Ишласа бўлар экан-ку, барака топгурлар!

Оммавий шикоятлардан сўнг Ўш аэропортидан чегара постигача кичик автобуслар қатнай бошлади.

Ўш шаҳрида Аэропорт – Дўстук (“Дўстлик”) чегара пости йўналишида кичик автобуслар қатнай бошлади. Ушбу йўналиш жумладан транзит сифатида Қирғизистон орқали ҳорижга ва ҳориждан уйига учаётган қўшни давлатлар фуқароларига хизмат қилади.

Марказий Осиё давлатларига нисбатан Қирғизистонда ҳаво йўллари учун чипта нархлари арзон бўлгани боис кўп ҳолларда қўшни давлат фуқаролари Қирғизистондан транзит давлат сифатида фойдаланишади.

Сўнгги вақтларда хориж фуқаролари, асосан ўзбекистонлик йўловчилар бир неча марта интернет орқали Қирғизистон расмийларига мурожаат қилишиб, аэропортдаги зўравон таксичиларни тартибга чақириб, у ердаги бебошликларга чек қўйишни илтимос қилишган эди. Яъни, маҳаллий таксичилар меҳмонларга қўпол муносабатда бўлиб, уларни зўрлик билан ўз машиналарига ўтиришга мажбур қилишар ва йўлкира ҳаққини одатдагидан бир неча баробар қиммат (150 қирғиз сўми ўрнига 700 сўм атрофида) олишар эди.

Журналист Шохруҳ Соипов бу масалани доимий равишда кўтариб келади. Хусусан, жорий йилнинг июлида у Россиядан қайтиб келаётган ўзбекистонлик танишларини кутиб олгани бориб, Ўш аэропортидаги таксичиларнинг зулмига учраганини айтган. Таксичилар зўравонлик қилиб, меҳмонларни ўз машиналарига ўтиришга мажбурлашган. Соипов уларни кутиб олгани келганини айтганда, унга ҳам таҳдид қилишган.

Журналист буни видеога тортиб, интернетга жойлаштирган ва милициядан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. «…Улар менга ёрдам беришди. Шундан сўнг таксичилар норози бўлиб, мени қўрқитиб, чақимчиликда айблашди», – деб ёзган эди Соипов Фейсбукда.

Август ойи бошида ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик фуқаролардан бирининг TikTok платформаси орқали Қирғизистон раҳбариятига қилган мурожаати ижобий ўзгаришга туртки бўлди, дейиш мумкин. Видео муаллифи худди Соипов айтгандай воқеага гирифтор бўлганини, лекин бу сабабли қирғиз халқидан ҳафа эмаслигини, шундай бўлсада, бундай ҳолатлар қардош ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигига раҳна солиши мумкинлигини айтади. Бундай ҳолат кўпдан бери кузатилаётганини эътироф этар экан, у бу муаммога «давлат қарамайдими?» деб савол берган.

Кўп ўтмай, журналист Шохруҳ Соипов Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасига чақирилган ва Ўш аэропортидаги таксичиларнинг масаласи бўйича сўроқ бериб чиққанини билдирган.

Президентнинг Ўш вилоятидаги вакилигининг матбуот котиби Эрмек Муратбек ўғлининг сўзларига кўра, йил бошидан буён шу масалада турли ижтимоий тармоқлар орқали 14та ариза келиб тушган. Ҳозирги кунда улар назоратга олиниб, 7 ариза бўйича текширув олиб борилмоқда.

“Бугунги кунда ҳаммаси изга тушди. Шундай бўлса ҳам бу иш президентнинг Ўш вилоятидаги вакилининг шахсий назоратида. Бу масала кўриб чиқилганидан кейин, сайёҳларга нисбатан салбий кўринишлар содир бўлмади”, – дейди Эрмек Муратбек ўғли автобус қатнови йўлга қўйилгач.

Аэропорт – Дўстук йўналишидаги 107-чи кичик автобус ҳайдовчиларидан бири Орозбай Чўлпонбаев. Унинг сўзларига кўра, аҳоли йўналиш очилганидан хурсанд.

“Кичик автобусимга ўтирган йўловчилар расмийларга ўз миннатдорчилигини билдирмоқда. Оқсоқоллар ўз фотиҳаларини бериб кетмоқда”, – дейди Чўлпонбаев.

Бунгача зўравон киракашлар 6 километрга етмаган жойга олиб бориб қўйгани учун қўшни давлат фуқароларидан 500 рублдан талаб қилишган бўлса, кичик автобус хизмати учун бор-йўғи 30 сўм (36 АҚШ центи атрофида) тўланмоқда.

“Қатнов асосан самолётлар келиб қўнадиган вақтларга мўлжаллаб тузилади. Самолёт кечаси келадими, кундузи келадими, бизнинг ҳайдовчилар навбатчиликда турибди. Милиция ходимлари эса, йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларни кичик автобусларгача кузатиб қўйишмоқда”, – дейди янги қатновни йўлга қўйган транспорт корхонаси вакили.

Яратилган шароитлардан маҳаллий аҳоли ҳамда меҳмонлар жуда миннатдор. Бу ҳам бўлса икки давлат ва икки қардош халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга яна бир замин бўлишини айтишади. Ижтимоий тармоқларда айниқса кечаси ва эрта тонгга яқин келиб қўнадиган самолётларнинг йўловчиларнинг миннатдорлигини айтилган видео мурожаатлар пайдо бўлди.

Бу йўналишдаги кичик автобус қатнов ўтган йилнинг декабрь ойида ҳам очилган, бироқ бу узоққа чўзилмади. Ҳукумат мазкур масалани ўз назоратига олгандан кейин иш ўрнига тушди. Айрим маълумотларга кўра, Қирғизистондан транзит сифатида фойдаланган ҳар бир хорижликдан аэропортга 15 доллардан тўлов тушади.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг