Марҳум журналист Алишер Соиповнинг қотилини топишга умид қолмади

Бугун Бишкекда журналистлар, сиёсатчилар халқаро ташкилотлар вакиллари журналист хотирасини ёдга олишди.

Роппа-роса 15 йил аввал, 2007 йилнинг 24 октябрида қирғизистонлик 26 ёшли журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилгани ҳақида совуқ хабар бутун дунё бўйлаб яшин тезлигида тарқади. У ишдан қайтаётганда, Ўш шаҳрининг қоқ марказидаги идорасига яқин жойда, одамларнинг кўзи олдида ноъмалум шахс томонидан отиб кетилди.

Ўша пайтда ва ундан кейин давлат раҳбарлари қотилни топишга қайта-қайта ваъда беришган бўлсада, шу кунгача бу мудҳиш жиноят очилмай келмоқда. Яқинда бу ишнинг яна ёпилгани ҳақида маълум бўлди.

Алишер Соиповни тириклигида шахсан таниган парламент депутатлари, журналистлар ва турли даражадаги сиёсатчилар Алишерни илиқ сўзлар билан эслашиб, унинг қисқа, лекин баракали иш фаолиятига юқори баҳо беришди. Унинг олий даражадаги одамгарчилигини, беғубор қалб эгаси ва фавқулодда жасур бўлганини эслашди.

Марҳум журналистнинг онаси Зайнабхон Соипова, унинг укалари бугунга келиб, Алишернинг қотилини ва бу жиноятга буюртма берган одамларнинг топилишига уларда умид қолмаганини билдиришди.

“Бизнинг қотил ва буюртмачиларнинг топилишига умидимиз қолмади. Энди давлат раҳбарияти ҳеч бўлмаганда бу қотилликка расман сиёсий баҳо беришини сўраймиз, – деди марҳум журналистнинг укаси, ҳозирда унинг ишини давом этдираётган журналист Шохруҳ Соипов.

Айнан мана шундай илтимос билан Зайнабхон Соипова президент Садир Жапаровга мурожаат қилди. Мурожаат матни ўқиб эшиттирилгач, ҳужжат давлат раҳбарига топшириш учун республика ҳукумати бошлиғининг ўринбосари Эдиль Байсаловга берилди. У ўз навбатида мурожаатнинг президентга етказилишини маълум қилди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар охирги вақтда Қирғизистонда яна журналистлар ва фаолларга қарши босим кучайганини таъкидлаб, расмийларни ҳалокатга олиб борувчи бу амалиётдан воз кечишга чақиришди.

Қирғизистон омбудсмени Атир Абдрахматова бугунги кунга қадар Алишер Соиповга қарши суиқасд бўйича материаллар омбудсмен институтига тўла етиб келмаганини маълум қилди.

“Афсуски, мен бугун бу қотиллик очилади ва айбдорлар жазоланади, деб ваъда беролмайман, – деди Абдрахматова. – Чунки бу қуруқ ваъда, популизм бўлиб қолган бўларди. Лекин биз бу иш бўйича материлаларни тўлиқ олиб, уларни ўрганиб чиқамиз ҳамда адолат қарор топиши учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз.”

Тадбирга республика президенти аппаратидан вакил чақирилганига қарамай, у ердан ҳеч ким келмади. Учрашув тугай деганда келган ҳукумат вакили Байсалов эса, бу ишнинг тақдири, бу борада ҳокимият қилиши мумкин бўлган ишлар ҳақида иштирокчилар талаб қилгандан кейин ҳам бирор нарса дея олмади.

Алишер Соипов турли йилларда маҳаллий нашрларда, кейинроқ “Америка овози”, “Озодлик”, “Фергана.Ру” каби халқаро оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қилган. Қотиллик юз беришидан аввалроқ у “Сиёсат” номли газета очиб, нашр тез орада Қирғизистон жануби ва қўшни Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида жуда оммалашиб кетган эди. Ўз материалларида Алишер Ўзбекистоннинг ўша пайтлардаги раҳбариятини қаттиқ танқид остига олиб келган.

Алишер Соиповнинг исми Вашингтонда, ўз бурчини адо этиш пайтида ҳалок бўлган журналистларга аталган ёдгорлик тахтасига битилган. Ўлимидан сўнг халқаро Сахаров мукофотига муносиб топилган.

Алишернинг дадаси Авазбек Соипов ўғлининг ишида адолат қарор топиши учун 10 йилдан ортиқ умрини сарфлади. Охири умиди сўнгач, 2018 йили фарзанд доғида кучайган хасталикдан вафот этди. Қотиллик юз берганда икки ойлик чақалоқ бўлган ёлғиз қизи Зулайҳо бугун 16 ёшни қаршиламоқда.

Тадбирда Алишер Соипов номидаги халқаро фонд ташкил этилгани эълон қилинди. Фонд Қирғизистонда журналисттик суриштирувларни ривожлантириш билан шуғулланишни мақсад қилган ва ўз фаолиятида Алишер каби чегара муаммоларини ёритишга урғу беради.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг