Қалтис қарор. Қирғизистон парламенти аҳолига қурол бериш ҳақидаги қонунни ёқлади

Ёпиқ эшиклар ортида ўтган муҳокамадан сўнг қонун лойиҳаси деярли бир овоздан қабул қилинди.

Қирғизистон Жўғорқу Кенеши депутатлари 20 октябрь куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида мамлакат жанубидаги Боткен ва Ўш вилоятларининг чегара ҳудудлари аҳолисига “алоҳида ҳолатларда” қурол беришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини бирданига уч ўқишда ёқлаб овоз беришди. Лойиҳани қабул қилиш учун 63 депутат овоз берса, 3 нафари қарши овоз берди.

Умуман парламент 90 депутатдан иборат бўлиб, 24 депутат турли сабабларга кўра овоз беришда иштирок этмаган.

Қабул қилинган ҳужжатга кўра, Қирғизистондаги ҳарбий сафарбарликка тайёрлаш ҳақидаги, мамлакат фуқароларининг умумий ҳарбий бурчи, ҳарбий ва муқобил хизмат тўғрисидаги, қурол тўғрисидаги ва сафарбарлик ҳақидаги мавжуд тўрт қонунга ўзгартиришлар киритилиши керак. бу ўзгаришлар чегара ҳудудлари аҳолиси учун ихтиёрий сафарбарлик ва қурол-яроғ бериш имконини беради.

Мамлакатнинг жанубий ҳудудидаги тилга олинган вилоятлар Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош бўлиб, маҳаллий аҳолига қурол бериш ҳақида қонун қабул қилиш таклифи кўп йиллардан буён айтилиб келаётган эди. Бу талаб ўтган йилдан бери қўшни Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашувлардан кейин янада фаолроқ жаранглай бошлаган.

Жумладан, 2021 йилнинг май ойида Жўғорқу Кенешнинг бир гуруҳ депутатлари мамлакат ҳудудий яхлитлигига тажовузнинг олдини олиш ва чегараларни ҳимоя қилишга ёрдам беради, деб киритган қонун лойиҳаси қўллов топмаган. Бу ташаббусга бундан бир ой аввал, 2021 йил апрель ойида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида икки давлат қуролли кучлари ва аҳоли ўртасида юз берган қуроллик тўқнашувда 36 нафар Қирғизистон ва 19 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлгани сабаб бўлган эди.

Шу йилнинг сентябрь ойида Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида яна кенг кўламли қуролли тўқнашув содир бўлди. Натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ киши жароҳатланди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 130 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Тожикистон расмийлари чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида айтса, «Озодлик» радиосининг тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда ҳалок бўлган 81 нафар тожикистонликнинг рўйхатини эълон қилган.

Шундан бери Қирғизистон ва Тожикистон расмий доиралари бири бирини қуролли босқинчилик ҳаракатида айблаб келмоқдалар. Воқеалар таҳлили ва бошқа давлатларнинг бунга муносабати Қирғизистон тарафнинг даъволари ҳақиқатга яқинроқ эканини кўрсатмоқда.

Айтиш мумкинки, юқорида айтилган қонун лойиҳаси айнан Тожикистон билан чегарадош ҳудудларга тегишли. Чунки Ўзбекистон билан чегара масалалари турли норозиликларга қарамай, асосан ҳал бўлиб, томонлар тегишли битимни имзолашга тайёрлаб қўйдилар. Унинг имзоланиши яқинда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкека расмий ташрифи давомида имзоланиши кутилмоқда.

Бунгача, икки давлат ўртасида айрим фуқароларнинг чегара бузишларига доир воқеаларни ҳисобга олмаганда бирорта жанжал бўлган эмас. Аҳолига қурол бериш ҳақидаги қонун кучига кириши учун уни президент Садир Жапаров имзолаши керак.

Айрим сиёсатчилар ва экспертлар бу қонун лойиҳасини қалтис қадам сифатида баҳоламоқдалар. Уларнинг фикрича, қурол аҳолига тарқатилгач, уни назорат қилиш қийинлашади ва бу қўшимча, янада жиддийроқ жанжал ва тўқнашувларга олиб келиши мумкин. Қолаверса, чегара ҳудудини қўриқлаб олиш маҳаллий аҳоли эмас, давлат ва чегара хизматининг бурчидир.

Бугунги кунда Боткен вилоятининг чегарага яқин жойларида яшаган аҳолининг бошқа вилоятларга, асосан пойтахт Бишкекка кўчиб кетишга интилаётгани кузатилмоқда. Бу урушларга қадар ҳам аталган ҳудудларда аҳоли уй солиш учун ер участкалари етишмаслигидан, ичимлик ва қишлоқ хўжалиги учун ишлатиладиган сув муаммоларидан шикоят қилиб келишган.

Азалдан Боткен вилояти аҳолиси жўғрофий яқинлиги туфайли савдо-сотиқ масалаларида асосан қўшни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан алоқа қилиб келган. Чегаралар ёпилгач, бу борада ҳам аҳвол оғирлашган.

Боткен вилояти маркази пойтахт Бишкекдан 1000 чақирим олисликда жойлашган ва уларни боғловчи ягона автомобиль йўли бир неча тоғли довонлар орқали ўтади. Қўшни давлатларнинг вилоят марказларигача бир неча ўн чақирим масофа бор холос. Боткен-Бишкек-Боткен йўналишида фаол ҳаво қатнови йўлга қўйилган, лекин чипта нархлари оддий одамлар учун оғирлик қилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг