Туркийлар дунёси: Ягона алфавитга ўтиш ташаббуси кўтарилди

Туркий давлатларнинг ягона алфавитини тузиш бўйича комиссиянинг биринчи йиғилиши Қирғизистонда ўтади.

Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, тил бирлигини таъминлаш мақсадида туркийзабон давлатларнинг ягона алфавитга ўтиш жараёнини тезлатиш учун махсус давлатлараро комиссия тузилган.

Бу ҳақда кеча, 20 октябр куни Туркиянинг Бурса шаҳрида мамлакатда нишонланадиган Тил кунининг 90-йиллигига бағишлаб ўтказилган семинарда айтилди.

Комиссия тузиш ҳақидаги қарор ушбу семинарда қабул қилиниб, яқин орада Турк давлатлари ташкилотига (ТДТ) тақдим этилади. Комиссия аъзолигига ТДТ ташкилотига аъзо ҳар бир давлатнинг тил сиёсати билан шуғулланувчи расмий идораларидан иккитадан вакил киритилади.

Комиссия ягона алфавит киритиш зарурати ва унинг афзалликлари ҳақида илмий доклад тайёрлаб, ТДТ Оқсоқоллар кенгашига тақдим этади.

Семинар давомида туркийзабон мамлакатлардан келган олимлар ўз давлатларида юз берган алфавит ва тил билан боғлиқ жараёнлар ҳақида гапириб бердилар. Семинар иштирокчилари ягона алфавитга ўтиш ва уни барча турк давлатларига тарқатиш жараёнини тезлатиш ҳақида фикрларини баён қилдилар.  

Семинарга Турк тили жамияти раҳбари Гурер Гулсевин раислик қилиб, унда ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркиянинг етакчи партияси бўлган Адолат ва ривожланиш партияси раиси ўринбосари Бинали Йилдирим ҳам иштирок этган. 

 

Турк давлатлари ташкилотига Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон киради. Венгрия ва Туркманистон ҳозирча ташкилот йиғилишларида кузатувчи сифатида иштирок этмоқдалар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг