Дилором Соипова: Агар хонанда бўлмаганимда раис бўлардим…

Раисликка қизиққан, ўқитувчиликка ўтмай қолган, хореографияга топшириб, хонанда ва актёр бўлган санъаткор.

«Қишлоқ хўжалиги ишларини яхши кўраман, чунки далада ишлаб катта бўлганман. Шунинг учун бемалол раис бўла олардим, дейман. «Виллис» машинасини миниб олиб, далаларни кезиб юрардим”, – дейди устоз санъаткорлардан бири, хушовоз хонанда, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Соипова биз билан суҳбатда.

Нафақат мамлакатимиз, балки бутун Ўрта Осиёда ҳам машҳур бўлган, беғубор, ширали овоз соҳибаси, суҳбати ҳам овозидек тилтортар афсонавий қаҳрамонимиз билан ўзи 1986 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Бобур номидаги ўзбек Академик мусиқали драма театрида учрашдик.

Салкам 40 йил театр саҳнасида…

Дилором опа, 40 йилдан буён ташриф қоғозингизга айланган энг машҳур қўшиғингиз “Гул тутгин, азизим” бўлган, адашмасам. Илтимос, шу қўшиқнинг яратилиши тарихини айтиб берсангиз.

– Қўшиқ матни Ўзбекистон телерадиосининг таниқли суҳандони Муслим Йўлдошевга тегишли. Биз санъаткорлар одатдагидек телевидениега вақти-вақти билан бориб турардик, қўшиқ куйлаб эфирга чиқиш учун. 1980-1982 йиллар эди, адашмасам. Кунларнинг бирида Муслимбек ака шу шеърини берди бизга. Турмуш ўртоғим Маъмуржон Шокиров билан бирга ўқиганмиз. У киши бастакор эди. Институтни битирибоқ, турмуш қурганмиз. Бу киши йўлда кетгунича автобусда қўшиққа айлантириб қўйган. Сўзлари равон, хиргойи қилиб айтиб, ўша куннинг ўзидаёқ куйини басталаган. Мен қўшиқни куйлаб, муаллифга тақдим этганмиз. Жуда ёққан Муслимбек акага ва эфирда тинимсиз янграй бошлаган. Мухлислар талаби билан деярли ҳар куни “Ахборот” дастурининг дебочаси каби такрор-такрор янграр эди.

Муваффақиятли куй, садафдек терилган сўз ва ҳеч кимникига ўхшамаган майин овоз табиийки, миллионлаб тингловчининг қалбини эгаллаб олган. 40 йилдан ўтибдики, ҳамон севиб тингланади бу сирли қўшиқ. Қўшиқ ўз йўлига, гулларни севиб парвариш қилиш ҳам сизнинг севимли машғулотларингиз сирасига киради. Уйрўзғор, театр, қўшиқчилик орасида гуллар билан шуғулланишга қандай вақт топасиз?

– Жуда эътиборли экансиз! Талабалик йилларимда ҳам ётоқхонамизни гулларга тўлдириб юборганман. Ҳатто деворга чирмашиб ўсадиган гулларим ётоқхонамиз деворини ҳам безаб турарди.

Санъат шайдоси борки, гулни севади. Аёл, табиий гулга ошуфта қалб эгасидир. Гулларни севиш болаликдан мерос. Оилада олти қиз ва уч ўғил бўлганмиз. Қизи бор ўзбек хонадонида гулу райҳонлар барқ уриши одат-ку. Шокиров (эр-хотин ҳануз курсдошлар каби бир-бирларини фамилияси билан чақиришаркан. – муаллифлар) билан ўқишни бирга тамомладик, Ўшга келиб, икки ўғил фарзандли бўлдик.

Санъат аҳли борки, гулларни яхши кўради…

Ҳовлимиз Оқбура сойининг бўйида жойлашган. Эрта баҳорда ишдан келиб, бирпасда гул уруғларини ерга сепаман, парвариш қиламан ва уларнинг чиройли гуллаганини кўриб, завқланаман.

Ҳозир ҳам ҳовлимизда гуллар ва дарахтлар жуда кўп. Келинларим ҳайрон бўлишади, худди ўрмондек қалин бўп кетяпти ҳовлимиз, деб. Менга эса ёқади, қалин дарахтзор ва ранг-баранг гуллар…

Дарвоқе, келинларим деяпсиз, ўғиллар ва неваралар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Улар нега санъат йўлидан боришмаяпти?

– Ўғилларимиз Дониёрбекнинг икки ўғил, икки қизи бор, ўзининг шахсий озиқ-овқат дўконида ишлайди. Нодирбекда уч қиз, бир ўғил бор. Нодирбек ҳам ўзининг дўконида тирикчилик қиляпти. Ёшлигида иккала ўғлимиз ҳам бирмунча санъатга қизиқишган. Театримизда устозларимиздан бири Салоҳиддин ака Умаров “Соҳибқирон” спектаклида бош ролни ўйнаганда, иккала ўғлимиз Соҳибқироннинг икки неварасини ўйнашган. Ҳатто устозга унинг сўзларини ҳам ёдлаб, айтиб бериб туришган. Жуда сўзи кўп, мураккаб рол эди-да ўзиям! Дадалари телевидение очгач, операторликка қизиқишди.

“ДДД продакшн” деган студияда анчагина видеоклиплар тайёрлашди. (Бир вақтлар бу студияда Қирғизистоннинг машҳур санъаткорлари ҳам Бишкекдан келиб, клиплар ёздиришган. – таҳр.) Катта бўлишгач эса, студия ёпилиб, 2010 дан кейин тирикчилик туфайли бошқа юмушга ўтиб кетишди. Мана, ҳозир 8 нафар невараларимиз қуршовидамиз.

– Яна бир саволим шуки, турмуш ўртоғингиз билан ҳам оилада, ҳам ишхонада доимо бирга бўлиш натижасида тортишиб қолмайсизларми? Ахир ҳаёт нафақат гўзал гуллар ва чиройли қўшиқлардан иборат. Саҳна ортидаги ҳаётингиз қандай кечмоқда?

– Ҳаётимдан нолимайман, умримнинг мазмуни санъатим бўлса, оилам ҳам шу санъатим каби хайрли ўтмоқда, Алҳамдулиллаҳ! Шокиров бастакоргина эмас, вақти келса шоир, носир, журналист ва режиссёр ҳамдир. Ярим асрдан буён бири-биримизнинг феълимизни яхши биламиз. Шокиров лов этиб ёнганда, мен сувдек жим тураман, тезда ёнғин ўчади. Мен ловулласам, Шокиров ҳам вазминлик қилади. Мусофирлигимни ҳам ҳисобга олади. Фақат мени деб юради, шу шаҳарда деб эҳтиёт қилади. Ҳозир бир-биримизга суянган пайтимиз.

Маъмуржон Шокиров ва Дилором Соипова оилавий ижодий тандеми халқимизга бетакрор санъат асарларини инъом этди

Дилором опа, сизни кўпчилик соҳир овоз хонанда деб таниса, ўшлик мухлисларингиз яхшигина актриса сифатида ҳам билишади. Бу соҳага қандай киришгансиз?

– 1986 йили театрга ишга келганимда, устозларимиз огоҳлантиришган. Бу ер филармония эмас. Театрда драма артисти сифатида фаолият юритасиз ва керак бўлганида ролларни ҳам берамиз, ўйнайсиз, дейишган. Ана ўшандан буён мен қўшиқ айтишдан ташқари драма артисти сифатида баъзан роллар ижро қиламан.

Ҳаётимдан мамнунман, қисқаси. Мана, яқинда Шокиров ўшлик шоирамиз Самарбону ҳаётидан бир лавҳа қилиб, мусиқали драмага ҳам бастакорлик, ҳам режиссёрлик қилди. Табиийки, мусиқали драма бўлгани учун битта ролни менга берди, ўйнадим. Спектакль ҳақида сизларнинг сайтингизда ўқидим, раҳмат.

Ҳа, бу янгилик ҳақида ёзганмиз, лекин сиздан айнан шу спектаклдаги ролингиз ҳақида батафсил сўрамоқчиман. Амма ролининг прототипи ким?

– Ўзимнинг аммам бор эди, дадамнинг опаси. Қўқонга пединститутга ўқишга борганимда мандатдан йиқитишмаганида, балки ўқитувчи бўлиб кетармидим (кулади). Ўша аммамнинг эри йўқ эди, қилиқлари ажойиб, қарорни дарҳол қабул қиладиган, чўрткесар аёл эди. Ролдаги айрим қилиқларни аммамдан олдим. Ўзимдан ҳам олдим, мен ҳам жиянларимга аммаман-ку!

Энг эсда қоларли жойини айтайми? Премьерадан бир кун олдин қўлим синиб қолди, қўққисдан йиқилиб тушдим. Премьера яхши ўтди, комиссия қабул қилди. Кўрдингиз-ку, гипс билан саҳнага чиқдим. Биров сезди, биров – йўқ. Роли шунақа бўлса керак, дебмиз деганлар ҳам бўлди.

Суҳбатимиз аввалида бир хит бўлган қўшиқ тарихига тўхталган эдик, охирида ҳам яна бир машҳур қўшиқ, айнан исмингизга аталган Дилором қўшиғи ҳақида айтиб берсангиз. Сўзини Маъмуржон ака ёзганми?

– Нормурод Нарзуллаев шеъри, Шокиров уни топиб олиб, қўшиқ қилиб берганди менга. Шоир уни кимга атаб ёзгани номаълум. Учрашган эмасман, шоир билан сира. 1976-78 йиллар эди, ўшанда. Қўшиқ ҳақиқатдан хит бўлган эди, ҳозирги ибора билан айтганда.

Маъмуржон акам билан қандай танишиб қолгансизлар?

– Машҳур ҳофизимиз Ортиқ Отажонов 1974 йиллари Тошкент давлат маданият институти талабаси бўлиб турганда телевидениеда чиққан. Ўшанда дадамга, мениям маданият институтига оборасиз, ана шу жойда ўқийман, деганман. Бортовой (юк ташувчи) машинани буюртма қилиб, дадам билан маданият институтига борганмиз. Биринчи куни ҳужжатларимнинг ками боракан, олишмаган. Эртасига яна ўжарлик билан қайта тўлиқлаб борганмиз. Дадамнинг онаси раҳматли бор эди, ўшанда. “Биронтанг қўшиқчиям бўлишмадинг, олтита қиз уч, ўғил ичидан” деган эди раҳматли бувим.

Қирқ йил аввал. Ижодий гуруҳ таркибида Москвага ижодий сафарда.

Унда биз Бекободда яшардик. У ердан ҳар куни Тошкентга қатнаш мумкин эмас эди. Йўл олис. Ҳужжатларни қабул қилишгандан кейин, бир уйғур опа, Ширингул Ҳайдарова мени уйига опкетиб қолган, тайёрлов курсидагиларга ётоқхона берилмас экан.

Дастлаб хореграфия бўлимига топшириб, кўп ўтмай Сирдарёга, Ильичевка туманидаги “Волков” совхозига пахта тергани борганмиз. Дала шийпонларда ашула айтиб юрсам, домламиз эшитиб, мени хор-дирижёрлик бўлимига ўтказиб қўйишган экан. Пахта тугагач, ўзимнинг бўлимимда ўқиб юрсам, домламиз, бу гуруҳга ўтасан, деган. Суюниб, хор-дирижёрликка ўтиб ўқий бошлаганман.

Тайёрлов курсида ўқиб юрган пайтимда, Шокиров биринчи курс эди. Пахтазорларда қўшиқ айтиб юриб, танишиб қолганмиз. Қўшиқлар куйлашни яхши кўрадиган, далада ўсган қиз эдим. Шокиров фаол, ташкилотчи талаба эди, институтимиз қошида “Нилуфар” ансамблини очганди. Мени шу ансамблига таклиф қилган. Ансамбль жуда машҳур бўлган ўз даврида. Ҳали мен биринчи курс бўлмай туриб, бастакор Шокировга ёқиб қолганман. Биз бахтли талаба бўлганмиз, жуда фаол бўлганмиз.

– Дилором Соипова Ўшга келин бўлиб тушмаганида балким бугун Ўзбекистон Халқ артисти бўлармиди? Юлдузли кунларни ташлаб, Ўшга келиб қолганингиздан афсусланмайсизми?

– Нега афсусланишим керак. Ҳозиргина айтдимку, ҳали тайёрлов курсида ўқишни бошламай туриб, Шокировни учратганман. Машҳур бўлган бўлсам, фақат Шокировнинг ёзган қўшиқлари орқали бўлганман. Қирғизистонда ҳам кам бўлмадик, Алҳамдулиллаҳ! Тақдиримдан розиман.

– Илоҳим қўша қаринглар, халқимизга янги қўшиқлар тақдим этишда чарчаманглар.

Шокиров-Соипова ижодий тандемининг фаолияти билан яқиндан таниш бўлган одамлар сифатида қуйидагиларни қўшимча қилмоқчимиз.

Коронавирус пандемияси туфайли барча муассасалар каби театр ҳам онлайн ишлай бошлагач, Маъмуржон ака Шокиров кеча-кундуз ишлади. Ҳамма ижодкор ходимлар қўл телефонига тортилган ҳом ашё, яъни видео қўшиқларини жўнатади. Шокиров уларни уйида, “ДДД продакшн” студиясидан қолган компьютерларда ухламай монтаж қилади.

Ўша кунлари тошкентлик болалар шоираси Муаззам Иброҳимованинг “Болажоним” шеъри оилавий тандем томонидан қўшиқ қилиб куйланди. Ғалаба кунига атаб биргаликда “День победи” қўшиғини айтишди, Мунавара Усмонованинг “Олисдаги яқинларим” шеърини куйга солиб, ижро этдилар.

Жамоадаги ҳамкасбларининг ижодларини ҳам тўхтовсиз монтаж қилиб, биргаликда интернет саҳифаларига жойлаб туришди. Бу каби фидокорона хизматларини театр маъмурияти Фахрий ёрлиқ ва пул мукофоти билан тақдирлади.

Дилором Соипова ва унинг турмуш ўртоғи, кўп қиррали санъаткор Маъмуржон Шокиров жамоада барчага ўрнак бўладиган хулқ атворлари, проффессионал ижролари билан алоҳида ҳурматга сазовор бўлган инсонлар.

БИЗНИНГ ДОСЬЕ:

Дилором Соипова 1957 йил 2 декабрда Тошкент вилоятининг Бекобод туманида таваллуд топган. Тошкент Давлат маданият олийгоҳини битирган. Меҳнат фаолиятини Ўшдаги С.М.Киров (ҳозирги Бобур) театрида бошлаган. Бир йил Қўрғонтепа тумани маданият уйида ишлади. 1981 йили Нуриддин Ҳамроқулов таклифи билан Андижон давлат филармониясига бориб, 1986 йилгача ишлаган.

Таниқли ҳофиз билан биргаликда ўлмас қўшиқлар яратилган. Ҳофиз куйлаётганда аёл овозининг жўр бўлишидек янгиликни санъатга Маъмуржон Шокиров киритган. Соипованинг ширали овози Ҳамроқуловнинг қўшиқларига ўзгача зеб берган.

1986 йилдан тортиб Бобур номли Ўш Давлат Академик ўзбек мусиқали драма театрида драма артисти сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Театр саҳнасида Т. Низомнинг «Чўлпон» спектаклида Фозила, Зулфиянинг «Семурғ» асарида – Ҳонзодабегим, Ўлмас Умарбековнинг «Ер ёнганда» асарида – Хонпошша, «Қудратли тўлқин» (Шароф Рашидов) спектаклида – Надя, «Олтин кўза» (Эркин Бойназаров) асарида – Илон, Токтоболот Абдумомуновнинг «Эрингни бериб тур» асарида – Зайнаб ва бошқа кўплаб ажойиб образларни яратган.

Москва шаҳрида ўтказилган Бутуниттифоқ фольклор ансамбллар фестивалининг «Куйланг, ёш хонандалар» танловининг (1981) мутлоқ ғолиби бўлган. Бир қатор Фахрий ёрлиқ ва мукофотлар билан тақдирланган. 2004 йили «Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвонига сазовор бўлди.

Дилором Соипованинг ижросидаги ашулалар Ўрта Осиё қўшиқ шинавандалари орасида ҳамон севиб тингланади.

Барно Исоқова ва Умида Аҳмад суҳбатлашди.

Расмлар Дилором Соипованинг оилавий архивидан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг