлаб қолиш бўйича штаб тузилиб, унинг раҳбарияти Ўзбекистон раҳбариятига бу битимни имзолашни 5 йил кейинга суриб туришни таклиф қилишди.

Имзоланиши кутилаётган битимга кўра, икки давлат ўртасидаги баҳсли деб топилган чегара участкаларининг 19 минг гектардан ортиқроғи Қирғизистон фойдасига ҳал бўлган. Бунинг эвазига Ўзбекистон Кампиробод сув омбори остидаги 4 мингдан ортиқ ерни олиши керак. Расмий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 60-чи йилларида сув омбори қурилишидан аввал Ўзбекистон Қирғизистонга 4 минг гектарча ер участкаларини турли жойлардан ўтказиб берган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг