Наманганда “Манас ўғли Семетей” қувонч билан кутиб олинди

Қирғиз ва ўзбек дўстлиги театр саҳнасида ўзини ёрқин намоён қилишда давом этмоқда.

Наманган вилоят мусиқали драма театрида қирғиз халқ эпоси, «Манас ўғли Семетей» спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Саҳналаштирувчи режиссёр, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби Набижон Мамажонов Ўшга қайтиб келгач, биз билан суҳбатда ўз таассуротларини ўртоқлашди.

Набижон Мамажонов спектаклни саҳнага олиб чиқишда саҳналаштирувчи рассом, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби Бақит Телекматов билан ҳамкорлик қилган.

“Манас ўғли Семетей” қирғиз халқининг “Манас”, “Семетей” ва “Сейтек” трилогиясининг иккинчи қисми асосида яратилган. Асар муаллифи, Қирғизистон халқ ёзувчиси Жалил Садиқовнинг драматик воқеаларга бой асарида жоҳил кимсалар қирғиз халқининг қаҳрамони, Манаснинг ўғли Семетейни гўдаклик чоғидаёқ ўлдириб юборишга ҳаракат қиладилар. Яхши инсонлар ҳам борки, ёмонликка қарши туриб Семетейни эҳтиёт қилиб, вояга етказадилар. Ҳар доимгидек эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозонади.

Қирғизистонлик режиссёр Набижон Мамажоновнинг иши Ўзбекистонда зўр олқишларга сазовор бўлди

“Ушбу асар Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон Республикаларининг дўстлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда қардош халқларимиз маданиятларини, тарихини кенг оммага тарғиб қилишга қаратилган”, – дейди биз билан суҳбатда Набижон Мамажонов.

Бундан тўрт йил олдин Наманганда Ўшдаги ўзбек театри ижодий жамоаси томонидан “Ойкўл Манас” спектакли намойиш этилган эди.

“Томошабинлар томонидан жуда илиқ кутиб олинган спектаклнинг давоми борлигини, яъни, Манаснинг ўғли ҳақида ҳам таниқли қирғиз халқ ёзувчиси Жалил Садиқов томонидан яхшигина асар яратилганини айтган эдик. Наманган театрининг ўша вақтдаги директори Озодахон Усмонова бизнинг театримиз ижодкорларига шу иккинчи спектаклни ўзингиз қўйиб берасиз, деган эди. Мен рози бўлгандим”, – деди Набижон Мамажонов.

Орадан вақт ўтиб, икки давлат маданият вазирларининг келишуви асосида бу асар энди ўзбекистонлик санъаткорлар томонидан томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Режисёрнинг айтишича, янги спектакл театр жамоаси билан биргаликда 45 кунда саҳнага олиб чиқилган. Тошкентдан келган махсус бадиий-эксперт комиссияси аъзолари асарнинг муваффақиятли чиқиши билан Наманган вилояти театри жамоасини табриклаб кетишди.

Саҳналаштирувчи рассом Бақит Тилекматов саҳна кўринишларига чинакам миллий руҳ бера олди

Бу спектаклни режиссёр қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик байроғи сифатида баҳолайди.

“Аллоҳ Жалил оғамизнинг охиратини обод қилсин, жуда чиройли асар ёза олган. Буни мен қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстликка, эзгуликка, ҳамкорликка чақирувчи асар деб биламан. Дўстлигимиз абадий бўлсин”, деди режиссёр суҳбат якунида.

Махсус бадиий-эксперт комиссияси актёрлар ишига юқори баҳо берди

Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали драма театрининг адабий бўлим бошлиғи Раъно Маҳмудованинг айтишича, бу спектакль 2013-2014 йиллари Ўшда ҳам қўйилган. Театримиз ижодкорлари ўйнаган бу тарихий спектакль театр репертуаридан муносиб ўрин эгаллаб, икки йил давомида қирғизистонлик томошабинларга намойиш этилган. Режиссёр Набижон ака Семетейдан кейин, “Ойкўл Манас” спектаклини ҳам саҳналаштириб, 2016 йили республика миқёсида ўтказилган танловда мутлоқ ғолиб бўлган ва театри жамоаси танловнинг Гран При мукофотини қўлга киритган. Набижон Мамажоновга энг яхши режиссёрлик иши учун пул мукофоти берилган.

“Кейин Ўзбекистон билан чегаралар очилгач, “Манас” спектакли Андижон, Фарғона ва Наманган театрларида қўйилган ва спектакль ҳаммага бирдек манзур бўлган”, дейди Раъно Махмудова. – Икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар ўрнатиш йўлида Набижон аканинг шу каби хизматлари кўп”.

Қирғиз элечеклари ўзбек аёлларига ҳам бирдай ярашаркан

Наманган вилояти театрининг директор вазифасини вақтинча ўтовчи Хайрулло Солиев айни дамда театрнинг бош режиссёри ҳамдир. У премьераси муваффақиятли ўтган спектакль билан энди Қирғизистон жанубига гастролга бориш режаси борлигини билдирди. Ўз навбатида Ўш театри бадиий раҳбари Равшанбек Турсунов ҳам театр биносининг реконструкция ишлари якунланиб, 105-мавсум очилгач, албатта Наманган театрининг ижодий жамоасини айнан мана шу спектакль билан кутиб олишини айтди.

“Икки театр ҳамкорлиги замирида икки қардош халқнинг асрий дўстлиги мужассам. Яқиндагина биз “Қўрқут” асари билан Наманган театрига бордик, томошабинлар эътиборига қирғиз қомузининг яратилиш тарихига бир назар сифатида намойиш этилган “Қўрқут”ни наманганлик томошабинлар илиқ кутиб олишди. Набижоннинг 45 йиллик театрдаги фаолиятида жуда кўп яхши асарлар юзага келган ва бундан кейин ҳам дўстимиз, ҳамкасбимиздан яна янги асарлар кутамиз”, – деган фикрини билдирди Турсунов.

Премьерадан сўнг Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида жойлашган театрлардан бир қатор таклифлар тушганини режиссёр Набижон Мамажонов мамнуният билан билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ижодий ҳамкорлик театрлараро дўстликдан ташқари, санъаткорлар учун малака ошириш ва тажриба алмашиш учун ҳам яхши имкониятдир.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг