Миллионер чақалоқ: Қирғизистонда етти миллионинчи фуқаро туғилди

Статистика маълумотлари мамлакатда аҳоли сонининг ўсиш суръати кучайганидан дарак бермоқда.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати берган маълумотга кўра, мамлакатнинг 7 миллионинчи фуқароси бугун, 19 октябрь куни тунги 2 дан 10 дақиқа ўтганда Қирғизистон жанубидаги Қизилқия шаҳрида туғилган.

Бу муносабат билан президент Садыр Жапаров Миллий статистика қўмитаси раиси Бақтибек Қудайбергенов ва Соғлиқни сақлаш вазири Гулнара Баатировани қабул қилди. Чақалоқ ўғил бола бўлиб, маҳаллий фермер Валижон Абдурасуловнинг оиласида дунёга келган. Унинг онаси Айжарқин Сираждинованинг ёши қирқда. Боланинг вазни 3,9 килограмм, бўйи 54 сантиметр экани айтилди.

Садир Жапаров бахтли оилани телефон орқали табриклаб, уларга ва болага ўзининг самимий тилакларини билдирди. Чақалоқнинг онаси илтимосига кўра давлат раҳбари болага Жақшилиқ (Яхшилик) деб исм қўйиб берди.

Бунгача Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси жорий йилнинг октябрига келиб республика аҳолисининг сони етти миллионга яқинлашиб қолгани ҳақида бир неча бор хабар берган. Тахминларга кўра, юбилей чақалоғи шу кунларда туғилиши керак эди.

Шу йилнинг баҳорида Қирғизистонда биринчи марта электрон форматда аҳолини рўйхатга олиш амалиёти ўтказилиб, ўшанда ҳам етти миллионинчи фуқаронинг октябрь ойларида туғилиши тахмин қилинган эди. Бундан олдинги рўйхатга олиш Қирғизистонда 2009 йилда ўтказилиб, ўша пайтда мамлакат аҳолиси 5,3 миллион киши экани қайд этилган.

Қирғизистоннинг олти миллионинчи фуқароси Айлин Қожошева 2015 йилнинг 25 ноябрида Ўшда туғилган бўлса, беш миллионинчи чақалоқ Тинчтиқбек Қурамаев 2002 йилнинг 27 августида Бишкекда дунёга келган. Тўрт миллионинчи фуқаро Қаникей Қайипова ҳам мамлакат жанубида, Ўш вилоятининг Қорасув туманида, 1985 йилнинг 27 майида таваллуд топган.

Бу маълумотлар Қирғизистон аҳолисининг сони катта суръатлар билан ўсиб бораётганидан дарак беради. Ҳисоб-китобларга кўра, тўртинчи ва бешинчи миллионлиқ чақалоқлар ўртасида 17 йил вақт бўлса, бешинчи миллион билан олтинчи миллион ўртасида 13 йил вақт ўтган. Аҳоли сонининг олти миллиондан етти миллионга етиши учун эса бўлгани етти етарли бўлган.

Президент матбуот хизмати берган маълумотга кўра, янги чақалоқнинг банкдаги ҳисобига давлат ҳисобидан миллион сўм (12 000 АҚШ доллари атрофида) ўтказилиб берилади. Бу пулдан етти миллионинчи фуқаро балоғат ёшига етгач, шахсан фойдалана олади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди ва мақола қаҳрамонларига бевосита алоқадор эмас

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг