Имкониятлар асрини бошлаб берган улуғ кун муборак бўлсин!

Сайтимиз жамоаси ўз мухлисларини Қирғизистон давлат мустақиллиги куни билан табриклайди.

Қирғизистоннинг кўп миллатли фуқаролари ҳамда ўз ўтмиши ва ёки келажагини ушбу давлат билан боғлиқ деб билган, дунёнинг турли бурчакларида яшаб, меҳнат қилаётган ҳар бир замондошимизни Қирғизистон давлат мустақиллигининг навбатдаги санаси билан чин дилдан, самимий муборакбод этамиз!

Ўтган 31 йил давомида ватанимиз жуда кўп иссиқ-совуқ кунларни бошидан ўтказди. Мустақиллик бизга қон тўкишларсиз, бошқа давлатларнинг қаршилигисиз берилган эсада, берилган бу имкониятни сақлаб қолиш, алоҳида давлат сифатида шаклланиб, оёққа туриб олиш жараёни осон кечмади. Совет тузуми ўзининг барча иқтисодий, сиёсий, маърифий, дипломатик ва бошқа тизимлари билан бирга тўла парчаланиб кетгандан кейин юзага келган оғир йиллар синовларини халқимиз муносиб енгиб ўтди.

Ташқи ва ички кучларнинг мамлакатни парчалаб ташлашга қаратилган, ёки шундай фожиага олиб келиши мумкин бўлган интилиш ва ҳаракатларига қарамай, Аллоҳ насиб этган истиқлол неъмати бизни тарк этмади. Бу йилларда давлатимиз жиддий йўқотишлар билан бир қаторда улкан ютуқларга ҳам эришди. Муҳими, мустақил давлат сифатида, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли, тўлақонли аъзоси ўлароқ ўз ўрнимизга эга эканимизни исботлай олдик. Буни турли даражадаги давлатлар, халқаро ҳамжамият тан олди.

Бугун Қирғизистон бошқа давлатларда бўлганидек турли хил иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа муаммолар олдида турибди. Қатор камчиликларга қарамай, давлат раҳбарияти, кўп миллатли халқимиз келжакка ишонч билан боқиб, ватан равнақи, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш йўлида дадил ҳаракат қилмоқда. Бу ишларида жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига, миллати ва динига, сиёсий қарашлари ва бошқа ўзгачаликларига қарамай, омад ва муваффақиятлар тилаймиз.

Юртимиз осмони ҳамиша кенг ва беғубор бўлсин, жамиятимизда миллатлараро тотувлик, баҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик барқарор бўлишини, ҳар бир хонадонда тўқчилик, мўлчилик, файз-барака бўлишини тилаймиз.

Мустақиллик муборак бўлсин, азиз замондошлар!

Камоли эҳтиром билан,

“Оқбура” сайти жамоаси

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг