Ўш шаҳрида фақат ўзбекларга тегишли кафеларгина “текшир-текшир” бўляптими?

Қирғизистон жанубида аҳвол шундайки, нимайки муаммо бўлса, миллий масалага тақалади.

Ушбу мақолани ёзишга охирги пайтда ижтимоий тармоқларда айрим миллатдошларимизнинг ишхоналардаги текширишлардан норози бўлиб, шикоят қила бошлаганлари сабаб бўлди. Гап асосан умумий овқатланиш тармоқлари ҳақида. Яъни, Ўшда ўзбекларга тегишли бўлган кафеларда “текшир-текширлар” кўпайиб кетгани ҳақида. Бу гаплар айниқса, Ўш шаҳрида жойлашган, яқиндагина жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган “Манас ота” кафесидаги можародан кейин кучайди.

Биз бу гапларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билиш мақсадида вазиятни таҳлил қилиб кўрдик.

Гап истеъмолчилар ҳуқуқи ҳақида

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, дарҳақиқат, фақат Ўшдагина эмас, умуман республикада ҳам умумий овқатланиш жойларида назорат кучайтирилган. Сабаби, ошхона ва кафелардаги, тўйхоналардаги санитар-эпидемиологик аҳвол ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишнинг ночорлиги туфайли уларда заҳарланиш ёки ёнғин чиқиши ҳолатлари кўпайган.

Касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати департаменти матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг 31-июли куни Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги кафелардан бирида  оммавий заҳарланиш қайд этилди. Жабр тортганлар сони 100дан ошиб, улардан 16 нафари касалхонага ётқизилган. Жабрланганларнинг ҳаммаси 30-июл куни “Алмаз” кафесидаги тўйда иштирок этишгани маълум. Воқеадан кейин кафенинг ўзи ва унинг ходимлари тўла текширувдан ўтказилган. Кафе фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Бундан сал аввалроқ Жалолобод вилоятида ҳам шундай оммавий заҳарланиш қайд этилган эди. Яна ҳам аввалроқ Сулукта шаҳридаги кафеда қиз узатиш маросимида 32 киши заҳарланган. Шу йилнинг 20-июнида эса Ўшда Қурманжқн датқа кўчасидаги “Дамақ” умумий овқатланиш муассасасида ёнғин содир бўлди. Ёнғинни тўртта ўт ўчириш бригадаси зўрға ўчиришга муваффақ бўлишди. Кўп ўтмай ана шундай ёнғин Бишкекдаги савдо марказларидан бирида жойлашган кафеда қайд этилди.

Кафелардаги санитар-гигиена қоидаларига амал қилмаслик масаласи Ўшдаги “Манас ота” кафесидаги можародан кейин яна долзарб масалалар қаторидан ўрин олди. Кўпчиликка маълумки, “Не сахар” кўрсатуви блогери билан кафенинг маъмури ўртасида тортишув юз бериб, бу ижтимоий тармоқларда  қизғин бахсларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларнинг қўлланувчилари кафе эгаси ва ходимларининг ўзбек миллатига мансуб эканига эътибор қаратишди. Буни бир тарафдагилар “ҳаддидан ошиш”, деб даъво қилса, иккинчи томон миллий асосда камситиш деб баҳолади. Бунга кўпроқ интернетдаги ўзбекларга қарши ёзилган постлар ҳам сабаб бўлди.

Кафе раҳбари Бахтиёр Ғуломовнинг жамоатчиликдан узр сўрашига қарамай, оддий тортишув миллий низога, миллий тортишувларга айланиб кетишига оз қолди.

Бу воқеалар юзасидан Ўш шаҳар ҳокими Алмаз Мамбетов тегишли хизматларга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, санитария-эпидемиология назорати ташкилотларига зарур кўрсатмалар берди. Тез орада кафенинг ноқонуний қурилганидан тортиб, ходимларининг бейжиксиз юришигача бўлган камчиликлар рўйхати барпо бўлди.

Албатта, бундай ҳолатлар қайталанмаслиги учун ёнғин хавфсизлиги, санитария-эпидемиология назорати хизматлари, архитектура ва қурилиш назорати доимо фаол иш олиб боришлари керак. Лекин номи аталган кафедаги мавжуд камчиликлар ушбу хизматлар эмас, оддий бир блогернинг аралашувидан кейин ошкор бўлган.

Шу сабаб ҳам кўпчиликда ҳақли савол туғилди: “Умумий овқатланиш муассасаларидаги тозаликни назорат қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш блогер, журналистларнинг фаолият доирасига кирадими ёки бу – санитария-эпидимиология назорат ташкилотининг ишими?!”

Айримлар, “Бошқа кафе, ресторанлар эгалари ва эгасининг миллати ким бўлишидан қаттий назар бирдай текшириладими?!” – деган саволни кўндаланг қўйган. Бу воқеа бўйича ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари “блогерга ҳам одамларнинг миллий туйғуларини қўзғайдиган ҳаракатлардан сақланиш лозимлиги ҳақида расмий огоҳлантириш берилиши керак эди”, деган фикрни айтишди.  

Айниқса, журналист ва блогерлар Ўшда баъзи муаммоли мавзуларни ёритишда эҳтиёткор ва холис бўлишлари шарт, чунки ўшликлар миллий низолар туфайли оғир кунларни бошидан ўтказган, яна ўшандай кунлар қайтарилишини ҳеч ким хоҳламайди.

Ташвишланишга ўрин йўқ

“Фақат ўзбекларга тегишли кафеларгина текшириляпти”, деган гапнинг бор-йўқлигини билиш учун биз Ўш шаҳридаги ўзбек миллатига мансуб ишбилармонлар эгалик қилган кафеларнинг иккитасига мурожаат қилдик. Ҳар икки ҳолатда ҳам кафе эгалари бу гапларни инкор қилишди. Шу билан бирга ўз номини ошкор этишни истамаган ишбилармонлардан бирининг айтишича, текширувлар қонун доирасида йилига икки марта ёки кафе устидан ариза келиб тушган ҳолатлардагина текширилади.

Текширишларда кимнинг миллати қанақа экани рол ўйнамайди. Шундай бўлсада, одатга кўра кафе эгалари текширув органлар ходимлари билан “муомала” тузишади. Бу текширишлар пайтида айрим камчиликларга кўз юмиш, ёки енгилроқ чора қўллашга асос бўлади. 

Очиқ манбалардаги расмий маълумотларга кўра, июл ойида Ўш шаҳар санитария-эпидемиология муассасаси томонидан умумий овқатланиш обьектлари фаолиятини режали ва қўшимча текширишлар ўтказила бошлади. Текширишларнинг бир ойи давомида 6 та умумий овқатланиш обьектларида антисанитария ҳолатлари аниқланиб, уларнинг иши вақтинчалик тўхтатилди, айбдорларга умумий ҳисобда 120 минг сўм ($1 500 атрофида) жарима солинди.

Айни пайтда ўзбекларга тегишли дейилган 5 та объектда қоидабузарликлар бартараф этилган. Санитария талабларининг бузилиши аниқланган бошқа кафе ва ресторанларга ҳам 5 минг сўмдан 13 минг сўмгача жарима солинди. Қўшимча маълумот сифатида айтиш мумкинки, ўтган йили Қирғизистонда умумий овқатланиш шохобчаларини текшириш натижасига кўра 161 овқатланиш жойи эгаларига 570 минг сўмлик ($6 800 атрофида) жарима солинган.

Шуни унутмаслик керакки, касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати ташкилотининг зиммасида фақат умумий овқатланиш объектларигина эмас, балки бозор, савдо марказлари, жамоат транспорти воситалари салонларининг тозалиги, мактаб, мактабгача таълим муассасаларининг назорати ҳам бор. Лекин шунчаки кўз ташлаганда, бу муассасанинг ана шу жойлардаги фаолияти деярли сезилмайди.

Ўрни келганда айтилган гап

Ҳеч бир миллат ошхонасини камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, Қирғизистон жанубида асосан уйғур, ўзбек, тунгони халқларининг, мамлакат шимолида эса буларга қўшимча турк, хитой ва айрим Европа халқлари таомлари машҳур бўлиб, барча миллат вакиллари бу ошхоналар таомларини севиб танаввул қилишади.

Бу нарса ҳозир дунё миқёсида ҳам кузатилмоқдаки, ўзбек таомлари бу жараёнда ўзгача ўрин тутади. Мисол учун айтсак, 2020 йилда Америкада ўзбек йигити Шейн Шомансуров  очган “Osh Restaurant & Grill” ўзбек миллий таомлари ресторани (Теннесси штати пойтахти Нашвилл шаҳрида) Yelp халқаро тавсия хизмати маълумотига кўра, 2022 йилда Американинг энг яхши ресторанларнинг ўнлигига кирган. Мижозлар учун энг севимли таомлар: палов, сомса, манти ва қўзичоқ гўшти. Ресторатор Шомансуровнинг сўзларига кўра “умрида ўзбек таомларини тотиб кўрмаган 90 фоиз меҳмонлар биринчи ташрифиданоқ рестораннинг доимий мижозига айланадилар”.

“Яна меҳмонларимизга қизиқарли бўлган нарса – ўзбек пахта гулли чойнак-пиёлаларида чой ичишлари”, – дейди уста ошпаз.

Қизиғи, Шомансуров ресторан очишга коронавирус пандемияси туфайли 2020 йил бутун дунё бўйлаб мураккаб вазият юзага келган пайтда қарор қилган ва қарори ўринли эканлигини вақт кўрсатди. Хўш, шундай мутахассисларимиз, тадбиркорларимиз ана шундай ресторанларни Қирғизистонда очиб, ўз юртимизга манфаат келтирса, ўз элимизга хизмат қилса яхши эмасмиди?

Тадбиркорларнинг чет элларга бориб, бизнес қилаётганига қисман ўринли ёки ноўрин текширувлар ҳам сабаб бўлмаяптими? Ўша текширув ва “бер-берлар” уларни бездириб ота юртидан кетишига мажбур бўлмаяптими? Бу нарса айниқса, 2010 йилдан кейин жуда авж олган эди.

Биз суҳбатдош бўлган юртдошларимиз – Ўш шаҳридаги 22-мактабнинг қирғиз миллатига мансуб ўқитувчилари Наргиза Заитова ва Мадина Сатаровалар “ўзбек ошпазлари ишлайдиган кафеларнинг овқатлари ширин бўлишини ва шу сабаб ўша кафеларга боришни ёқтиришларини” айтишди. Бу гапни бошқа турли миллатга мансуб бўлган кўплаган мижозлардан, жумладан, чет эллик меҳмонлардан ҳам эшитиш мумкин.

Сир эмаски, мамлакатимиз жанубидаги шаҳарларда (охирги пайтларда пойтахт Бишкекда ҳам уларнинг сони ортиб бормоқда) умумий овқатланиш шахобчаларини асосан ўзбек миллати вакиллари юргизади. Албатта, агар ўша “текшир-текширлар”нинг сабаби шу ҳолат бўлаётган бўлса (бундай дейишга бизда етарли далил йўқ), бу ўринда қирғиз халқининг улуғ ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг Марказий Осиёнинг энг кўп сонли миллати бўлган ўзбеклар ҳақидаги сўзлари эсга келади.

“Қадим-қадимдан ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадимги Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ва совет даврида ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган.., – деган эди Чингиз Айтматов. – Биз Туркистон тоғлари ва кенг чўлларида бирга яшаймиз. Болаликдан қадим тарих ва маданиятга эга бўлган ўзбек халқига ҳурмат руҳида тарбияланганмиз. Ўзбек халқи ўзининг гўзал миллий хусусиятлари билан ҳеч қандай шак-шубҳасиз барча тан олган шундай ҳурматга лойиқ”.

Ўз навбатида ўзбек халқи, турли йиллардаги Ўзбекистон раҳбарияти ҳам буюк ёзувчига, умуман қирғиз халқи маданиятига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлиб келган. Бу нарсанинг бугунги кунда яққол намоён бўлаётганига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди. Ўзбекистонда Чингиз Айтматовнинг китоблари том-томлаб босилиб келаётган бўлса, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг қирғиз ҳалқига бўлган ҳурматини сўз билан ҳам, амалда ҳам доимий равишда намоён қилиб келмоқда.

Бугун икки давлат ўртасидаги алоқалар ҳар томонлама ривожланиб, мисли кўрилмаган ижобий натижаларни бермоқда. Шундай экан, ўзаро муносабатларда ҳам, мамлакат ичидаги давлат-фуқаро ва амалдор-ишбилармон муносабатларида ҳам тенглик, ўзаро ҳурмат тамойилларига амал қилиш ҳар биримизнинг, ҳар бир миллат вакилининг бурчи, вазифаси бўлиб турибди.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг