Ё, алҳазар! Наманганда ноёб Қуръони Карим мусҳафини ўғирлаб кетишди

Салкам юз эллик йиллик тарихга эга мусҳаф бир вақтлар Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида сақланар эди.

Бу ҳақда хабар берган Kun.uz сайтининг эътироф этишича, XIX аср охирида ёзиб тугатилган мазкур Қуръони Карим мусҳафи Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳида сақланаётганди. Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси раҳбари Муҳаммаджон Қодировнинг Kun.uz мухбирига айтишича, ноёб мусҳаф маданий мерос агентлиги ихтиёрида бўлса-да, уни сақлаш ва авайлаб асраш Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи дирекцияси зиммасига юклатилган эди.

Тўлалигича ипак матодан тайёрланиб, 1874 йилда ёзиб тугатилган Қуръони Каримнинг ушбу қўлёзма нусхаси ҳажми жиҳатдан Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг китоблар хазинасида сақланаётган, куфий хатида кўчирилган Қуръони Усмоний нусхасидан кейин иккинчи ўринда туради. Узунлиги 74 см, эни 51 см, қалинлиги 12 см, умумий оғирлиги 21,5 килограммни ташкил этадиган мазкур қўлёзманинг ҳар бир саҳифасида 13 қатордан оятлар битилган.

Қўлёзманинг Мавлоно Хожа Лутфуллоҳ Чустий хонақоҳи ва мозорига дахлдор ҳисобланишини эътироф этган нашр унинг 1995 йилгача Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида, Тошкентда имомлик қилган ва яшаган Эшонхон Оқилов хонадонида сақланганини ҳам аниқлаган. 1995 йилда китобни наманганлик Камолхон Муҳиддинов ўз юртига олиб келган. Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи таъмирлангандан сўнг 2019 йили қўлёзма ўша ерга олиб чиқиб қўйилган эди.

Бу ҳолат юзасидан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълумот берилган. Аммо, нашрнинг қайд қилишича, “хозирча масъуллар вазиятни ўрганишга шошилишмаяпти”.

Оқбура, Бишкек.

Расм muslim.uz сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг