Чигал масала. Шаҳар ҳокимияти аҳоли томонда

Ўшдаги ишбилармон ва аҳоли ўртасидаги ер талаш масаласи юқори босқичга кўтарилди.

Ўш шаҳрининг Шаҳидтепа ҳудудидаги аҳолининг бир қисми ва маҳаллий ишбилармон ўртасидаги баҳсга сабаб бўлаётган 2 гектар 40 сотих ерни тадбиркор Нуркул Ширдақов унинг хусусий мулки эканини айтмоқда. Лекин шаҳар мэрияси бундай деб ҳисобламайди.

Шундай бўлса-да, 17 август куни баҳсли ерда барпо бўлган Тешиктош маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли ОАВларга мурожаат қилиб, уларнинг уйларини сурдириш учун суд ижрочилари келганини маълум қилишган.

Ушбу ҳудудда яшовчи 33 хонадондан бирининг эгаси Мамир Исроиловнинг сўзларига кўра, у ўз уйини 1990 йилда Загарфан Раҳмонқуловадан сотиб олган. Уйни Раҳманқуловага Зарифа Мамажанова совға сифатида ўтказиб берган эди. Исроилов уйни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаган. 2010 йил июнидаги воқеалар пайтида уйига қўшилиб, уйни сотиб олгани ҳақидаги тилхат ҳам куйиб кетган. Ўш ва Жалолобод вилоятларини қайта ликлаш бўйича Давлат дирекцияси янги уй қуриб бергандан кейин, Исроилов уйни шаҳар суди орқали 2015 йилда ўз номига расмийлаштирган. Аммо бу ерларга даъвогарлик қилаётган Ширдақов шаҳар суди қарорини вилоят судида бекор қилдирган.

“Қарор бекор қилинганидан кейин, Зарифа Мамажонованинг ҳуқуқий ҳужжати, совға шартномасининг қайдномаси борлигига қарамай, Ширдақов бу учатскага бўлган ҳуқуқини ноқонуний тарзда кадастр рўйхатидан ўтказган”, – дейди уйнинг эгаси Исроилов.

Шу билан бирга Исроилов тортиб олинган уйи учун ҳеч қандай компенсация олмаган. Бу ҳақда Ўш шаҳар муниципал мулк бошқармасининг маълумотномаси бор.

Ҳуқуқшуносларнинг сўзларига кўра, Тешиктошдаги ҳар бир хонадон ҳужжатларининг ўз тарихи мавжуд. Шунинг учун ҳам, Ширдақов ҳар бир уй эгаси билан алоҳида судлашмоқда.

Тадбиркор ва аҳоли ўртасидаги ер низоси тарихи

1998 йилда Давлат мулк жамғармаси томонидан Тешиктошдаги қурилиши 12 фоизга битган 6500 квадрат метр майдонни эгаллаган бўлғуси универсал дўкон сотувга қўйилган. Ким ошди савдосида хусусий тадбиркор Нурқул Ширдақов ёлғиз иштирок этиб, ғолиб деб топилган ва 360 минг сўмга универмаг ўрнини қурилиши билан бирга сотиб олди. Худди шу йили у расмий эгалик гувоҳномасини (“қизил китоб”) олган.

Бироқ Ўш шаҳар мэрияси берган маълумот бундан жиддий фарқ қилади. Муниципалитет маълумотларига кўра, 1999 йилда Ширдақов ўша пайтдаги Ўш шаҳар давлат маъмурияти (ҳозирги мэрия)дан универмаг атрофидаги 2 гектар 40 сотих ерни вақтинча фойдаланишга беришни сўраган. Чунки маҳаллий ҳокимиятнинг келгусида бу ҳудудда ёпиқ бозор қуриш режаси бор эди.

Ернинг вақтинчалик фойдаланишга берилиши эвазига тадбиркор универмаг биносини Ўшнинг 3000 йиллик юбилейига фойдаланишга топшириш вазифасини ўз зиммасига олади. Бу ҳақда 1999 йил апрель ойида шаҳар ҳокимияти қарор чиқариб берган.

Уйлари бузиладиган қирққа яқин фуқаронинг уйи ҳам ушбу 2 гектар 40 сотих майдонда жойлашган. Улар ота-боболаридан буён шу ҳудудда яшаб келишган, уйларининг “қизил китоби” бўлган. Кейинчалик, 2010 йилдаги мудхиш воқеаларда бу уйлар ҳужжатлари билан бутунлай ёниб кетган. Кейин уйларнинг ҳаммасининг ҳужжатлари қайта тикланган.

Юқорида аталган қарорда хусусий тадбиркор Нурқул Ширдақов, Экотехинспекция, Давлат рўйхатидан ўтказиш хизмати, Ўш шаҳар капитал қурилиш бошқармаси ва Ўш шаҳар архитектура бошқармасига ҳудуддан кўчириладиган уй-жойлар учун компенсация тўлаб бериш масаласини ҳал этиш вазифаси юкланган. Лекин энди мэрия ҳузуридаги муниципал мулк бошқармаси ҳуқуқшуноси Қадирахун Жолдошбаевнинг сўзларига кўра, номи келтирилган муассасалар ва Ширдақов компенсация бўйича ҳисобот тақдим эта олмаяпти. Яъни, компенсация тўланмаган.

“У ерда дастлаб 48 та уйнинг коди ёки манзили кўрсатилган. Кейинчалик 38, 33 бўлди. (уйларнинг мажбуран бузилмагани исботланган, лекин нега уйлар сонини қисқарганини ҳеч ким билмайди. – Н.Ш.) Уларнинг ҳеч бири компенсация олмаганини айтишмоқда. Ширдақов ўз чўнтагидан ҳам компенсация тўламаган. Ҳатто универмаг қуриш у ёқда турсин, аввалги қурилишни ҳам бузиб, йўқ қилиб, у ерда Осмонов исмли ҳамкори билан вақтинчалик бозор қилиб, фойда кўриб келмоқда. Ердан фойдаланиш ҳуқуқи 2000 йилгача берилган. Ўшандан бери у ҳудудда ноқонуний ишлаб келган”, – деди Жолдошбаев.

Ширдақовнинг даъвоси ва юрист шарҳи

Икки гектар 40 сотих ер майдонида 30 дан ортиқ уй бўлса, айни пайтда улардан олтитаси суд қарори билан тадбиркор Нурқул Ширдақовга ўтган. Ўш шаҳар суди маълумотларига кўра, суд қарори билан уй эгалари ўз маблағлари ҳисобидан уйларини бузиш мажбуриятини олган.

“Суднинг ушбу қарори Ўшдаги Кадастр давлат муассасаси томонидан чиқарилган ҳисоботга асосланади. 1999 йилги қарорга асосан мулк ҳуқуқи Ширдақовга қайд қилинган. Шу боис суд фуқаролик кодекси нормаларига кўра, тегишли рухсат олинмасдан, қурилиш мустақил равишда қурилгани ҳақидаги Ширдақовнинг даъвосини қаноатлантирган”, – дейди Ўш шаҳар суди матбуот котиби Айпери Туратбек қизи.

Нурқул Ширдақов ўзи ернинг қизил китоби йўқ эканини, кўк китоб олганини эътироф этсада, 2 гектар 40 сотих ер унинг мулки эканлигини таъкидлайди.

“Ер меники, уйлар ноқонуний қурилган. “Уй эгасиман” деган фуқаролар бошқа жойда яшайди. Норози бўлаётганларнинг ҳаммаси сиртдан келганлар. “Ер кодексини амалга ошириш тўғрисида”ги 1999-йил 2-июнида қабул қилинган қонун бор. Унда ёзилишича, 1999-йил 16-июнгача берилган барча кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар тўловсиз тан олинади. Шунинг учун Олий суд уни менинг мулким деб тан олди. Энди бузиладиган уйлар ўрнига универмаг қураман”, – дейди ишбилармон.

Қонунга кўра, Давлат рўйхатга олиш хизматидан мулкни биринчи марта рўйхатдан ўтказган фуқаро унинг эгаси ҳисобланади. Мулкка эгалик ҳуқуқи бошқа бировга ўтказилмайди. Ширдақов ўз мулкини расмийлаштирмаган. Бундай вазиятда мазкур ҳудудда яшовчи фуқароларнинг “қизил китоби” (мулкка тўла эгалик ҳуқуқини тасдиқлайди), хусусий тадбиркорнинг эса “кўк китоби” (мулкка тўла ҳуқуқ бермайди) бор. Ўшдаги “Интербилим” ташкилоти юристи Нурқиз Жанибековага кўра, суд қарорисиз ҳеч кимни мулк ҳуқуқидан маҳрум қилиб бўлмайди.

“1999 йилда ўша пайтдаги маҳаллий ҳокимият қарори билан ердан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи берилган эди. Бироқ, суд қарорисиз маҳаллий ҳокимият мулк одамларни ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳуқуқига эга эмас эди. Чунки ўша пайтда ҳам аҳоли яшар эди. 2010 йилдан кейин ҳам давлат томонидан фуқароларнинг ҳужжатлари отадан ўғилга ўтганлиги асосида қайта тикланган. Агар ер Ширдақовнинг мулки бўлганида, уй эгаларига “қизил китоб” берилмасди”, – дейди Жанишбекова.

Маҳаллий ҳокимият халқ томонда

Ўш мэрияси тадбиркор вақтида ўз мажбуриятини бажармагани учун ерни қайтариб олиш чораларини кўраётгани айтилади. Ўш шаҳар кенгаши депутати, адвокат Болот Баетов Тешиктош аҳолисининг муаммосига шаҳар кенгаши депутатларининг эътиборини жалб қилди. Аҳолига қўлдан келганча ёрдам бериб, улар истиқомат қилаётган уйларини мажбурий бузишдан (снос) вақтинча сақлаб қолиш чораларини кўраётганини билдирди.

“Ҳуқуқий томондан қандай ёрдам керак бўлса, қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Куни кеча ҳам аҳолининг кўчишини талаб қилиб келган суд ижрочиларини вақтинчалик тўхтатиб қолдик. Шу оралиқда Олий судгача бориб, уларнинг масаласини ўрганяпмиз”, – деди Баетов.

Бундан ташқари аҳолининг тадбиркор билан баҳсига тортилган бошқа ҳуқуқшуносларнинг сўзларига кўра, аҳолининг уйга эгалик бўйича ҳужжатларида камчиликлар кўп. Ҳужжатлари тўлиқ бўлган ёки ўз вақтида уйни мерос сифатида ўтказишдаги камчиликларни бартараф қилганлар ёки уйлари олди-сотди бўлган ҳолатларда ҳамма ҳужжат ишларини бекаму кўст бажарганларда муаммо бўлмаяпти ҳамда судда буларнинг ишлари осон ҳал этилмоқда. Нечта хонадон мана шундай мавқега эга экани суд орқали аниқланади.

Тешиктош аҳолиси журналист ва ҳуқуқшунослардан ташқари мамлакат президентига ҳам ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилишиб, муаммони адолатли ҳал бўлишига эътибор қаратишини сўрашган. Ҳуқуқий муаммолар туфайли бу мурожаатлар айланиб юриб яна шаҳар судига етиб келган. Шу вақтнинг ўзида одамлар Ширдақовнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш бўйича судга даъво аризасини йўллашган.

Ҳужжатларга мурожаат қилсак, хусусий тадбиркор билан аҳоли орасида талашга тушган Тешиктош ҳудудидаги уйлар 1971 йилда сносга тушган. Чунки у ерда шаҳар бош режасига кўра турли хил иншоотлар қурилиши керак эди. Аммо 1977-78 йилларда колхоз бозори дирекциясидаги молиявий масалалар туфайли режадаги қурилиш ишлари кейинга қолдирилади. Шундан кейин 1986 йилда айнан шу ҳудудда 2,5 гектар жойга универмаг қуриш учун ер ажратилади. Лекин турли сабабларга кўра қурилишлар яна қолиб кетади.

Хуллас, Ширдақов ерни астойдил талашяпти. Мэрия эса унга қарордаги мажбуриятларни ўз вақтида айтилган ишни бажармаганини айтиб, ерни қайта олиб қўйиш ҳаракатида. Ширдақов бунга аҳолининг ўша ҳудуддан вақтида кўчмаганини айтса, одамлар ўз навбатида янги жойга уй солиш учун бузиладиган уйларига компенсация берилмаганини даъво қилмоқдалар. Мана шунақа чигал масала. Унинг ҳал қилиниб бориши жараёни ҳақида маълумот бериб борамиз.

Оқбура, Ўш.

Сурат интернетдан олинди, мақолага бевосита алоқаси йўқ

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг